Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:49

“Баланд ва таҳдидли овоз”. Кремль пропагандасининг Қозоғистонга таъсири


Россия Украинага тажовуз қилганидан сўнг Ғарб мамлакатлари ўз ҳудудида Россия ОАВлари ëйинини тақиқлаб қўйди ва Кремль ҳарбий пропагандасига янги тўсиқлар қўйишга уринмоқда. Қозоғистонда эса ҳукумат, афтидан, бунақа пропагандага бефарқдек туюлади. Аммо экспертлар вазият мамлакатнинг ахборот хавфсизлигига таҳдид солаётганини айтишмоқда.

“Бунақа ёвузликлар фақат бандерачилардан чиқади”

“Кечаси бўғизлаб кетиш, ўлдириш – бандерачиларнинг одати ҳаммаси. Ҳозир одамларни дарахтга боғлаб қўйишяпти. Фақат бандерачилардан чиқади бунақа ишлар”, деган эди Владимир Соловьёв “Россия 1” телеканали ёйинида.

Кремль пропагандачиси бу гапни 11 апрель куни – дунё ОАВларининг Украина пойтахти яқинидаги Буча шаҳрида содир бўлган мудҳиш воқеалар ҳақидаги хабарларига жавобан айтди. Россия қўшинлари чиқиб кетганидан сўнг шаҳар кўчаларида ўнлаб тинч фуқароларнинг жасадлари топилди, кўп мурдалар қўллари ортига боғланган ҳолатда эди. Оммавий қабрлардан ҳам юзларча ўлик чиқди.

Буча турғунларининг тинч аҳолига нисбатан қилинган ваҳшийликлар ҳақидаги ҳикояларини ҳамда воқеалар жойидан олинган фото ва видео материалларни эълон қилган журналистлар ушбу даҳшатли жиноятлар ортида айнан Россия ҳарбийлари турганига етарлича далиллар мавжудлигини айтишмоқда. Москва эса барчасини инкор этмоқда. Соловьёв ўша кечки ёйинида Бучадаги вазиятни “Киевнинг томошаси” деб аташгача борди.

Россия федерал ОАВлари Украинага қарши уруш ҳануз “махсус ҳарбий амалиёт” номи билан аталмоқда. Улар Россия қўшинлари ёғдирган бомба ва снарядлардан тинч аҳоли ўлаётганини инкор қилишда давом этяпти, Кремль пропагандасига ишонилса, булар бари – бебош украин “нацистлари” ва “бандерачилар”нинг иши.

Уруш бошланганидан бери Ғарбдаги қатор мамлакатлар кремлпараст каналлар ёйинини ман этди. YouTube маъмурияти Россия каналлари аккаунтларини, жумладан Соловьёвнинг кўрсатувларини трансляция қилувчи каналларни блоклади. Соловьёв ва бир неча ҳамкасби АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи санкцияларига учради. Ғарб уларни Украина ҳудудий яхлитлигига путур етказаётган тажовузни дастаклашда айбламоқда.

Россиянинг иттифоқчиси ва қўшниси бўлмиш Қозоғистонда федерал каналлар аввалгидек бемалол ишлаб турибди. Кабелли телевидение пакетларида бу каналлар бор, қолаверса, уларни шаҳар ва қишлоқлардаги сон-саноқсиз спутник “тарелка”лари ҳам узатади.

Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги маълумотига кўра, ўтган йилнинг август ҳолатига Қозоғистонда 267 та чет эл ОАВлари рўйхатга олинган. Шундан 194 таси – Россияники. Москва пропагандасининг Қозоғистонга таъсири уруш бошланганидан бери яққол кўзга ташланмоқда.

“Одамлар баланд ва тажовузкор овозга қулоқ солади”

Яқинда ўтказилган социологик тадқиқот иштирокчиларининг учдан бирдан ортиқ қисми “Россия Украинада нацистларга қарши махсус амалиёт ўтказаётганини” ва “Нур-Султон Москва билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириши керак”лигини айтишган.

7 апрелда MediaNet халқаро журналистика маркази 1100 киши қатнашган сўров натижаларини эълон қилди. Айримлар бу натижаларни танқид қилишди, чунки сўров телефон орқали ўтказилган эди, бироқ марказ раҳбари Адил Жалилов тадқиқот қозоғистонликлар фикрини “аниқ ифода этган”ини таъкидламоқда.

“Инглиз тилини биладиган, мустақил ОАВлардан муқобил нуқтаи назарни ўқиб борадиган илғор қозоғистонликларга бутун мамлакат бу урушда Украинага хайрихоҳдек туюлиши мумкин. Аслида эса бизнинг сўровимиз аксар қозоғистонликлар Россияни маълум даражада қўллаб-қувватлашини кўрсатди”, дейди Адил Жалилов.

Тадқиқот муаллифлари “қозоғистонликлар онггида ахборот майдонини Оқўрда ва расмий медиалар эмас, балки Россия ОАВларидаги тажовузкор оҳанг ва нарративлар шакллантирмоқда”, дея хулоса қилишди.

Тадқиқот натижаларига кўра, можарони таърифлашда респондентлар орасида устун фикр мавжуд эмас. Сўралганларнинг 36 фоизи ҳозирда Украинада “Россиянинг нацистларга қарши ҳарбий амалиёти” бўлаётганига ишонади; 26 фоизи “Украина ўз ҳудудига НАТО қўшинларини жойлаштирмоқчи бўлгани сабабли Россия у билан урушяпти”, деб ҳисоблайди; 13 фоиз респондент фикрига кўра, “Россия Украинани ўзига қўшиб олиш мақсадида уруш олиб бормоқда”.

Сўралганларнинг 36 фоизи мазкур урушда Россияга, 10 фоизи – Украинага хайрихоҳ, 46 фоиз респондент эса бетарафлигини билдирган.

Қозоғистон урушга қандай муносабатда бўлиши кераклиги хусусидаги фикрлар ҳам ҳар хил чиқди. 6 фоиз респондент Украинани дастаклаш ва Ғарб билан ҳамкорликни ривожлантиришни ёқлаган бўлса, 14 фоиз иштирокчи туркий мамлакатлар билан иттифоқни кучайтириш тарафдори эканини айтган. Сўралганларнинг 12 фоизи Қозоғистон ўз ҳарбий салоҳиятини ошириши лозимлигини урғулаган. Аммо кўпчилик – 36 фоиз киши Россия ёнини олган ва Москва бошчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан муносабатларни ривожлантиришга тарғиб қилган.

Москва билан ҳамкорликни маъқулламайдиганлар атиги 10 фоизни ташкил қилди. Улар Россия билан иттифоқдан чиқиш кераклигини таъкидлашган. Ниҳоят, 70 фоиз респондент Россияга қарши санкцияларга ҳам, урушга ҳам бефарқлигини билдирган. Уларнинг фикрича, нима бўлганида ҳам “Россия Қозоғистоннинг энг муҳим стратегик ҳамкори бўлиб қолади”.

Жалиловнинг сўзларига кўра, Украинада уруш бошланганидан бери Қозоғистон давлат ОАВлари Нур-Султоннинг шакл-шамойилсиз, ланж позицияси сарҳадидан чиқа олмаяпти.

“Одамлар кимга қулоқ солишади, биласизми? Улар кимнинг овози баланд, агрессив бўлса, ўшанга қулоқ солишади. Урушни фақат маньяклар ёки пропаганда манқурт қилиб қилиб қўйган кишиларгина қўллаб-қувватлаши мумкин. Бинобарин, мазкур рақамлар Россия пропагандасининг қозоғистонликларга таъсири ўта жиддийлигини кўрсатмоқда”, хулоса қилади Адил Жалилов.

“Биз уруш пропагандасига қаршимиз”

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Қозоғистонда федерал каналлар ёйинини чеклашга уринишлар бўлган эди.

Қарағанда вилоятининг Шахтинск шаҳри ва унга туташ қишлоқларни интернет ва телевидение билан таъминловчи “Ремстройсервис” телекоммуникация ширкати 28 февраль куни шундай баёнот билан чиқди: “Биз урушга ва уруш пропагандасига қаршимиз! Шу боис Россиянинг барча федерал каналлари ўрнига “Хабар24” канали ёйинини вақтинча улаб қўйдик. Тушунасиз деган умиддамиз”.

Провайдернинг қарори кескин норозиликка сабаб бўлди. Ахборот вазирлиги бунақа фармойиш бермагинини айтиб, дарҳол ўзини четга тортди. Маҳаллий аҳоли қаршилигига йўлиққан ширкат ўша куниёқ “вақтинчалик ноқулайликлар” учун узр сўраб, Россия телеканаллари трансляциясини тиклади.

2 март куни Avaaz.org сайтида “Қозоғистон Республикаси ҳудудида Россия телеканаллари ёйинини тўхтатиш” талаб қилинган петиция пайдо бўлди. Айни пайтгача уни 6000 дан ортиқ киши имзолаган.

Qazaqstan N. деган шартли ном билан қайддан ўтган петиция муаллифига кўра, “кўлами ва шафқатсизлиги бўйича мисли кўрилмаган зўравонликни оқлаш мақсадида қасддан яратилаётган улкан ёлғон ахборот оқими қозоғистонликларнинг ижтимоий фикрига ниҳоятда кучли таъсир ўтказиб, давлатнинг ахборот хавфсизлигига таҳдид туғдирмоқда”.

Муаллиф ёзишича, “аҳолининг, айниқса постсовет макондаги русийзабонларнинг мияларини ювиш қуролига айланган Россия телеканалларининг хатти-ҳаракатлари нафақат касб одоби ва умумбашарият ахлоқ қоидаларига, балки Қозоғистон Республикаси Конституциясига ҳам хилофдир”.

“Конституциянинг 20-моддаси 3-бандига кўра урушга, шафқатсизлик ва зўравонликка тарғиб қилиш тақиқланган. Шунингдек, Россия ОАВларининг хатти-ҳаракатлари Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 161 моддаси 1-бандига (Босқинчилик урушига тарғиб қилиш ёки оммани уруш бошлашга чақириш) ҳам зид”, деб ёзади муаллиф.

Қозоғистон ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазири Асқар Умаров 12 апрель куни Озодликнинг қозоқ хизматига берган изоҳида чет эл ОАВлари дастурларининг трансляция қилиниши телеканал билан провайдер ўртасидаги “ҳуқуқий муносабатлар” соҳасига оидлигини айтди.

“Устидан шикоят бўлмаса ёки қонунларимизни бузишмаса, биз Қозоғистонда чет эл ОАВларини ёпиб қўймаймиз. Шикоят тушса, биз уни индивидуал тартибда кўриб чиқамиз”, деди вазир.

Умаров петицияда келтирилган талаблар ҳақидаги саволга лўнда ва мавҳум жавоб берди: “Пропагандага эргашган эргашади”. Унинг айтишича, вазирлик ОАВларни узлуксиз “мониторинг қилади”. Бироқ Умаров Озодликнинг уруш бошланганидан бери телеканаллар томонидан қонунчиликнинг бузилиши ҳолатлари бўлган-бўлмагани ҳақидаги саволини жавобсиз қолдирди.

Қозоғистоннинг ахборот хавфсизлигига таҳдид

Сиёсатшунос Шалкар Нурсеит расмий Нур-Султон петиция талабларини бажаришига ишонмайди.

“Айни пайтда мен Қозоғистон ҳукумати Россия телеканаллари ёйинини чеклашдек дадил сиёсий қарор қабул қилишга қодир деб ўйламайман. Чунки сиёсий элитамиз Кремлга қарам. Бизнинг ҳукумат сиёсий ирода кўрсата оладиган ҳукуматга ўхшамайди”, дейди эксперт.

Сиёсатшунос Москва пропагандасининг мамлакат фуқароларига кучли таъсирини Қозоғистон ва Россиянинг “чуқур тарихий, географик, сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалари” билан изоҳлайди.

“Бизнинг фуқароларимиз менталитет жиҳатидан Хитой ёки Ғарбга қараганда шимолий қўшнимизга яқинроқ. Бир замонлар улар ягона мамлакатда яшашган. Совет даврида катта бўлган одамлар меҳнат бозорида ҳамон фаол. Россияпарастлик кайфияти кеча ёки ўтган йили пайдо бўлиб қолгани йўқ, у узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган медиаистеъмолчилик натижасида шаклланган. Россия маҳсулотлари – янгиликлар, сериаллар ва турли дастурлар фуқароларимизнинг қадриятларини шакллантирмоқда”, тушунтиради Шалкар Нурсеит.

MediaNet маркази раҳбари Адил Жалилов вазиятни “энг камида мамлакатимиз ахборот хавфсизлигига таҳдид” дея баҳолайди.

“Қозоғистонликларга муқобил ахборот манбаига эга бўлиш имконини бериш керак. Аҳолининг катта қисми Мария Захарова, Лавров, Путин ва Россия пропагандачиларининг баланд, тажовузкор овозларига қулоқ солишмоқда. Россия билан иттифоқчими, йўқми, қатъи назар – бунақаси ҳар қандай мамлакат учун аномал ҳолатдир”, дейди Жалилов.

XS
SM
MD
LG