Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:56

Associated Press: АҚШ қарийб 20 йил деганда Баграм аэродромини Афғонистонга топширди


Қарийб 20 йил деганда АҚШ ҳарбийлари Баграм аэродромини тарк этди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар бермоқда.

Баграм аэродроми АҚШ Толибонни ағдариш ҳамда 2001 йилнинг 11 сентябрида Америкага қарши террор ҳужумларини амалга оширган “ал-Қоида” жангариларини қўлга олиш учун олиб борган ҳарбий амалиётлар эпицентри бўлиб келаётган эди.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган икки АҚШ расмийси аэродром тўлалигича Афғонистон Миллий хавфсизлик ва мудофаа кучларига топширилганини айтган.

Расмийлардан бири, шунингдек, АҚШнинг Афғонистондаги бош қўмондони генерал Остин Миллер “ҳали ҳам кучларни ҳимоя қилиш учун барча имконият ва ваколатларни ўзида сақлаб қолганини” айтган.

Миллер жума куни Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан учрашди. Президент саройи “Twitter”да Ғани билан Миллер “АҚШнинг Афғонистонга кўрсатаётган доимий ёрдами ва ҳамкорликни, хусусан, мудофаа ва хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлаш масаласини” муҳокама қилгани ҳақида ёзди.

Учрашувнинг бошқа тафсилотлари очиқланмади. Шундай бўлса-да, АҚШ аллақачон Афғонистон миллий хавфсизлик кучларини молиялаштириш учун 2024 йилгача ҳар йили қарийб 4 миллиард доллар тўлашга рози бўлган. Ҳеч ким Миллернинг Ғани билан учрашувини хайрлашув деб атамаган бўлса-да, Баграм аэродроми бўшатилгани фонида учрашув хайрлашув бўлганини хулоса қилиш мумкин.

Бу орада Афғонистоннинг Баграм бўйича туман маъмури Дарвиш Рауфий Америка ҳарбийлари бир кеча-кундузда маҳаллий расмийлар билан келишмасдан олиб чиқиб кетилганини, натижада жума куни эрта тонгда ўнлаб талончи базага тўсиқсиз кирганини айтди.

“Улар тўхтатиб қолинди, баъзилари ҳибсга олинди, қолганлари эса базадан чиқариб юборилди”, деди Рауфий Associated Press агентлигига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, кўп ўтмай Афғонистон Миллий хавфсизлик ва мудофаа кучлари аэродромни назоратга олган ва талончилар қўлга олинган.

“Афсуски, америкаликлар Баграм тумани расмийлари ёки ҳоким билан ҳеч қандай келишувсиз кетишди”, деган Рауфий.

“Ҳозирда Афғонистон хавфсизлик кучлари базанинг ичида ҳам, ташқарисида ҳам назоратни қўлга олган”.

Мудофаа вазирининг матбуот котиби ўринбосари Фавод Омон эрта тонгда содир бўлган талон-тарож ҳақида ҳеч нарса демади. Котиб база топширилганини айтди ва Афғонистон Миллий хавфсизлик ва мудофаа кучлари уни “ҳимоя қилади ва терроризмга қарши курашда фойдаланади”, дейиш билан чекланди.

Толиблар Американинг Баграм аэродромидан чиқиб кетганини мамнуният билан кутиб олишди. Жангари гуруҳ матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳидин “Twitter”да буни “ижобий қадам” деб атади ва “мамлакатнинг барча ҳудудларидан хорижий кучларни олиб чиқиб кетишга” чорлади.

АҚШнинг аввалги маъмурияти Толибон билан Американинг барча қўшинларни Афғонистондан олиб чиқиб кетиш тўғрисида шартнома имзолаган эди.

Баграм аэродроми бўшатилгани АҚШнинг Афғонистонда қолган 2 500 – 3 500 нафар аскарининг сўнгги гуруҳи мамлакатни тарк этгани ёки жўнаб кетиш арафасида эканидан далолат беради.

Президент Жо Байден қўшинлар 11 сентябргача олиб чиқиб кетилишини ваъда қилган эди.

Апрель ойи ўрталарида Вашингтон Американинг “абадий уруши” тугатилишини маълум қилган эди. Бундан кўп ўтмай, АҚШ аскарлари ва 7000 га яқин НАТО давлатлари юборган қўшинлар 4 июль – Америка Мустақиллик кунига қадар олиб чиқиб кетилиши қисман аён бўлган эди.

НАТО аскарларининг аксарияти жорий ҳафта ҳолатига кўра Афғонистонни тинчгина тарк этган. Associated Press томонидан таҳлил қилинган бир нечта ҳукумат баёнотлари шуни кўрсатадики, Европа қўшинларининг аксарияти ими-жимида Афғонистондан олиб чиқиб кетилган.

АҚШ хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, сўнгги америкалик аскар Афғонистонни қачон тарк этишини очиқлашдан бош тортиб келади.

Қолаверса, айни пайтда Кобулдаги Ҳамид Карзай халқаро аэропортини ҳимоя қилиш борасида музокаралар давом этмоқда. Айни пайтда аэропортни Туркия ва АҚШ аскарлари қўриқламоқда. Ушбу ҳимоя “Қатъий қўллаб-қувватлаш” миссиясида белгиланган бўлиб, бугунги кунда айнан шу миссия тугатилмоқда.

Аэропортни муҳофаза қилиш бўйича Туркия ва Афғонистон ҳукумати ва эҳтимол АҚШ ўртасида янги шартнома имзолангунича “Қатъий қўллаб-қувватлаш” миссияси узайтирилишини кутиш мумкин.

Шунингдек, АҚШ Афғонистон пойтахтидаги йирик элчихонасини ҳимоя қилиш учун 650 га яқин аскарни мамлакатда қолдиради. Уларнинг қолиши тўғрисида Афғонистон ҳукумати билан икки томонлама шартнома имзоланиши кутилмоқда.

АҚШ ва НАТО қўшинлари олиб чиқиб кетилар экан, Толибон мамлакатнинг бир неча қисмида Афғонистон ҳукумати хавфсизлик кучларини енгиб, ўнлаб туманни эгаллаб олди.

Ҳукумат мамлакат хавфсизлик кучларига ёрдам бериш учун шафқатсиз зўравонликларни содир этиб ном чиқарган ҳарбийлаштирилган гуруҳларни жонлантирди. Бу эса хавотирга сабаб бўлмоқда.

Жорий ҳафтада Миллер матбуот анжумани ўтказиб, зўравонликнинг давом этиши Афғонистонда фуқаролар уруши келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди ва бу ҳолат дунёни ташвишлантириши кераклигини айтди.

Афғонистон пойтахти Кобулдан бир соатлик масофада жойлашган Баграм аэродроми орқали 2012 йилга келиб 100 000 дан ошиқ АҚШ ҳарбийси учиб ўтаётган эди.

АҚШ ҳарбийларининг олиб чиқиб кетилиши рамзий маънога эга. АҚШ Афғонистонга бостириб кириб, сўнг Баграм орқали чиқиб кетаётган иккинчи мамлакатдир.

Аэродромни 1950‑йилларда Совет Иттифоқи қурган. СССР коммунистик ҳукуматни қўллаб-қувватлаш учун 1979 йилда Афғонистонга бостириб кирганидан кейин, Баграм совет ҳарбийлари учун асосий базага айланган. 10 йил давомида советлар АҚШ дастаклаган мужоҳидларга қарши курашган.

2001 йилда АҚШ ва НАТО Баграмдан фойдалана бошлаганда аэродром харобага айланган эди. Ракета ва снарядлар изларига тўла бинолар қулаб тушган, мажмуа деворларининг йирик қисми бузилган эди.

Улкан базада иккита учиш-қўниш йўлаги мавжуд. Янги йўлак 2006 йилда 96 миллион долларга қурилган. Мажмуада 110 та девор билан ўралган учоқ сақлаш майдончаси бор. “GlobalSecurity” хавфсизлик таҳлил маркази маълумотларига кўра, Баграмда учта катта ангар, бошқарув минораси ва кўплаб қўшимча бино мавжуд. Базада 50 ўринли шифохона мавжуд. Шифохонанинг учта операция зали ва замонавий стоматология клиникаси ҳам бор. Шунингдек, мажмуада афғонистонликлар қўрқадиган қамоқхона жойлашган.

Афғонистон расмийлари ҳали АҚШ ва НАТО ҳарбийлари Баграм аэродромидан чиқиб кетишни тамомлагани тўғрисида баёнот бергани йўқ.

XS
SM
MD
LG