13 февраль куни Бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтказилган видеоселектор давомида Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси¸ 54 яшар генерал-майор Муиджон Тоҳирий лавозимидан олинди.
Бу ҳақда Озодликка бир-биридан мустақил равишда хабар қилган Божхона қўмитасига бевосита алоқадор расмийларнинг билдиришича¸ Тоҳирий ўрнига Ўзбекистон Бош прокурорининг 1-ўринбосари¸ адлия катта маслаҳатчиси¸ 42 яшар Муротжон Азимов тайинланган.
Бу тайинлов баробарида прокуратура тизимида полковник рутбасида бўлган Азимовга генерал-лейтенант рутбаси ҳам берилган.
(Озодлик бу хабарни ҳозирлаëтган пайтда - Тошкент вақти билан кечки соат 6 лар атрофида) ҳам Бош прокуратура расмий сайтида Азимов ҳамон 1-ўринбосар сифатида кўрсатилган.)
Ҳозирча Тоҳирийнинг бутунлай ҳукумат таркибидан кетгани ëки бошқа лавозимга тайинланганига оид аниқ маълумот йўқ. Айрим норасмий манбалар¸ унинг пенсияга кузатилганини билдирди.
Расмий матбуот ҳозирча бу ўзгариш ҳақида хабар тарқатмади.
12 февраль куни Озодлик Ўзбекистон ҳуқуқ тизимларидаги мулозимларга таяниб¸ Бош прокуратура терговчиларининг президент топшириғи билан Давлат Солиқ ва Божхона қўмиталарида жиддий текширувлар ўтказаëтганини хабар қилган эди.
13 февраль куни мазкур жараëнга билвосита алоқадор мулозимлар¸ текширувлар давомида ҳар иккала қўмита фаолиятидаги камчилик ва қонунбузарликларга оид катта миқдордаги ҳужжатлар олинганини тасдиқлади.
Тоҳирийнинг ишдан олингани ушбу текширувлар натижаси билан боғлиқ бўлиши тахмин этилмоқда.
Тоҳирийнинг ишдан олингани хабари ортидан Озодлик Давлат божхона қўмитаси билан боғланди.
Қўмитанинг ўзини таништирмаган расмийси¸ айни соатларда мажлис бораëтгани ва матбуотга изоҳ бериши мумкин раҳбарларнинг барчаси ушбу фавқулодда йиғинда эканини билдирди.
"Тоҳирийнинг ишдан олинганидан бехабарман¸ чунки ҳали мажлис тугамади"¸ деди жумладан Озодлик гаплашган Божхона қўмитаси расмийси.
Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримовнинг хавфсизлик хизмати раҳбари бўлган Муиджон Тоҳирий Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай¸ 2016 йилнинг 20 декабрида Давлат Божхона қўмитасининг раиси этиб тайинланган эди.
2006-2008 йилларда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари¸ 2008-2010 йилларда Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари бўлган Тоҳирий¸ 2010-2011 йилларда ўшандаги президент Каримовнинг куч ишлатар салоҳиятига эга тизимлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.
2011-2016 йилларда яна МХХ раиси ўринбосари лавозимига тайинланган Тоҳирий¸ 2013 йилдан Каримов ўлимига қадар¸ СБП - Президент хавфсизлик хизматига раислик қилган.
Айни лавозимда Каримовнинг энг ишонган одамларидан бирига айланган Муиджон Тоҳирий, собиқ президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова иддаосича, 2014 йили унинг уйида ўтказилган тинтувга шахсан раҳбарлик қилган.