Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:53

АҚШ Давлат котиби Помпео президент сайлови ҳақидаги шарҳлари учун кескин танқидга учради


АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Давлат департаментидаги брифинг чоғида - 2 сентябрь, 2020
АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Давлат департаментидаги брифинг чоғида - 2 сентябрь, 2020

АҚШ Давлат котиби мамлакатнинг энг юқори лавозимли дипломати бўлиб, ундан демократик қадриятларни қўллаб-қувватлаш кутилади.

Шу сабабдан Майк Помпеонинг собиқ президент Жо Байден АҚШ президент сайловида ғолиб чиққанига шубҳа билдиргани хавотир ва ғазабга сабаб бўлди.

10 ноябрь куни журналистлар олдида сўзлаган Помпеога Давлат департаменти миллий хавфсизликни таъминлаш йўлида ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш учун Байден билан ҳамкорлик қилаётгани ёки йўқлиги ҳақида савол берилди.

Ушбу саволга жавобан Помпео «иккинчи Трамп маъмуриятига ўтишни кутаётганини» айтди.

Президент Дональд Трамп шу йил 3 ноябрда бўлиб ўтган сайлов натижаларини тан олишдан бош тортмоқда.

Америкаликлар Байден ғалабасини нишонлаш учун Таймс майдонига йиғилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:02 0:00

Трамп кампанияси ҳеч бир исбот-далилсиз сайлов натижалари сохталаштирилганини иддао қилиб, бир неча штатда судга мурожаат қилди.

Помпео Трампнинг далил-исботсиз сайлов натижалари сохталаштирилганини иддао қилаётгани Америка бошқа мамлакатлардаги сайловлар ҳақида фикр билдиришига салбий таъсир кўрсатиши ҳақидаги қарашларни «аҳмоқона» дея таърифлади. Шу билан бирга, у Трамп сайловда ғолиб чиққан бўлиши мумкинлиги ҳақидаги иддаосини такрорлади.

Помпео АҚШнинг консерватив радио бошловчиси Тони Перкинсга берган интервьюсида:

«Бизнинг душманларимиз тайёр эканлигимизни билишлари керак. Биз ишлашда давом этяпмиз, январь ойигача, охиригача ишлаймиз. 20 январь куни бизда ўтиш бўлади – Трамп маъмуриятига, бугун айтганимдек, иккинчи Трамп маъмуриятига бўладими, собиқ вице-президент Байден бошчилигидаги маъмуриятга бўладими», - деди.

Помпео ўша куни Fox News телеканалига берган интервьюсида Байден жамоасини хориж етакчилари билан мулоқот қилмаслик ҳақида огоҳлантирди. Хусусан, дипломат алоҳида шахсларга АҚШ номидан хорижий сиёсат олиб боришни ман этувчи Логан қонунига тўхталиб ўтди.

Трамп маъмурияти сайлов натижаларини тан олишдан бош тортаётгани учун хорижий давлатлар Байденни одатдагидек Давлат департаменти орқали эмас, балки бошқа каналлар орқали қутламоқда.

АҚШ Вакиллар палатаси аъзоси Марк Такано Помпео шарҳларидан ҳайратга тушди.

«Давлат котиби Помпеонинг вазифаси чет элдаги авторитар хатти-ҳаракатларга эътибор қаратишдир. Аммо унинг бугунги шарҳлари бизнинг демократик жараёнимизни мазах қилди», деб ёзди Такано Twitterда.

Байден сайлов натижалари сохталаштирилганини кўрсатувчи далил йўқлигини айтиб, Помпео иддаоларини рад этди. У шунингдек, Трамп мағлубиятни тан олмаётгани «шармандалик» эканлигини таъкидлади.

Вакиллар палатаси Ташқи ишлар қўмитаси раиси Элиот Энгель баённома эълон қилиб, Помпео «сайловларнинг қонунийлигига қарши асоссиз ва хавфли ҳужумлар билан ўйнашмаслиги кераклигини» айтди.

Хорижий алоқалар кенгаши президенти Ричард Хаас эса, Помпео шарҳлари ҳазиллашадиган нарса эмаслигини айтди.

Хаас Twitterда «Бошқа бир шароитда, бошқа дунёда, бошқа бир пайтда @SecPompeoнинг иккинчи Трамп маъмуриятига ўтиш ҳақидаги изоҳи кулгили бўлиши мумкин эди. Аммо ушбу контекстда, бу дунёда, ҳозирги вақтда эмас. Бизнинг демократиямиз ва мавқеимиз катта таҳдид остида», деб ёзди.

XS
SM
MD
LG