Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:11

Бош вазир ўринбосари миллий чўмилиш кийими яратиш ҳақида кўрсатма берди


Eltuz.com рассоми Боситхонова ташабусини ҳажв қилди.
Eltuz.com рассоми Боситхонова ташабусини ҳажв қилди.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова таклифига биноан Тошкентдаги “Шарқ либослари”дизайн студияси миллий услубдаги чўмилиш кийимлари яратиш ишларини бошлади. Сурхондарë ва Қорақалпоғистонда эса айни мулозим буйруғи билан аëллар учун бассейнлар қуриш ишлари бошланди. Шу аснода “Оила даврасида” газетаси аëллар бассейни қандай бўлиши кераклиги ҳақида мақола чоп қилди.

Озодликнинг Сурхондарë вилоят ҳокимлигидаги манбасининг айтишича¸ Бош вазир ўринбосари “видеселектор” ўтказиб қишлоқларда аëллар учун бассейн қуриш ва миллий чўмилиш либоси яратиш ҳақида уқтирган:

- Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти ҳамда ушбу вазирлик-идораларнинг жойлардаги бошқарма ва бўлинмалари иштирокида видеоконференция ташкил этилди. Унда Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова , аёллар ва қизларни қишлоқ жойларда сув спорти билан мунтазам шуғулланишини янада ривожлантириш учун мамлакатимизнинг 95 туманида бассейнлар қуриш вазифасини қўйди. Шунга кўра ҳозир Сурхондарëда 12 та бассейн қуриш устида ишлаяпмиз¸ деб ўқиб берди Озодлик манбаси ўтказилган "видеоселектор" тўғрисидаги ҳисоботни.

Нега аëллар учун 95 бассейн қурилиши керак ?

Видеоселекторда қатнашган Озодлик манбасининг айтишича¸ етишмаган бассейнлар сони 95та деб топилган:

- Масалан, Андижонда бассейн масаласи ëмон эмас фақат яна битта қуриш керак. , Қорақалпоғистон Республикасида 12 та, Андижон вилоятида 1 та, Бухоро, Жиззах, Самарқандда 9 тадан, Қашқадарёда 10 та, Навоийда 5 та, Наманган ва Сирдарёда 6 тадан, Сурхондарёда 12 та, Тошкент ва Фарғонада 4 тадан, Хоразм вилоятида 8 та бассейн етишмайди. Буларнинг ҳаммасини жамлаб аëллар учун 95 та бассейн қуриш керак деган буйруқ бўлди¸ дейди манба.

Миллий сийнабанд ëки “Ўзбикини”

Видеоанжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова қишлоқ аëллари учун мос ва миллий қадрият ҳамда мафкура қуюшқонига тўғри келадиган чўмилиш кийимлари яратиш вазифасини қўйди.

Озодлик манбаси Боситхонова нутқи ëзилган стенограммадан яна бир парча ўқиб берди:

“Қишлоқ жойларида сув спорти билан шуғулланаётган қизларга қулай, миллий қадриятлар ва замонавий мода йўналишлари уйғунлашган дизайнга эга сузиш кийимларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш долзарб бўлиб турибди”, дея таъкидлаган Бош вазир ўринбосари.

Мулозиманинг бу гапидан кейин “Ўзбекенгилсаноат” ҳиссадорлик жамиятига оид корхоналарда “миллий чўмилиш кийимларини” тикиш бошланган.

“Ўзбекенгилсаноат” ҳиссадорлик жамиятидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ ҳозир учта шаҳарда чўмилиш кийимлари тикиш йўлга қўйилган:

- Бош вазирнинг таклифидан кейин бешта ихтисослаштирилган корхона аёллар сузиш формаларини ишлаб чиқара бошлади. Улар Тошкент, Самарқанд ва Андижон вилоятларида фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, бошқа вилоятлардаги корхоналаримиз ҳам спорт кийимларини ишлаб чиқаришга тайëрланмоқда”, дейди манба.

Озодликка маълум бўлишича “Ўзбекенгилсаноат” қошида ташкил этилган “Шарқ либослари” дизайни маркази дизайнерлари миллий менталитет ва мафкурага тўғри келадиган чўмилиш кийимларининг янги моделлари устида иш олиб бормоқда.

Аëллар сузадиган ҳовуз

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова ўтган ойда бўлган мажлисда сўзга чиқиб “Маънавият ва урф –одатлардан келиб чиққан холда аëллар учун алоҳида чўмилиш ҳовузлари яратиш давр талаби эканлигини” таъкидлаган эди.

Замонавий Ўзбекистон тарихида шу пайтгачачўмилиш ҳавзалари гендерлик аломатига кўра ажратилмаган.

Бухоро Амирининг Ситораи Моҳи Хоса саройида фақат аëллар чўмиладиган ховуз мавжуд бўлганлиги айтилади.

Аëллар ғамини ейдиган мулозим ëки Ўзбекистон Робинзон ороли эмас

Миллий чўмилиш кийими ва аëллар учун алоҳида ҳовузлар бўлишини таклиф қилган Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Элмира Боситхонова бундан олдин айрим хонандаларнинг "миллийликка ёт" кийиниш услуби ҳамда "беҳаё ва беандиша" клипларини танқид қилиб матбуот назарига тушган эди.

"Ўзбекистон - Робинзон яшайдиган орол эмас, агар кимки, бугун демократия, истаганимни қиламан, деб ўйласа, халқ, жамият фикри билан ҳисоблашмаса, қаттиқ адашади", - деган эди Боситхонова хоним ўтган йили Тошкентда ўтган маданият ва санъат арбоблари билан учрашув чоғида.

XS
SM
MD
LG