Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:22

Экспертлар: “Бир макон¸ бир йўл” лойиҳаси Ўзбекистонни қарз ботқоғига ботириши мумкин!


Постсовет ҳудуди президентлари "Бир макон¸ бир йўл" халқаро форумида.
Постсовет ҳудуди президентлари "Бир макон¸ бир йўл" халқаро форумида.

Шу кунларда (25-27 апрель) Хитойда "Бир макон, бир йўл" иккинчи халқаро форуми бўлиб ўтмоқда. Анжуманда Ўзбекистон раҳбари ҳам иштирок этмоқда.

Озодлик гаплашган халқаро транспорт-логистика соҳаси мутахассиси¸ қолаверса¸ бу мегалойиҳани йиллардан бери таҳлил қилиб келаëтган иқтисодчилар бу лойиҳага қўшилар экан, Ўзбекистонга қарзга ботиб қолиш хавфи таҳдид солаётганидан ташвиш билдирди.

Ўндан ошиқ давлат раҳбари қаторида Шавкат Мирзиëев ҳам иштирок этаëтган бу анжуман марказидаги “Бир макон¸ бир йўл” лойиҳаси¸ маҳаллий расмийлар ва матбуот таъкидича¸ Ўзбекистон иқтисодий ривожланишга кенг йўл очади.

Ҳозиргача Хитой Фарғона водийсини Ўзбекистоннинг қолган ҳудудлари билан боғловчи Ангрен-Поп темир йўли ва Қамчиқ довонидан ўтувчи темир йўл туннели қуриш учун 2 миллиард доллар қарз берган.

Матбуотга очиқ гапириш ваколати йўқлиги учун шахси очиқланишини истамаган халқаро транспорт-логистика соҳаси мутахассиси¸ Хитой қарзига бўлаëтган бу лойиҳаларнинг Ўзбекистон каби чекка давлатлар учун сиëсий ва иқтисодий фойдасидан кўра хатарлари жиддийроқ эканини билдирди.

Халқаро иқтисодчилар эса¸ бу лойиҳани анчадан бери “Хитой колониализмининг янги босқичи¸ дунëнинг ярмини қарз қопқонига тушириш уриниши” сифатида баҳоламоқда.

“Ўзбекистонга “Бир макон¸ бир йўл” эмас¸ “Бир макон¸ минг йўл” лойиҳаси керак!”

26 апрель куни Озодлик суҳбатлашган халқаро траспорт-логистика соҳаси мутахассиси¸ Хитой зўр бериб тарғиб-ташвиқ қилиб келаëтган бу улкан инфраструктура лойиҳасидан Ўзбекистонга айтарлик манфаат йўқлигини билдирди.

Бир макон¸ бир йўл” – бу улкан монополия¸ арзон товарларини қолган дунëга арзон етказиб бериш¸ ўз арзон иш кучини тарқатиш учун Хитой ўрнатаëтган монополия. Бу монополия Ўзбекистон иқтисодий тараққиëтига ëрдам беради¸ деб ишониш гўлликдан бошқа нарса эмас. Ўзбекистоннинг экспорт ва импорт йўли устидан назоратни Қозоғистон ва Хитойга топшириш хавфли сиëсат. Дейлик¸ эртага Хитой ëки Қозоғистон билан муносабатлар совуқлашса¸ бу йўл сиëсий босим ричагига айланади. Транспорт – иқтисоднинг қон томири. Уни битта йўлга қарам қилиш мамлакат иқтисодини шу йўл эгаларига қарам қилиш дегани. Макон битта бўлиши мумкин¸ лекин унга элтувчи йўл мингта бўлиши керак”¸ дейди Озодлик гаплашган мутахассис.

“Бир макон¸ бир йўл”дан Марказий Осиëнинг битта давлати – Қозоғистон фойда кўради

“Бир макон¸ бир йўл” лойиҳаси доирасида Хитой ҳукумати асосий эътиборини Қозоғистоннинг Хоргос темир йўл станциясига қаратди ва қип-қизил чўл ичидаги бу кичик станцияни глобал савдо-сотиқ ҳабига айлантирди. Айтилишича¸ Хоргосни ўз товарлари қолган дунëга текширувларсиз тарқатиладиган қуруқлик портига айлантириш учун Пекин Қозоғистон ҳукуматига 2 миллиард долларлик қарз берган.

Озодлик суҳбатлашган мутахассис¸ Тошкентдан 1200 километрлик масофада жойлашган бу ҳаб¸ Ўзбекистон экспорт-импорти учун тижорий жиҳатдан манфаатли эмаслигини айтади.

Ўзбекистон учун Хоргос орқали экспорт-импорт қилиш қимматга тушмоқда. Қозоғистон ҳар бир тонна транзит юк учун 55-60 доллар ҳақ олади. Ўтган йили Ўзбекистон бу станция орқали 8 миллион тонна юк ташиган бўлса¸ биргина транзит ҳақининг ўзи камида 250 миллион долларни ташкил этди. Қолаверса¸ бу йўл орқали юк ташиш вақти ҳам узоқ – 25-30 кунгача чўзилади”¸ дейди бу мутахассис.

Қозоғистон ҳукумати Хитойдан олган 2 миллиард долларлик қарзини тўлаш¸ қолаверса транзитдан тушаëтган даромадни ошириш мақсадида Марказий Осиëда Хитой лойиҳасининг бош лоббичисига айлангани айтилади.

Минтақада бу лойиҳадан ютадиган давлат Қозоғистондир. Қолганлар¸ Хитойга шунчаки фон учун керак¸ холос. Қозоғистон ҳукуматининг юқори лавозимли амалдорлари Ўзбекистон транспорт-логистика соҳасида қарор чиқарувчи энг юқори амалдорларни “Бир макон¸бир йўл”нинг асосий ҳаби бўлган Хоргос орқали юк ташишни кўпайтиришга даъват қилиб келмоқда. Бу жараëнга “совға-салом”¸ яъни катта миқдордаги пора ва откатлар аралашгани ҳақида жиддий тахминлар бор. Шу боис¸ Ўзбекистон ҳукумати Хитой билан экспорт-импортнинг ўзи учун манфаатли йўналишларини ривожлантириш таклифларини эътиборсиз қолдириб келмоқда”¸ дейди халқаро транспорт-логистика соҳаси мутахассиси.

“Бир макон¸ минг йўл”дан Ўзбекистон учун энг манфаатлиси Андижон-Ўш-Қашғар”

Ўзбекистонда янги ташкил этилган Транспорт вазирлигига яқин Тошкент мулозими Озодлик билан суҳбатда шундай фикр билдирди.

Унинг таъкидлашича¸ ўзбекистонлик бир гуруҳ тадбиркорлар йиллардан бери ҳукуматга тавсия қилиб келаëтган бу йўналиш Ўзбекистонни Хитой бозори билан боғловчи энг қисқа¸ энг тез ва энг арзон йўлдир.

Ҳозир Хитой орқали импорт ва экспорт Қозоғистоннинг Дружба ва Хоргос станциялари орқали бўлаяпти ва Ўзбекистон ҳам вақтдан¸ ҳам пулдан ютқазаяпти. 500 км нари-берисидаги Андижон-Ўш-Қашғар йўналиши орқали орқали Хитойдан мол олиб келиш ëки Ўзбекистон пахтаси¸ нефт маҳсулотлари¸ мева-сабзавотини Хитой орқали Тинч океан портларига олиб чиқиш камида 30 фоиз арзонга тушади¸ юк ташиш вақти кескин қисқаради (узоғи билан 7-9 кун). Қолаверса¸ Ўзбекистон Хитойдан Афғонистон¸ Эронга бораëтган юклар учун транзит ҳудудига айланиб¸ миллионлаб даромад қилиши мумкин”¸ дейди ўзбекистонлик мулозим.

2017 йил кузида пилот лойиҳаси сифатида бу йўналишда юк ташиш бошланган ва айтилишича ҳозирда ҳам давом этмоқда.

Аммо айнан шу йўналишни ривожлантириш таклифлари депсиниб турипти. Биринчиси¸ унинг аллақачон янги ҳокимиятга яқин бир гуруҳ шахслар томонидан “хусусийлаштириб” олингани бўлса¸ иккинчиси ҳукумат даражасида унга приоритет сифатида қаралмасдан¸ Қозоғистон орқали юк ташишга ëн босишдир”¸ дейди бу мулозим.

“Бир макон¸ бир йўл” – инсоният тарихидаги энг қиммат лойиҳа

Ўзбек расмийлари ва матбуоти “Бир макон¸ бир йўл” (тўғри таржимаси “Бир камар¸ бир йўл” -таҳр.) деб атаëтган лойиҳанинг бирламчи мақсади Хитойда ишлаб чиқарилаëтган товарларни асосан Европа¸ қолаверса Осиë¸ Яқин Шарқ ва Африкага арзон ва қисқа йўл орқали сотишдир.

Шу мақсадда Хитой умум қиймати 8 триллион долларгача бориши тахмин этилаëтган улкан инфраструктура лойиҳаси бошланганини 2013 йили айнан Қозоғистонда эълон қилди ва Пекин дипломатиясининг кучи билан бу лойиҳага ҳозирга қадар 68 давлат қўшилди.

Ер шарининг ярмидан кўпини белбоғ каби ўраб олувчи бу йўл лойиҳасига қўшилиши учун Хитой аксарияти ўз авто ва темир йўлларини модернизация қилишга қурби етмайдиган давлатларга миллиардлаб доллар қарз бермоқда.

Қарз берар экан Хитой¸ бу давлатлардан авто ва темир йўллари¸ порт ва энергетика тизимлари қуриш учун фақат Хитой маҳсулотлари ва хитойлик мутахасисис-ишчиларни ишлатишни¸ қарз гарови сифатида эса миллий порт ва конлар¸ шунингдек ўз территориясининг муайян қисмини қўйишни талаб қилади.

Жаҳон бўйлаб қашшоқликни камайтиришга қаратилган иқтисодий тадқиқот билан шуғулланувчи Глобал тараққиëт маркази (The Center for Global Development - CGD) таҳлилий гуруҳи 23 давлат Хитойнинг бу лойиҳага қўшиш мақсадида бераëтган улкан қарзларини вақтида тўлай олмаслиги¸ улардан саккизтасининг эса¸ қарзини умуман тўлай олмаслик таҳдиди остида қолдиргани билдирди.

Ўзбекистон “Бир макон¸ бир йўл”га қўшилиш учун Хитой берган қарзларни вақтида қайтара олмай оғир аҳволга тушиш эҳтимоли кучли давлатлар сафида бўлса¸ CGD Тожикистон ва Қирғизистонни қарзини умуман қайтара олмай¸ Хитойга ер ëки конларини топширишга мажбур бўлувчи давлатлар сирасига киритган.

Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки ҳам “Бир макон¸ бир йўл” лойиҳаси доирасида Хитойдан ўз ялпи ички маҳсулотининг 80 фоизигача тенг миқдорда қарз олаëтган давлатларнинг бу қарзни тўлай олмасдан¸ ўз ҳудудининг маълум қисмини Хитой ихтиëрига бериб юборишга мажбур қолишидан огоҳлантирган.

XS
SM
MD
LG