Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:09

Боғбон: экспортга етиштирган анорлар нест-нобуд бўлаяпти, ёрдам беринг!


Қашқадарёлик Авраевлар оиласи
Қашқадарёлик Авраевлар оиласи

Китоб туманилик (Қашқадарё вилояти) боғбон, 10 йилдан ортиқ экспортга анор етиштираётган ота-бола Шукрулло ва Хайрулло Авраевлар бу йилги ҳосили нобуд бўлаёзганидан шикоят қилди.

OzodMikrofon рукни билан суҳбатда, оиланинг даъво қилишича, 16 йил аввал экилган боғ суд қарори билан тортиб олинмоқда, ғарқ пишган ҳосилни териб олишга эса, имкон беришмаётир.

Оилага кўра, улар меҳнат қилиб келаётган 60 сотихлик боғда мамлакатда номи танилган Дашнобод анори етиштирилади.

Авраевлар 16 йилдан бери ишлатиб, анор ҳосилини 10 йилдан бери экспорт қилиб келаётган боғ тумандаги "Севинч юлдузи" номли фермер хужалигига тегишли.

- Биз бу ерни фермер билан оғзаки келишув асосида ишлатиб келаяпмиз. Ер солиғи ва маҳсулот пулини фермернинг банк ҳисобига ўтказиб келганмиз. Лекин, фермер пулни тўламаган, ерни мажбуран эгаллаб олган, деб бизни судга берди. Суд ҳам бизни эшитмади. Ҳозир фермер бизни далага умуман яқинлаштирмаяпти. Ҳосил роса пишган - ҳозир териб олинмаса, нобуд бўлади. Икки марта ёмғир ёғиб, мева ёрилишни бошлаган, - деб даъво қилди кекса боғбон Шукрулло Авраев.

Боғбоннинг ўғли Хайрулло Авраевнинг айтишича, улар каби яна 4 боғбон ғарқ пишган ҳосилини териб ололмаётир:

- Ҳаммамиз шу ҳудудда 2003 йилдан бери анор экамиз. Меҳнат биздан, сарф-ҳаражат ўзимиздан - ҳар йили фермернинг банк ҳисобига маҳсулот пули ва ер солиғини тўлаганмиз. Банкдан тўлов қоғозлари бор - лекин на фермер, на суд қулоқ солади бизга.

У суд ҳукми ва банкка тўлов қоғозлари нусхаларини Озодликка йўллади.

Озодлик бу шикоят ортидан "Севинч юлдузи" номли фермер хужалиги раиси Сайфулла Азизов билан боғланди.

Фермер ҳақиқатан ҳам 4 боғбон оиладан ер суд қарори билан олингани, бунга унинг аризаси сабаб бўлганини тан олди. Микрофонсиз суҳбатда фермер бу оилалар маҳсулот пулини тўлиқ ёки умуман тўламаётгани, муроса йўли иш бермагач, судга арз қилишга мажбур бўлганини даъво қилди.

Аммо, 1 гектардан ортиқ ердаги экспортга мўлжалланган анорнинг нобуд бўлаётганига оид шикоятни рад қилди.

Айни пайтда унинг айтишича, мамлакатда ижарага олинган ерни иккиламчи ижарага бериш тақиқланган. Шу боис, қўлидаги боғбонлар билан оғзаки келишув асосида ишлашга мажбурдир. Бошқа турдаги меҳнат шартномаларини имзолаш учун эса, боғбонлар рози бўлмаётганини даъво қилди.

Авраевлар оиласининг даъвосича, Китоб тумани ҳудудида улар каби оғзаки келишув асосида ишлайдиган боғбон оилалар сони ўнлаб.

- 40 гектарга яқин ер бор - биримиз анор, биримиз узум етиштирамиз. Ҳосил Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларга экспортга кетади. Аввал совхоз вақтида бу ер бизга ўхшаган оилаларга бўлиб берилганди. Кейин фермер хўжаликка айланганда, шу фермерга бириктирилганмиз. Лекин, фермер билан бизнинг ўртамизда ҳеч қанақа шартнома имзоланмаган. Энди эса боғдан чиқаришмоқда, - дейди Хайрулло Авраев.

Қуйида бу боғбон билан суҳбатни тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:21 0:00
Бевосита линк

* * * * * * * * * * * * * * * * *
OzodMikrofon​ рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG