Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:42

“Бизни кўриб, фарёд солишди”. Польша ўрмонларида қочқинлар қолиб кетган


Беларусь ва Польша ўртасидаги миграция инқирози чегара олди ҳудудлар аҳолиси учун локал инқирозни ҳам вужудга келтирди. Гап шундаки, Польша чегара бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилган, улкан Беловеж пушча ўрмонининг ўзига тегишли қисмида юзлаб мигрантлар қолиб кетган.

Ўрмонга фақат чегарачилар ва ҳарбийлар кира олади, журналистлар ва тиббиётчиларга эса ман этилган. Фақат кўнгиллиларгина адашган ва совуқда қолган мигрантларга ёрдам бериш учун ўрмон оралашга журъат қилмоқда.

Польшалик фаол Кася Ваппа “Настояшчее время” телеканали эфирида мигрантлар кўмакка муҳтожлигини қандай билдириши ва кўнгиллиларнинг ўзлари қандай муаммоларга дуч келиши ҳақида сўзлаб берди.

“Мигрантларда бизнинг телефон рақамларимиз бор. Биздан ёрдам олган қочқинлар бошқаларга улашиб, бу рақамларни тарқатишган. Улар ўзлари турган жойни “Google” харитасида белгилаб, жўнатишади. Биз у қаердалигини текширамиз ва йўлга тушамиз. Зарур нарсаларни тусмоллаб машинага ортамиз. Баъзан айнан нималар кераклигини айтишади: иссиқ пойабзал, пайпоқ, пўстин, портатив зарядлаш қурилмаси. Егулик оламиз, баъзан дори-дармон сўрашади. Полиция ёки чегарачилар таъқиб қилмасин деб, ҳушёр юрамиз. Машина чироқларини ёқишга қўрқамиз. Шу тариқа зимистон ўрмонда қочқинларни қидириб топамиз. Бу худди мушук-сичқон ўйинига ўхшайди.

Бир куни эр-хотинга дуч келдик, эронликлар экан. Иккисининг ҳам ҳоли хароб эди. Ватанларидан қочиб кетишаётганида аёл ҳомиладор бўлган. Бу ерда, ўрмон оралаб сарсон юришганида ноқулай йиқилган экан, ҳомиласи тушибди. Қон кета бошлаган. Атрофда ёрдам берадиган ҳеч зоғ йўқ. Эри сувга тушиб кетган экан, шу совуқда шалаббо уст-бошда... Бизни кўргач, кўмак сўраб фарёд уришди бечоралар.

Беларусь-Польша чегарасидаги улкан ўрмонда адашиб, абгор бўлаётган ироқлик, суриялик, эронлик мигрантлар жуда кўп”, дейди у.

Кўнгиллининг айтишича, мигрантлар учун тез ёрдам ёки бошқа хизматларни чақиришса, воқеадан Польша чегарачилари хабар топиб, мигрантларни яна Беларусга қайтариб юборади.

“Узоқ шимолнинг иқлимини, ўрмонларини, шундай шарт-шароитда бошқа мамлакат чегарасидан ноқонуний ўтиб олиш азобларини улар тасаввур ҳам қила олмаганлар. Аксари саҳрода ўсган бу одамлар бизнинг ботқоқли ўрмонларимизда мушкул аҳволда қолиб кетмоқда.

Чегаранинг бир тарафида уларни турткилаб ҳайдашади, иккинчи томонда эса ўтгани қўйишмайди. Беларусь чегарачилари мигрантларни аёвсиз урар экан. Хайнувке шаҳри касалхонасида тепкилар зарбидан ичаклари ёрилиб кетган бир қизни кўрдим. Ўтган куни эса қошлари ёрилиб, юзи шишиб кетган суриялик йигитни учратдик”, давом этади Кася Ваппа.

Польшалик фаолнинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқлардаги рекламаларда мигрантларга “Беларусдан тўғри Германияга ўтасизлар”, деб тушунтирилган.

“Аммо улар Польшада бутун бошли полиция, чегарачилар, ҳарбийлар ва ҳудудий мудофаа қўшинларидан иборат бутун бошли армияга дуч келмоқда. Қўлга тушган мигрант мажбуран Беларусга қайтариб юборилмоқда. На ортга, на олдинга юришини билмай, нейтрал ҳудудда қолиб кетаётганлар ҳам бор. Бир суриялик йигит бир ярим ой нейтрал зонада яшаганини айтди”, дейди польшалик кўнгилли.

XS
SM
MD
LG