БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жаҳон ҳамжамиятини Афғонистонга ҳозироқ ёрдам кўрсатишга чақирди, акс ҳолда, унинг фикрича, “дунё катта товон тўлайди”.
“Катта йигирматалик”нинг Афғонистондаги вазиятга бағишланган фавқулодда саммити арафасида ОАВ вакиллари билан ўтказилган учрашувда Антониу Гутерриш дунё ҳамжамиятини афғон иқтисодиёти инқирози олдини олишга чорлади. Саммит кеча, 12 октябрь куни видеоконференция форматида бўлиб ўтди.
“Агар афғонларга бўронли даврдан ўтиб олишда кўмаклашмасак ва бу ишни энг қисқа фурсатда қилмасак, нафақат улар, балки бутун дунё катта товон тўлашига тўғри келади”, урғулади БМТ раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, агар Афғонистонда озиқ-овқат, иш ўринлари бўлмаса, инсон ҳуқуқларига риоя қилинмаса, жаҳон аҳли тобора кўпроқ афғонларнинг тузукроқ яшаш илинжида ватанларини ташлаб кетишига гувоҳ бўлади.
“Шунингдек, катта эҳтимол билан, гиёҳванд моддалар оқими ортади, жиноятчи ва террорчилар тармоқлари кўпаяди. Ва бу нафақат Афғонистоннинг ўзига, балки минтақа ва қолган мамлакатларга ҳам салбий таъсир этади”, деди ўз нутқида Антониу Гутерриш.
Сиёсатчининг айтишича, Афғонистонда гуманитар инқироз етилмоқда – у ҳозир камида 18 млн кишини, яъни мамлакат аҳолисининг тақрибан ярмини қамраб олган. “Биз маблағ етишмаслигига, логистика муаммолар ва мураккаб геосиёсий вазиятга қарамай ушбу мамлакатдаги кенг кўламли гуманитар амалиётни давом эттирамиз”, деб таъкидлади БМТ Бош котиби.
Сиёсатчига кўра, БМТ сентябрь ойининг ўзида 3.8 млн нафардан зиёд афғонлар учун инсонпарварлик ёрдами етказиб берилишини таъминлаган, 450 минг киши шошилинч тиббий ёрдам олган, қурғоқчиликдан азият чеккан 186 минг киши сув билан таъминланган.
Инсонпарварлик ёрдамлари ҳар куни одамлар ҳаётини сақлаб қолмоқда, бироқ Афғонистон иқтисодиёти вайрон бўлса, у ҳам фойда бермаслиги мумкин.
БМТ Бош котиби жаҳон ҳамжамиятини афғон иқтисодиёти инқирозга юз тутмаслиги учун уни ликвидлик билан тўлдиришга чақирди. Гутерриш таъкидлашича, мамлакатга нақд пул олиб кириш зарур.
“Активлар музлатилган, халқаро донорларнинг Афғонистон ривожи учун ёрдам кўрсатиши тўхтаб қолган айни пайтда иқтисодиёт жарга қараб кетмоқда. Банклар ёпилмоқда, кўп жойларда зарур хизматлар, жумладан, соғлиқни сақлаш хизматлари тўхтаб қолган. Биз иқтисодиётни жонлантириш чораларини топмоғимиз керак”, деди БМТ Бош котиби ва “бу ишни халқаро қонун ва принципларни бузмасдан қилиш мумкин”лигини қўшимча қилди.
Антониу Гутерришга кўра, БМТ ўз ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни ҳимоя қилиш, шунингдек, гуманитар ёрдам ҳамда БМТ миссияси ходималарининг барча, шу жумладан, аёллар билан тўсиқсиз муомала қилишини таъминлаш масалаларида толиблар билан мунтазам ҳамкорлик қилаётганини қайд этди.
БМТ Бош котиби толибларнинг аёллар ва қизлар ҳуқуқларига риоя қилиш масаласида ўз ваъдаларини бажармаётганидан ташвиш билдирган. Бажарилмаган ваъдалар, унинг таъбирича, Афғонистон аёллари ва қизларининг орзулари барбод бўлишига олиб боради.
“Афғонистон иқтисодиётининг 80 фоизи норасмий бўлиб, асосан аёллар кучига таянади. Уларсиз афғон иқтисодиёти ва жамияти тиклана олмайди. Мен толибларни хотин‑қизларга берган сўзларини тутишга, ўз мажбуриятларини халқаро гуманитар ҳуқуқ қоидаларига монанд тарзда бажаришга қатъий даъват қиламан”, дея урғулади Антониу Гутерриш.