Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:27

Байден: Биз Путин ва ҲАМАС олдида чекинмаймиз. Фаластин ўз мустақил давлатини қуриш ҳуқуқига эга


Қўшма Штатлар президенти Жо Байден The Washington Post газетасига ёзган колонкасида Россия президенти Владимир Путин, АҚШда ҳамда ЕИда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС ўртасида параллеллар ўтказди. Байденга кўра, уларнинг Украина ва Исроилга қарши ҳаракатлари мос равишда ўзаро ўхшашдир.

Байден ўз мақоласида Путин ва ҲАМАС радикал гуруҳини “ёвузликнинг мисли кўрилмаган даражаси” ва “агрессор” деб атаган ҳамда “дунё ҳамжамияти уларни тўхтата оладими”, деган саволни қўйган.

“Путин ҳам, ҲАМАС ҳам жаҳон харитасидан қўшни демократик давлатни ўчириб ташлашга уринмоқда. Путин ҳам, ҲАМАС ҳам минтақавий барқарорлик, интеграция барбод бўлишига умид қилмоқда ва хаос ҳосил қилиш орқали устунликка эришмоқчи бўлаётир”, деб ёзган Байден Америка “бунга йўл қўймаслиги”ни таъкидлаган.

АҚШ президентининг ёзишича, ҳозир дунё бир неча ўн йиллик истиқболини белгилайдиган танлов олдида турибди. Байден фикрича, Путин ва ҲАМАС дунёга ташлаган чақириқларни қабул қилиш лозим ва бу режалар амалга ошмаслиги учун тўсқинлик қилиши шарт.

Байден фикрича, Украинани дастаклаш АҚШ миллий хавфсизлигига қўшилган ҳиссадир. Бу дастаклаш ортидан АҚШ урушнинг Европага ёйилиши олдини олмоқда.

АҚШ президенти ҲАМАС радикал гуруҳининг Исроилга 7 октябрда ҳужум қилганини “яҳудий халқига Холокостдан сўнг қилинган энг йирик ёвузлик”, деб баҳолади.

Айни пайтда Байден Фаластин халқи ўз давлатига эга бўлиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади ва Ғазода тинч аҳоли, жумладан, болалар ҳалок бўлганидан чуқур қайғуда эканини билдирди. У ҲАМАСни тинч аҳолини тирик қалқон сифатида қўллаганликда айблади.

АҚШ президентига кўра, Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишнинг асосий шарти ҲАМАСнинг йўқ қилиниши ва мустақил Фаластин давлатини ташкил этишдир.

Байден Ғазо бўлгаси Иордан дарёсининг ғарбий соҳили билан бир қаторда Фаластин назорати остида бўлиши шартлигини ҳам таъкидлади. Байден Ғарбий соҳилда фаластинликларга қарши зўравонликларда иштирок этаётган Исроил арбобларига санкциялар жорий этилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Байден АҚШдаги антисемитизм ҳолатларини қоралади ва нафратнинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашни кучайтиришга чақирди.

Байден ўз мақоласини дунё ҳамжамияти бу “улкан трагедия” охир оқибат “олға сари ташланган қадам” билан якунланишига ишониши кераклиги тўғрисидаги чақириқ билан тамомлади. Унга кўра, жаҳон янада эркинроқ ва хавфсизроқ бўлади.

Байден маъмурияти Конгрессни Исроилга ва Украинага ёрдам кўрсатишга, шунингдек, Ғазодаги гуманитар эҳтиёжларга маблағ ажратишга чақирмоқда. Конгрессдаги зиддиятлар оқибатида бу борадаги қонун лойиҳаси ҳали тасдиқланмади.

АҚШ Сенатидаги демократлар 7 ноябрь куни Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатишни кўзда тутган, бироқ Украина ёрдам пакетини ўз ичига олмаган қонун лойиҳасини блоклаб қўйгани ҳақида “Америка овози” хабар берган эди. Бундан аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден мазкур ҳужжатга вето қўйишини билдирган эди.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида кўпчиликни ташкил қилувчи республикачилар ҳужжатни ёқлаб овоз берган. Лойиҳага мувофиқ, Вашингтон солиқ хизматини молиялаштиришни қисқартирган ҳолда Исроилга 14,3 миллиард долларлик ёрдам тақдим этиши керак эди.

Октябрь ойида АҚШ президенти Жо Байден Конгрессдан Исроил, Украина ва Тайванни молиялаштиришни ўз ичига олган 106 миллиард долларлик фавқулодда харажатлар пакетини тасдиқлаб беришни сўраган эди. Сешанба куни Сенатдаги демократлар мазкур ташаббусда кўзда тутилган Украинага ёрдам пакетининг муҳимлигини урғулашган.

Сенатнинг ажратмалар бўйича қўмитаси раҳбари Пэтти Мюррей ёрдам пакети АҚШнинг Исроилдаги иттифоқчилари учун қанчалик зарур бўлса, Украинадаги иттифоқчилари учун ҳам шу қадар зарурлигини таъкидлаган. Республикачи сенатор Рожер Маршалл эса юқори палата Исроилга ёрдамни кечиктирмаслиги лозимлигини билдирган.

Форум

XS
SM
MD
LG