Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:15

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси соқолга қарши рейдларни қоралади


АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм ички ишлар ходимлари мусулмон йигитларни соқолини олишга мажбурлаётгани ҳақидаги хабарларни қоралади.

"Полиция одамларни куч билан соқолини олдиряпти. Америка бундай ҳаракатлардан ташвишда", деб айтган элчи 16 май куни Тошкентда ўтган анжуманда.

Eurasianet нашри Дэниел Розенблюмнинг сўзларидан иқтибос келтирган. АҚШ элчисига кўра, мамлакатда диний эркинликлар бузилаётгани сўнгги беш йил давомида амалга оширилган ислоҳотларни чиппакка чиқариши мумкин.

Нашрнинг ёзишича, АҚШ Давлат департаменти 2020 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон ҳукумати «диний эркинликларни қўпол равишда бузмаётгани ёки бунга тоқат қилмаётгани» ҳақида хулоса қилиб, мамлакатни махсус кузатув рўйхатидан чиқаришга қарор қилган эди.

Расмийлар мажбурий соқол олиш кампаниясини бошлагани ҳақидаги даъволар 6 май куни машҳур Instagram фойдаланувчиси Абдураҳмон Абдураҳмонов соқоли олинган суратини интернетга юклаганидан сўнг юзага келди.

Ўтмишда Ўзбекистон ҳукумати аҳоли орасида тақводорлик очиқчасига намоён қилинишга йўл қўймаслик мақсадида бундай кампанияларни ўтказган.

«Sizlardan iltimos, nima boʻldi nima uchun soqolni oldiz, tinchlikmi, muammo bormi degan savollarni bermanglar. Javob berishga qiynalishim mumkin. Lekin koʻrgan, bilgan odamlarning oʻzlari tushunib olishdi degan umiddaman», деб ёзди ўз Instagram саҳифасида 1,3 миллион обуначига эга блогер.

Ўша куни Фэйсбук ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Муҳаммадюсуф Қобилов бирида соқоли ўсган, иккинчисида эса олиб ташланган суратларини улашди.

«Кирганимдаги ва чиққанимдаги расм. Иккови ҳам бугунги сурат 5 соатлик фарқ бор.. 06.05.2022», деб ёзди у суратларни изоҳлар экан.

26 ёшли Қобилов Eurasianet нашрига берган интервьюсида беш ой олдин иш излаб Наманган шаҳридан Тошкентга кўчиб борганини айтди. Қобилов сўзларига кўра, уни кўчада тўхтатиб, гувоҳномасини текширишган ва сўнгра милиция участкасига олиб боришган.

«Полиция бўлимида қўлида соқол олиш машинасини тутган бир йигит бор эди. Мени ҳожатхонага олиб боришди ва у ерда соқолимни олишди. Полициячилар куч ишлатмадилар», - дейди Қобилов.

«Улар фуқаролик кийимида, терроризмга қарши кураш бошқармасидан эди. У ерда 10 га яқин соқолли йигит бор эди ва ҳаммамизнинг соқолимизни бир машинада олишди. Бу санитарияга мутлақо зид эди».

Қобиловнинг сўзларига кўра, унга ёки соқолини олиш ёки 15 кунлик қамоқ жазосини ўташи кераклигини айтишган. Унга қайси қонун бўйича айблов қўйилгани номаълум.

Ички ишлар вазирлиги мажбурий соқол олиш кампанияси бошлангани ҳақидаги хабарлар келтириб чиқарган шикоятларга муносабат билдирди. Вазирлик матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов милиция кўраётган чораларни участкага олиб кетилаётган одамларнинг диний эътиқоди билан боғламаслик кераклигини таъкидлади. Котиб кимда-ким ўз конституциявий ҳуқуқлари бузилганлигини ҳис қилса, шикоят қилиши мумкинлигини айтди.

Мажбуран соқол олдириш сиёсати қайта юзага келгани Ўзбекистон ҳукумати ўта тақводорликнинг очиқ намоён бўлишидан ҳануз хавотирда эканини кўрсатади. Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келиши ортидан Ўзбекистонда назорат юмшатилди ва йигитлар орасида соқол қўйиш, аёллар орасида эса ҳижоб ўраш оммалашди.

Қобилов Eurasianet нашри билан суҳбатда фикри ўзгармаганини ҳамда соқолини қайта ўстиришини айтди.

«Тез орада у яна ўсади ва мен яна соқол қўяман. Бу менинг танловим ва эътиқодим», - дейди у.

XS
SM
MD
LG