Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:07

Ўқитувчилар: Болалар ҳақидан уриб қолинган кўмир сотиб юборилди


Косон туманидаги 6-умумий таълим мактаби.
Косон туманидаги 6-умумий таълим мактаби.

Қашқадарё вилоят, Косон туман, 6-умумтаълим мактабининг ўқитувчилари 2 майдан 3 майга ўтар кечаси ярим тунда мактаб омборхонасидан кўмир олиб чиқиб кетаётганларни ушлаб олишганини иддао қилди.

Ўқитувчиларнинг айтишларича, қишда мактаб яхши иситилмай, сунъий тежаб қолинган кўмир махфий тарзда сотиб юборилган.

Воқеа жойига чақиртирилган ИИБ профилактика инспектори ҳам воқеани текширмай, кўмирни мактабдан чиқартириб юборилгани иддао қилинмоқда.

Туман ХТБ мудири вазифасини бажарувчи Бобоёр Очилов воқеани текшириб жавоб беришини айтди, лекин ундан бошқа дарак бўлмади.

Косон туманидаги 6-умумтаълим мактабининг мусиқа фани ўқитувчисининг айтишича, у бу воқеага тасодифан гувоҳ бўлиб қолган:

Агар буларнинг иши тоза бўлса, агар чиқинди кўмир бўлса, нега кундуз куни, бемалол қилишмайди?

“Ўша куни кечаси соат 11ларда мактабнинг олдидан ўтиб кетаётганимда мактабнинг ичида ЗИЛ мошинасини кўриб қолдим. Нима қилаётган экан бу мошин ярим кечаси деб борсам, кўмир ортишаётган экан. Ҳаммаё ёқ қоп-қоронғи, светлар ўчган. Мен видеога олаётган эдим, мактаб қоровули келиб телефонга ёпишди. Ўғрилик қиляпсизларми десам, бу чиқинди кўмир, деди. Чиқинди бўлса нега қоп-қоронғуда, яширинча юклаяпсилар десам, буни эгаси бор сени ишинг бўлмасин, деди. Юкловчиларнинг тепасида турган бир одам ҳам сени нима ишинг бор, балки ҳокимиятга бораётгандир , балки районога бораётгандир бу, деди. Кейин мен чиқиб кетдим. Агар буларнинг иши тоза бўлса, агар чиқинди кўмир бўлса, нега кундуз куни, бемалол қилишмайди? Нега ярим кечаси чироқларни ўчириб қўйиб, яширинча қилишади?”.

Ўқитувчининг айтишича, воқеа ҳақида хабар бериш учун у қариндошларини профилактика инспекторининг уйига юборган.

Кўмир юкланган ЗИЛ автомобили.
Кўмир юкланган ЗИЛ автомобили.

6-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Матлуба Очилова ҳам воқеа гувоҳи бўлганини айтади:

Шунча кўмиримиз бор экану, қиши билан мактабда совқотиб чиқдик, деб ҳайрон қолдим.

“Кечаси ўғилчам ёнимда, бир иш билан чиққандим, қайтаётсам мактабнинг олдида ғала-ғовур. Кечаси соат ўн иккилардан ўтиб қолган эди. ЗИЛ мошинни тепасигача кўмирни юклаб, поезд йўлдан ўтказишиб Бухоро томонга олиб кетди. Директорнинг ўзи ҳам келган экан. Шунча кўмиримиз бор экану, қиши билан мактабда совқотиб чиқдик, деб ҳайрон қолдим. Қишда фақат директор ва ўринбосарларининг хонаси исиди. Директор кўмирни сотдими ёки шундай бериб юбордими, буни билмайман".

6-умумтаълим мактабининг яна бир ўқитувчиси Қундуз Нарзуллаева ҳам мактаб қишда яхши иситилмай, кўмир иқтисод қилиб қолинганини айтади:

Синфлар умуман исимасди, шу қиши билан ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам яхлаб чиқди.

“Кечаси соат бирларга яқин ўқитувчимиз менга телефон қилиб, мактабга келинг, кўмирни ўғирлашяпти, деди. Кийиниб чиқиб, мактабга етай деб қолганимда олдида ЗИЛнинг олдида қизил Несия орқасида иккита Кобалт мошина билан ўтиб кетди. Юк мошина затарит қилинганидан кучаниб зўрға юрарди. Ўқитувчиларимиз участковойни ҳам чақиртирган, лекин унинг ҳам директор билан тили бир экан, индамай чиқартириб юборибди. Қишда ўт ёқувчини директор мавсумий қилиб чақиртирганди. У эрталаб келиб бир марта камгина ёқиб қўярдию, кетарди. Синфлар умуман исимасди, шу қиши билан ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам яхлаб чиқди. Совуқлаигидан дарслар ҳам тўлиқ ўтилмади, 3-4саотдан кейин болаларга жавоб бериб юборилаверди”.

Мактаб қоровули Рустам Бафоев Озодлик билан суҳбатда кўмирнинг тупроғи ортилганини ва уни кечаси олиб кетишга мактаб директори Феруза Фармонова кўрсатма берганини айтди:

“Кўмир эмас эди, бироз тупроғи қолган эди. Директор мошин айтган экан, ўшани олиб кетишди. Мен мошинани ҳам билмайман, ким ортиб кетганини ҳам билмайман. Мен оддий қоровул одамман, уларнинг олди-бердисига, келди-кеттисига аралашмайман”.

Озодлик уч кун давомида мактаб директори Феруза Фармонова билан боғланишга ҳаракат қилди, аммо директор қўнғироқларга жавоб бермади.

Косон тумани Халқ таълими бўлими мудири вазифасини бажарувчи Бобоёр Очилов 4 май куни воқеани текшириб жавоб беришини ва ўзи Озодликка қўнғироқ қилишини айтиб, телефон рақамларни ёзиб олди. Лекин ундан бошқа дарак бўлмади. Озодликнинг 8 май кунги қўнғироқларига эса жавоб бермади.

Воқеага гувоҳ бўлган профилактика инспектори ҳам Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Ўзбекистонда қиш пайтида газ ва электр энергияси тақчиллиги боис, аксарият мактаблар кўмирда иситилади.

Озодлик мактабларнинг қиш мавсумида яхши иситилмагани боис, ўқувчилар совқотиб қолаётгани, дарс соатлари қисқартирилгани ҳақида ҳам кўп хабар берган.

XS
SM
MD
LG