Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:49

АҚШ ва “Ал Қоида”. 20 йил ўтиб Вашингтон яна хавотирга туша бошладими?


 2001 йил 11 сентябрда Нью-Йорк шаҳридаги Жаҳон савдо маркази биноси вайрон қилинган эди.
2001 йил 11 сентябрда Нью-Йорк шаҳридаги Жаҳон савдо маркази биноси вайрон қилинган эди.

АҚШ Афғонистонда “Ал Қоида”га зарба берганидан сўнг орадан йигирма йил ўтиб, Вашингтоннинг ушбу мамлакатдаги уруши, эҳтимол, якунлангандир, аммо глобал террорчилик тармоғи Афғонистондаги бошпанасини тиклаб олишга қодир кўринади. Ва бу борада “Ал Қоидага”, иқтидорга қайтган Толибон тимсолидаги иттифоқчиси кўмаклашмоқда.

2001 йил 7 октябрь куни Қўшма Штатлар уч минг нафарга яқин одам нобуд бўлган 11 сентябрдаги террорчилик ҳужумлари учун “Ал Қоида”га қарши бошланган ҳарбий кампания доирасида Толибон бошқарувидаги Афғонистонни бомбалашга киришган эди.

Орадан йигирма йил ўтди, Вашингтон Афғонистондаги урушини тугатганига ҳам қарийб икки ой бўлди: “Ал Қоида” эса, гарчи енгилган бўлса-да, буткул тор-мор қилинган эмас.

Иттифоқчиси – толиблар ҳокимият тепасига узил-кесил қайтганидан сўнг глобал террорчилик тармоғи Афғонистондаги бошпанасини тез тиклаб олиши мумкин. Бироқ, айрим фикрларга кўра, “Ал Қоида” ўз глобал жиҳодчилик ғояларини кенгроқ ёйишда янги ёндашувларни ўйлаб топмоқда.

– “Ал Қоида” адабиётларида 11 сентябрдаги террорчилик хуружлари АҚШни Афғонистонда жиҳодчилар билан узоқ давом этадиган урушга тортиш ва ўша ерда уни мағлубиятга учратиш мақсадида режалангани ҳақида гап боради, – дейди Жанубий Осиёдаги радикал исломчи гуруҳлар фаолияти бўйича тадқиқотчи Абдул Сайид.

Унинг айтишича, айни стратегия нуқтаи назаридан қараганда Толибон, “Ал Қоида” ва бошқа жиҳодчилар АҚШнинг Афғонистонни тарк этишини дунёдаги энг қудратли давлат устидан қозонилган ғалаба ўлароқ нишонлагани сабабини англаш осон.

Сайидга кўра, триллионлаб доллар сарфлаб узоқ йиллар уруш олиб борганига қарамай Вашингтон асосий мақсадига эриша олмаган.

– Америка йигирма йил давомида Афғонистонда “Ал Қоида”га қарши жанг қилди, аммо бу гуруҳга барҳам берилгани йўқ ва мамлакат ҳамон унга бошпана бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди эксперт Озодлик радиоси билан мулоқотда.

2001 йил 11сентябр: Дунёни ўзгартирган кун
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:25 0:00

Эндиликда АҚШ хавфсизлик хизматларининг раҳбарлари “Ал Қоида” Афғонистондаги базасини қисқа вақт ичида тиклаб олиб, яқин бир-уч йил ичида АҚШ ҳудудида ҳужумлар уюштиришга қодирлигини айтиб, огоҳлантиришмоқда.

– Илгари ҳам кузатилгани каби, “Ал Қоида” у ерда қайтадан хавфсиз бошпана яратиш имконига эга бўлганидан ташвишдамиз, – деган эди Федерал тергов бюроси бошлиғи Кристофер Рэй Конгресснинг ўтган ой охирларидаги йиғилишида.

Лекин Толибон Афғонистоннинг яна бир карра минтақавий ёки глобал хавфсизликка таҳдид бўлишига йўл қўймаслигини бот-бот таъкидламоқда.

– Афғонистондан бирон бир мамлакатга хавф солинмаслигини қатъий назорат қиламиз, – дея баёнот берди яқинда Толибон расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид.

Бироқ экспертлар Толибон баёнотлари ҳануз шубҳа билан қарашади. Европа Иттифоқи ва БМТнинг Афғонистондаги собиқ маслаҳатчиси Майкл Семпл Доҳада АҚШ билан имзоланган битимга мувофиқ “Ал Қоида”нинг Афғонистондан база сифатида фойдаланишига йўл қўймасликка ваъда берганидан кейин Толибон хорижий жангари иттифоқчиларини кўздан пана қилиш билан чекланганини айтади.

Толибон жангарилари ҳокимиятда бўлган 1990-йилларда Афғонистонда ишлаган Семплга кўра, толиблар ўз раҳнамоларининг жамоатчилик олдида берган ваъдаларига терс ҳаракат қилишаётгани уни ажаблантирмайди.

Ваъда қилинган коалицион ва мўътадил бошқарув шакли ўрнига нуқул Толибон олий раҳбарларидан ҳукумат таркиби тузилди. 90-йилларда қудратда бўлган режимнинг қаттиққўллик сиёсати тикланди.

Семпл фикрича, Толибоннинг Доҳа битими бўйича ўз аксилтеррористик мажбуриятларини бажариши амри маҳол. Ўшанда Толибон “Ал Қоида”нинг Афғонистондан ташқарида ҳаракат қилишига йўл қўймасликка ваъда берган эди.

– Толибоннинг тижорат идораси Афғонистонни бошқариш идорасидан фарқ қилади. Биринчи тузилма қути сиртини чиройли суратлар билан безатади, иккинчиси эса бу қути ичига нима солинишига масъул, аммо бу икки идоранинг фаолияти аслида ўзаро сира мутаносиб эмас, – дейди Семпл Озодлик радиосига берган интервьюсида.

АҚШнинг Афғонистондаги мероси ҳақида мутахассислар нима дейди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:14 0:00

Айни пайтда Белфастдаги Қироллик университети профессори бўлмиш Семпл янги ҳукуматда Толибоннинг ҳарбий қаноти саналувчи “Ҳаққоний тармоғи”нинг устунлиги “Ал Қоида” Афғонистонда қайтадан ўзига бошпана тиклаб олишда муаммога дуч келмаслигидан дарак беради.

– Агар сиз кўздан панада бўлишлари ва маҳаллий ҳукумат билан муаммо чиқмаслиги учун ўз етакчилари ва энг муҳим жангарилари хавфсизлигини таъминлаш масаласида тил топишишга уринаётган “Ал Қоида” аъзоси бўлсангизу энг катта ҳомийларингиздан бири ички ишлар вазирлигига раҳбар этиб тайинланса, сиз бундан ортиғини орзу қила олармидингиз? – дейди Семпл, “Ҳаққоний тармоғи” раҳбари Сирожиддин Ҳаққоний Афғонистон ҳукуматида ички ишлар вазири лавозимини эгаллаганига шама қилиб.

Вашингтон Ҳаққонийни халқаро террорчи деб эълон қилиб, уни қўлга туширишга имкон берувчи маълумот учун 10 миллион доллар мукофот белгилаган. Ҳаққоний ҳукумат лавозимига ўтирган кундан бери Толибон расмийлари унинг суратини эълон қилишмаяпти. Озодликнинг Кобулдаги кўплаб манбалари маълум қилишича, у, Вашингтон уни масофадан бошқарилувчи дронлар ёрдамида таъқиб этишидан қўрқиб, тез-тез маконини ўзгартиради ва бир жойдан бошқа ерга кўчишини қаттиқ сир тутади.

Бироқ, Семплнинг сўзларига кўра, энди шаклланаётган базалари ёки ўзларига бошпана берган Толибон эътиборга тушмаслиги учун лоақал ҳозирча Афғонистондан туриб бошқа мамлакатларга ҳужумлар ташкил этишдан тийилиб туриш зарурлигига “Ал Қоида” раҳбарларининг фаросати етади.

Шу боис улар муқобил моделга – мусулмон дунёсининг бошқа бўлгаларида ғарбпараст ҳукуматларга қарши урушаётган жанговар исломчи ташкилотларни руҳлантириш, қайраш, уларга маслаҳат бериш йўлига ўтишяпти. Бу икки-уч йиллаб ҳозирлик талаб қиладиган иш эмас, бу билан ҳозирданоқ шуғулланишяпти, – урғулайди у.

Толибоннинг ҳокимиятни куч билан босиб олишига қатъиян қарши чиққан қўшни Тожикистон Афғонистоннинг янги ҳукумати чет эллик жангариларни қуроллантираётгани, хусусан тожик фуқароларидан тузилган “Жамоати Ансоруллоҳ” гуруҳини дастаклаётганидан шикоят қилган эди. Мазкур гуруҳ Тожикистонда тақиқланган, унинг мақсади – Тожикистоннинг дунёвий ҳукуматини ағдаришдир.

Бу каби гуруҳларнинг пайдо бўлиши Толибоннинг аксилтеррористик ваъдаларига бадтар путур етказди. Толибон вакиллари, Вашингтон расмийларига кўра террорчи гуруҳларни жиловлашга қаратилган “Уфқ оша кузатув” стратегияси доирасида Америка дронларининг Афғонистон ҳудудида учишига нисбатан аллақачон ўз норозилигини эълон қилган.

– Бизнинг қўшни мамлакатлар билан келишувимиз йўқ. Биз Афғонистонга чегарадош ҳеч бир мамлакатда ўз базамизга эга эмасмиз, – деди яқинда АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари Фрэнк Маккензи, Афғонистонда террорчиларнинг эҳтимолий қайта гуруҳланишини кузатиш учун авиациядан фойдаланишда қийинчиликлар бўлишини Сенат аъзоларига тушунтирар экан.

Семплнинг айтишича, терроризмга қарши кураш муаммолари минтақавий гигантлар – Россия ҳамда Хитойнинг Толибон билан алоқаларида марказий ўринни эгаллайди. Экспертга кўра, икки мамлакат ҳам Толибон раҳбарлигидаги ҳукумат билан муносабатларда анчайин прогрессив ёндашмоқда, аммо Толибон Афғонистондан бўладиган террорчилик таҳдидлари билан боғлиқ хавотирларни тарқата олмаса, уларнинг режалари ўзгариши мумкин.

– Россия билан Хитойнинг Афғонистонда масъулиятли ҳукумат бўлишига эришиш учун кенг қамровли халқаро саъй-ҳаракатларга қўшилишини тасаввур қила оласизми? – дейди Семпл.

XS
SM
MD
LG