Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2024, Тошкент вақти: 14:32

Ўзбекистон хабарлари

БП: “Дендропарк”да ноёб дарахтлар кесилгани юзасидан жиноят иши очилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент вилоятидаги “Дендропарк”да 2017 йилдан буён қатор объектлар ноқонуний қурилгани ва ноёб дарахтлар кесилгани ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатган.

Бош прокуратура матбуот хизмати қайдича, БП, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва бошқа мутасадди давлат идоралари билан ҳамкорликда Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳудудида ўсимликлар дунёси муҳофазаси ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш аҳволи ўрганилган.

Ўрганиш чоғида Тошкент вилояти Тошкент туманида жойлашган “Дархон” илмий-тажриба станцияси (“Дендропарк”) ер майдонлари мутахассислар иштирокида кўздан кечирилиб, дарахтларни нобуд қилиш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар аниқланган.

“Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг 198 (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) ва 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди”, дейилган хабарномада айни пайтда бу бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.

Октябр ойи бошида БП матбуот хизмати Тошкент туманидаги мазкур манзарали боғдорчилик ва ўрмон илмий-тажриба хўжалиги ҳудудида экилган ноёб ёнғоқ дарахтлар нобуд қилинаётгани ҳақида маълумот тарқатган эди. Ўшанда 85 туп ноёб ёнғоқ дарахти кесиб ташлангани, дарахтларнинг 103 тупи эса масъулиятсизлик сабаб қуриб қолгани қайд этилган.

Кун янгиликлари

CCВ: Ўзбекистонда коронавируснинг янги штамми аниқлангани йўқ

Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги ковидга қарши қурилган махсус касалхона. 2021
Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги ковидга қарши қурилган махсус касалхона. 2021

Коронавируснинг янги штамми Ўзбекистонда аниқлангани йўқ ва у саломатлик учун жиддий хавф туғдирмайди, деб баёнот берди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков.

Ушбу баёнот дунё мамлакатлари бўйлаб СOVID-19`нинг XEC номли янги штамми тарқалаётгани фонида янгради.

Санитария мулозимига кўра, Ўзбекистон коронавирусга қарши етарли вакцина захирасига эга.

“Шу боис юртимизда катта миқёсдаги эпидемия ва пандемиялар кузатилиши эҳтимолдан йироқ. Негаки, аҳолимизда мавжуд бўлган жамоавий иммунитет мазкур касаллик қўзғатувчисини мамлакатимиз ҳудудига кириб келиб, жуда кенг кўламда тарқалиш хавфини сезиларли даражада камайтиради”, дейди Нурмат Отабеков.

Пандемия йили: Коронавирус, карантин ва коррупция
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:49 0:00

Қайд этилишича, коронавирусга қарши қўлланиб келаётган вакциналар ҳозир аниқланаётган барча штаммлар, жумладан, XEC мутациясига нисбатан ҳам самара беради ва янги эмлаш воситасини ишлаб чиқаришга эҳтиёж йўқ.

Отабековнинг ишонтиришича, “Мутациялардан ваҳима ясаш керак эмас. Бинобарин, эндиликда коронавирус инфекциясига оғир йўқотишларни келтириб чиқарадиган хавфли патология эмас, балки ЎРВИ ва грипп сингари мавсумий касалликлар сингари муносабатда бўлиш вақти келди”.

Халқаро экспертлар хулосасига кўра, СOVID-19`нинг XEC версияси “омикрон” штаммининг KS.1.1 ҳамда KP.3.3 вариантлари комбинациясидан пайдо бўлган. Илк бор шу йил 15 июнда Германияда аниқланган ушбу штамм ҳозиргача 27 мамлакатда рўйхатга олинди.

Ўзбекистонда жамоат транспортига солиқ имтиёзи бекор қилинади

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2025 йил 1 январдан бошлаб йўловчиларни шаҳар жамоат транспорти ва шаҳар атрофи поездларида ташиш учун солиқ имтиёзлари бекор қилинади.

Ўзбекистон президенти 18 сентябрь куни имзолаган айрим солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилишга оид фармонда шундай талаб кўзда тутилган.

Ҳозирда жамоат транспорти ва шаҳар атрофи поездларида ташиш хизматлари қўшилган қиймат солиғи бўйича 12 фоизлик имтиёздан фойдаланади.

Янги йилдан ягона тарифлар асосида йўловчи ташувчи жамоат транспорти корхоналари ҚҚСни тўлай бошлайди. Яна икки турдаги солиқ имтиёзи тугатилади.

Экспертлар солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши жамоат транспорт тарифларига таъсир этишини айтмоқда.

Маълумот ўрнида, жорий йил 1 апрелдан эътиборан дори воситалари, сув, иссиқлик таъминоти, канализация ва бошқа товар, хизматлар учун ҚҚС имтиёзи тугатилган, бу эса уларнинг нархида акс этган эди.

"Омонқўтон"да ноёб дарахтлар кесилиши тергов қилинади

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Бош прокуратура Самарқанд вилоятидаги “Омонқўтон” миллий табиат боғида 2500 тупдан ортиқ ноёб ва Қизил китобга киритилган дарахтлар кесилгани юзасидан жиноят иши очди.

Август ойида Экология вазирлиги Самарқанд вилояти Ургут туманидаги “Омонқўтон” миллий табиат боғига номаълум шахслар экскаватор ва бульдозерлар билан ноқонуний кириб, дарахт ва буталарга зарар етказгани, Қизил китобга киритилган ўсимликларни пайҳон қилгани ҳақида хабар берганди.

Прокуратура хулосасига кўра, ушбу ҳудудда ноқонуний равишда йўл очилиб, тупроқлар сурилган ва бунинг оқибатида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 7 турдаги 1112 туп, ноёб ва йўқолиб бораётган 5 турдаги 1479 туп ўсимлик нобуд қилинган. Шунингдек, 8 турдаги 64 туп дарахт ва буталар кесилган, нобуд қилинган ва шикастлантирилган.
Умумий зарар 1 миллиард 115 миллион 907 минг сўмни ташкил этади.

Жиноят кодексининг 204-моддаси (муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузиш) 2-қисми билан қўзғатилган жиноят иши Бош прокуратура назорати экани хабар қилинган.

Экология вазирлигига кўра, “Омонқўтон” миллий табиат боғи табиатни асраш, биохилма-хилликни сақлаш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга объектлардан бири ҳисобланади. Бу ерда 1300 турдан ортиқ ўсимлик, ноёб, қимматбаҳо дарахтлар, 126 турдан ортиқ умуртқали ҳайвон, 100 турдан ортиқ қуш учрайди.

Ўсимликларнинг 101 тури муҳофазага муҳтож саналади.

Тошкентда иссиқ сув нархи яна ошади

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Тошкент шаҳрида иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти учун тўловлар оширилади.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши 12 сентябрь куни қабул қилган қарорда тўлов миқдори 15 фоизга ошиши белгилангани ҳолда, янги тариф қачондан кучга кириши аниқ кўрсатилмаган.

Янги тарифга биноан пойтахт аҳолиси иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти хизматлари учун амалдаги 105754 сўм ўрнига 121617 сўм тўлайди.

Юридик шахслар, яъни ташкилотлар тарифи эса 212606 сўмдан 244497 сўмга қимматлайди.

Янги Тошкент: "Олтин тупроқ" устига қурилаётган тош шаҳар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:31 0:00

Бу иссиқ сув тарифининг жорий йилдаги иккинчи ошишидир. Тўловлар 2 апрелда ҳам кўтарилганди.

Тошкент шаҳрига иссиқлик ва иссиқ сув етказиш билан шуғулланувчи “Veolia Energy Tashkent” компаниясига кўра, истеъмолчилар базавий тарифнинг 14 фоизини тўлайди, қолгани эса шаҳар бюджетидан субсидия шаклида қопланади.

2024 йилда ушбу мақсадда пойтахт бюджетидан 1,97 триллион сўм йўналтириши режалаштирилган.

Ўзбекистон БМТда Фаластинни дастаклаб овоз берди

БМТда овоз бериш жараёни.
БМТда овоз бериш жараёни.

БМТ Бош ассамблеяси 18 сентябрь куни Исроилдан ишғол остидаги Фаластин ҳудудларидан ўз кучларини олиб чиқиш талаб этилган резолюцияни қабул қилди.

БМТ ахборот хизмати хабарига кўра, Фаластин ва бошқа ўнлаб давлатлар ҳамкорлигида тайёрланган резолюцияни 124 давлат ёқлади, 43 давлат бетараф қолди, 14 давлат эса қарши овоз берди.

Марказий Осиёнинг қолган давлатлари қаторида Ўзбекистон ҳам резолюцияни қўллаб-қувватлаган.

Аргентина, Чехия, Венгрия каби давлатлар қаторида резолюцияга қарши овоз берган АҚШ томони мазкур ҳужжат “тинчлик ўрнатишга халал бериши”ни айтган.
Буюк Британия ва Германия бу гал бетарафликни маъқул кўрган.


Муқаддимада мазкур резолюция Халқаро суднинг Исроилнинг ишғол остидаги Фаластин ҳудудлари, жумладан, Шарқий Қуддусдаги сиёсати ва ҳаракатлари ҳуқуқий оқибатларига доир хулосасига таянган ҳолда ишлаб чиқилгани қайд этилган.

Мажбурлов кучига эга бўлмаган ҳужжатда Исроилга бир йил ичида ўз қўшинини Фаластин ҳудудидан олиб чиқиш талаби қўйилган.

Ўзбекистон халқаро майдонда Фаластин манфаатларини ҳимоя қилувчи давлатлардан сафидан ўрин олган. Расмий Тошкент БМТ Бош ассамблеясининг 2023 йил октябрь ойидаги Ғазо секторида гуманитар сулҳ тузиш, 2023 йил декабрь ойидаги Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатиш чақириғи акс этган резолюцияларини ҳам дастаклаган эди.

Бойсундаги брифинг: Вазирлар саволларга жавоб бермади

Бойсун туманида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони. 1 сентябрь, 2024
Бойсун туманида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони. 1 сентябрь, 2024

18 сентябрь куни Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев иштирокида Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида рўй берган техноген ҳодиса юзасидан брифинг ташкил этилди.

ОАВ вакиллари билан учрашув авария рўй берган коннинг ўзида ўтказилган.

Масъулларга кўра, 17 сентябрь куни “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида яна олтингугурт гази чиқа бошлаган ва бунинг оқибатида 4 киши ҳалок бўлган, 11 киши жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

Ҳодисанинг такрорлангани “коннинг географик жойлашуви ва ўзига хос хусусиятлари” билан изоҳланган.

Kun.uz” нашри хабарига кўра, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов брифингда коннинг техник тавсифи ва уни ўзлаштириш нақадар мураккаблиги ҳақидаги бир неча саҳифали маълумотномани ўқиб эшиттирган. Аммо ҳукумат мулозимлари журналистларнинг аварияга доир саволларини очиқ қолдирган.

17 сентябрь куни рўй берган авария Бойсундаги газ конида сўнгги ҳафталарда кузатилаётган навбатдаги фавқулодда вазиятдир.
Аввал хабар берганимиздек, Бойсун туманидаги М-25 газ конига қарашли 604-сон қудуғида 1 сентябрь куни соат 15:17 да портлаш содир бўлган водород сульфид гази, яъни олтингугурт чиқиши кузатилган.
Бунинг ортидан кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.

ФВВ ўшанда фуқаролар орасида тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмагани, вазият тўлиқ назорат остида эканига ишонтирганди.

Аммо ўшанда ҳам ижтимоий тармоқларда Enter Engineering ширкатининг тўрт нафар ишчиси ҳодиса жойида ҳалок бўлгани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар тарқалганди.

Илк авариядан икки ҳафта ўтиб, 15 сентябрь куни Eriell компанияси матбуот хизмати маҳаллий матбуотга водород сульфид сизиб чиққан қудуқда сўндириш жараёни якунланганини маълум қилганди. Орадан икки кун ўтиб, конда газ сизиб чиқиши қайта бошланган.

Тожикистонлик журналист Ўзбекистонга киритилмади

тожикистонлик журналист Шервон Умриддин.
тожикистонлик журналист Шервон Умриддин.

Ўзбекистон расмий идоралари тожикистонлик журналист Шервон Умриддиннинг 5 йил давомида мамлакат ҳудудига киришини тақиқлади.

Журналист бундан жорий йил 7 сентябрь куни “Саразм” назорат-ўтказиш пункти орқали ўтаётганда хабар топган. У қизини даволатиш учун Самарқандга бормоқчи бўлган.
Озодлик рaдиоси тожик хизмaтига “масала ўрганилаётган”ини маълум қилган Тожикистоннинг Тошкентдаги элчихонаси бошқа тафсилотларни очиқламаган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ёки чегара хизмати ҳам ҳолат юзасидан расмий изоҳ бермаган.

Шервони Умриддинга кўра, 7 сентябрь куни ўзбек чегарачилари назорат пунктида уни 3 соат давомида ушлаб туришган. Кейин эса Тошкент уни исталмаган шахслар рўйхатига киритгани маълум қилинган.

Журналистнинг тахминича, Самарқанд ва Бухорода тожик тили ҳолати ва фаоллар ҳақидаги уч видеоролик туфайли Ўзбекистонда “қора рўйхат”га тиркалган бўлиши мумкин.

Умриддиннинг Ўзбекистон расмий идоралари, хусусан, Душанбедаги элчихонадан мамлакатга киритилмагани юзасидан ёзма изоҳ олишга уринишлари бесамар кетган.
Тожик журналисти сўнгги йилларда Ўзбекистонга беш марта сафар қилгани, бирор марта мамлакат қонунларини бузмаганини айтади.

Ўзбекистонни чорак аср мобайнида бошқарган Ислом Каримов президентлиги даврида Тожикистон фуқароларининг қўшни мамлакатга сафар қилиши амримаҳол эди. Ўзбекистон фуқаролари ҳам Тожикистонга саёҳат қилишда виза муаммоларига дуч келарди.

Сўнгги йилларда Тошкент ва Душанбе ўртасида борди-келди муносабатлари фаоллашгани, фуқароларнинг кириш-чиқиши осонлашгани айтилади.

Навоийда чақалоғини 10 миллион сўмга сотишга уринган аёл ушланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида чилласи чиқмаган чақалоғини сотишга уринган аёл қўлга олинган.

Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълумотига кўра, навбаҳорлик К. Р. яқинда туғилган фарзандини 10 миллион сўмга сотмоқчи бўлган.

ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда туман ИИБ ходимлари иштирокида ўтказилган тезкор тадбир давомида К. Р. чақалоғини қўшни маҳалладаги З. С.га 10 млн сўмга сотаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди”, дейилган ИИБ хабарномасида.

Қайд этилишича, аёлга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Расмийлар Бойсундаги газ конида 4 киши ўлганини тан олди

Бойсундаги газ кони. 1 сентябрь, 2024
Бойсундаги газ кони. 1 сентябрь, 2024

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М-25) газ конида 17 сентябрь куни рўй берган ҳодиса оқибатида 4 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Газета.uz нашри Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадовга иқтибосан хабар тарқатди.

Бош прокуратура ва Экология вазирлиги масъуллари 17 сентябрь куни водород сульфид сизиб чиқиши эмас, балки “ишлаб чиқариш билан боғлиқ техник ҳодиса” рўй берганини маълум қилган, аммо унинг тафсилотларини очиқламаган.

“Мустақилликнинг 25 йиллиги”да портлаш, аҳоли кўчирилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:17 0:00

17 сентябрь куни рўй берган “ишлаб чиқариш билан боғлиқ техник ҳодиса” Бойсундаги газ конида сўнгги ҳафталарда кузатилаётган навбатдаги фавқулодда вазиятдир.
Бойсун туманидаги М-25 газ конига қарашли 604-сон қудуғида 1 сентябрь куни соат 15:17 да портлаш содир бўлган эди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган маълумотга кўра, қудуқда бурғулаш ишлари олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт, яъни водород сулфид гази чиқиши кузатилган.

Бунинг ортидан кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.
ФВВ ўшанда фуқаролар орасида тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмагани, вазият тўлиқ назорат остида эканига ишонтирганди.

Аммо ўшанда ҳам ижтимоий тармоқларда Enter Engineering ширкатининг тўрт нафар ишчиси ҳодиса жойида ҳалок бўлгани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар тарқалганди.
Конда газ сизиб чиқиши қарийб икки ҳафта давом этди. 15 сентябрь куни Eriell компанияси матбуот хизмати маҳаллий матбуотга водород сульфид сизиб чиққан қудуқда сўндириш жараёни якунлангани, жараёнга Россия ва АҚШдан мутахассислар жалб қилинганини маълум қилди.

Ҳодисани текшириш учун махсус ҳукумат комиссия тузилгани эълон қилинган, аммо комиссия ҳозиргача ҳодиса сабаблари борасида бирон дастлабки хулосани эълон қилганича йўқ.

Ўзбекистонликлар учун Германиядан ишчи визаси олиш осонлашади

Германия ўзбекистонликлар учун ишчи визасини бериш тартибини енгиллаштирмоқчи. Бу ҳақда ГФР ички ишлар вазири Нэнси Фезер Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев билан куни кеча Самарқандда бўлиб ўтган учрашувда маълум қилган.

Бандлик вазирлиги қайдича, учрашув чоғида Фезер хоним икки мамлакат ўртасида миграция масаласида қатор енгилликлар ишлаб чиқилаётгани, битим доирасида немис иш берувчилари ўзбекистонликларни соддалаштирилган тартибда ишга қабул қилишга тайёрлигини билдирган.

Аввалроқ бандлик вазири Беҳзод Мусаев “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида икки давлат ўртасида темир йўл ва автобус ҳайдовчилари ҳамда ҳамшираларни тайёрлаш бўйича амалий келишувларга эришилгани, бу йил 800 дан зиёд ҳамшира Германияга уюшган ҳолда юборилиши, уларнинг 400 нафари аллақачон Германияда ишлаётгани, ўзбекистонлик ҳамшираларнинг иш ҳақи камида 2200 еврони ташкил қилиши ҳақида маълум қилган эди.

Вазир Мусаев германиялик мутасаддилар билан соддалаштирилган виза тартиб-қоидалари кўриб чиқилгани, Германиядан кўплаб иш берувчилар билан бундай шартномаларни имзолаш режалаштирилганини тасдиқлаган.

“Ушбу келишувни тарихий деб атаса бўлади. Мисол учун, Ҳиндистон ва Германия ўртасида ушбу шартнома 6 йил давомида тайёрланган бўлса, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги стратегик муносабатларни аҳамиятга олган ҳолда, ушбу мураккаб ҳужжат бир йил ичида тайёрланди ва имзоланди. Бугунги битим 1−5 йиллик муддатни эмас, балки 10−20−30 йиллик муддатни ўз ичига олади”, дея иқтибос келтирмоқда маҳаллий матбуот Беҳзод Мусаев сўзларидан.

Аввалроқ Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вазирлик мутасаддилари ва Германиянинг "Globogate Concept AG" концерни ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномасига мувофиқ, Тошкентда “Ҳамширалар учун Германия тиббиёт академияси” ташкил этилиши, академия талабаларига бир йил давомида касб ва тил ўргатилиши, ўқиш сўнгида улар диплом олиш билан бир қаторда Германияда ишлаш ҳуқуқини берувчи касбий сертификатни ҳам қўлга киритиши ҳақида маълум қилган.

Шунингдек, вазирлик DB Engineering & Consulting ширкати билан Ўзбекистонда Германия темир йўллари ("Deutsche Bahn”) учун мутахассислар тайёрлаш бўйича баённома имзолангани ҳақида ҳам маълумот тарқатган.

“Германия темир йўл транспорти, автобус, метрополитен тизими учун мутахассисларга эҳтиёжимиз баланд ва уларни немис стандартлари асосида Ўзбекистонда ўқитиб, касб ва тил имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган номзодларни эса “Deutsche Bahn” тармоғига ишга жойлаштиришга тайёрмиз”, дея иқтибос келтирилган DB Engineering & Consulting ширкати раҳбари Нико Варбанофф сўзларидан бандлик вазирлиги хабарномасида.

Тошкентдаги мебель корхонасида чиққан ёнғин 1,5 соатда ўчирилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида жойлашган мебель корхонасида 18 сентябрь тонгида содир бўлган ёнғинни бартараф этиш учун 1,5 соат вақт сарфланган.

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, Олмазор туманининг Уста Ширин кўчасида жойлашган мебель ишлаб чиқариш корхоналарининг бирида ёнғин чоршанба куни соат 07:28 да чиққан. Ўт ўчирувчилар ёнғин чиққан манзилга соат 07:34 да етиб боришган.

Ёнғин қутқарув экипажлари томонидан ёнғин соат 07:58 да қуршаб олиниб, соат 08:56 да батамом ўчирилди”, дейилган бошқарма хабарномасида.

ФВБ вакиллари ёнғин натижасида “тан жароҳати олган ва вафот этган фуқаролар йўқ” йўқлигини билдиришган.

Айни вақтда ёнғин сабаби ва моддий зарари аниқланмоқда”, дейилган хабарномада.

Бухорода атмосферани булғаган 120 чоғли мулозим жазоланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Бухоро вилоятида жорий йил бошидан буён атмосферани ифлослантирганликда айбдор кўрилган 117 нафар мансабдор жавобгарликка тортилган. Улар қурилиш чиқиндилари ва бошқа чиқинди турларини ёқиш, дала ва аҳоли пунктларида хазон, шох-шаббаларга ўт қўйиш каби ҳуқуқбузарликларни содир этишган. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумот тарқатди.

Мулозимлар ҳуқуқбузарлиги Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларининг бузилишига қарши ўтказиб келинаётган назорат рейдлари чоғида аниқланган.

Қайд этилишича, рейд давомида ўтган 9 ой ичида вилоят бўйлаб жами 1 минг 356 нафар фуқаро томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилгани маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 88-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳуқуқбузарлар жами 332 миллион сўм миқдорида жаримага тортилди”, дейилган хабарномада атмосферани муҳофаза қилиш талаблари бузилишига қарши рейдлар ҳали ҳам давом этаётгани, бу йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар жавобгарликка сабаб бўлиши эслатилган.

Мирзиёев санкциялар Марказий Осиё минтақасига салбий таъсир этаётганидан нолиди

Қозоғистон пойтахтида ўтган “Марказий Осиё – Германия” иккинчи саммитидан лавҳа, Остона, 2024 йил 17 сентябри
Қозоғистон пойтахтида ўтган “Марказий Осиё – Германия” иккинчи саммитидан лавҳа, Остона, 2024 йил 17 сентябри

Можаролар ва урушлар, умуман, глобал миқёсдаги беқарорлик ва вазият қайси томонга ўзгариши ноаниқ бўлиб қолаётгани, санкциялар сиёсати, протекционизмнинг кучайиши ва бошқа кўплаб омиллар Марказий Осиё мамлакатларига ҳаддан ташқари салбий таъсир кўрсатяпти, минтақада миллий ислоҳотларни амалга оширишда жиддий синовга айланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 сентябрь куни Остонада ўтказилган “Марказий Осиё – Германия” иккинчи саммитида билдирган.

Ўзбекистон президенти ўз нутқида можаролару санкцияларнинг минтақадаги сиёсат ва иқтисодиётга салбий таъсири айнан нималарда акс этаётганига тўхталган эмас.

Саммитдаги нутқида президент Мирзиёев Марказий Осиё ва Германия ўртасида стратегик минтақавий шериклик ўрнатилганини юқори баҳолаб, устувор йўналишларда дастурий тадбирларни қамраб олган узоқ муддатли Ҳамкорликни ривожлантириш концепциясини қабул қилишни таклиф этган. Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш учун “Марказий Осиё – Германия” таҳлил марказлари форумини таъсис этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этган президент Мирзиёев Ўзбекистон томони форумнинг биринчи мажлисини келгуси йили Хивада ўтказишга тайёр эканини қайд этган.

Ўз нутқида Ўзбекистон президенти Германиянинг етакчи компаниялари билан инвестициявий ва технологик шерикликни кучайтириш, Германиянинг илғор билим ва технологияларини жорий этиш асосида ўта муҳим хомашё ресурслари соҳасида ҳамкорлик қилиш зарурлигини урғулаб, “яшил” энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва иқлим ўзгаришига қарши биргаликда курашиш аҳамиятига тўхталган.

Мирзиёевга кўра, Транспорт коммуникациялари, шу жумладан, ерусти ва ҳаво ташувлари яхши ривожланмагани ҳамкорликни чуқурлаштиришда энг катта тўсиқ бўлмоқда.

Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган муқобил транспорт йўлакларини ривожлантириш борасида Европа институтларини жалб этишда Германиянинг кўмагига умид қиламиз. Келгуси йилда бундай йўналишлар транзит салоҳиятини ошириш йўлларини топиш бўйича вазирларнинг қўшма конференциясини ўтказишни таклиф этамиз”, деган Ўзбекистон президенти Остонадаги саммитда.

Марказий Осиёда хавфсизлик соҳасидаги вазият Афғонистонда рўй бераётган жараёнлар билан узвий боғлиқлигини таъкидлаган Мирзиёев Ўзбекистон Германия ва Европадаги бошқа шериклар билан биргаликда бу мамлакатни минтақавий иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш, чегара ёнида жойлашган Термиз шаҳридаги таълим марказида Афғонистоннинг тинч ҳаёти учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича кадрлар, жумладан, хотин-қизларни тайёрлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини қўшимча қилган.

Нутқ якунида президент Мирзиёев “Ўзбекистон Германиянинг Марказий Осиё минтақаси билан кўп қиррали ҳамкорлик бўйича салоҳияти янада тўлиқроқ рўёбга чиқишидан манфаатдор”лигига алоҳида эътибор қаратган.

Ўзбекистон президенти қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев таклифига биноан 17 сентябрь тонгида “Марказий Осиё – Германия” саммитида иштирок этиш учун Остона шаҳрига жўнаб кетгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Мазкур саммитда Шавкат Мирзиёев, мезбон президент Қасим-Жомарт Тоқаев ва ГФР канцлери Олаф Шольцдан ташқари Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳамда Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам иштирок этган.

Ўзбекистон АҚШ билан фойдали қазилмалар бўйича меморандум имзолади

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Насритдинхўжаев билан, Тошкент, 2024 йил 16 сентябри (АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси фотоси)
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Насритдинхўжаев билан, Тошкент, 2024 йил 16 сентябри (АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси фотоси)

Жорий йилнинг 16 сентябрь куни АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида фойдали қазилмалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумот тарқатди.

Ҳужжатга Ўзбекистон томонидан Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Насритдинхўжаев, Қўшма Штатлар томонидан эса элчи Жонатан Хеник қўл қўйган.

Хабарномада ўтган йил сентябрида Нью-Йоркда бўлиб ўтган Президентлар саммитида Жо Байден, Шавкат Мирзиёев ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари фойдали қазилмалар бўйича мулоқотни бошлаш ниятида эканларини эълон қилишгани, ушбу меморандум АҚШ ва Ўзбекистоннинг ўша саъй-ҳаракатларни илгари суриш, иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёнинг ноёб экотизимларини ҳимоя қилиш билан бирга тоза энергияга ўтиш жараёнини олға сурувчи инвестицияларни жадаллаштириш ниятида эканидан далолат бериши урғуланган.

Элчихона қайдича, минераллар ва ноёб ер элементлари тоза энергия ва бошқа технологиялар учун зарур бўлиб, иқтисодиётда тобора муҳим рол ўйнамоқда. АҚШ Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноатига хусусий сектор сармоясини жалб қилиш бўйича фаол иш олиб боряпти.

“Ушбу меморандум келгусида глобал кончилик соҳасида юқори экологик, меҳнат ва бошқарув стандартларини таъминлашга қаратилган умумий мақсадимизни ўзида акс эттиради”, дейилган хабарномада.

Элчи Хеникка кўра, АҚШ ва Ўзбекистон келажакда энергетика соҳасини шакллантирадиган мустаҳкам ва хавфсиз таъминот занжирларига эга бўлиш учун ҳамкорлик қилиши лозим.

Ушбу меморандум глобал минерал таъминот занжирларини диверсификация қилиш ва икки томонлама савдо алоқаларимизни кенгайтириш бўйича умумий мажбуриятимизни намойиш этади. Биз Ўзбекистон билан кенгайиб бораётган стратегик ҳамкорликнинг навбатдаги босқичини нишонлашдан мамнунмиз”,деган жаноб Жонатан Хеник.

Ўз навбатида, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Ўзбекистон-АҚШ келишувидан кўзланган мақсад мамлакатлар ўртасида “муҳим хомашё соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, бошқа йўналишлардаги алоқаларни ҳам ривожлантиришдан иборат”лиги қайд этган.

Ушбу ҳужжат муҳим хомашё соҳасида АҚШ – Ўзбекистон мулоқотининг давом этишига, геология қидирув, қазиб олиш ва юқори қийматли маҳсулот занжирини яратиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Меморандумни имзолаш тадбири доирасида жорий йилнинг 24 – 26 сентябрь кунлари Невада штати Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтадиган тоғ-кон саноатидаги энг йирик глобал тадбир – MINExpo INTERNATIONAL кўргазмасида иштирок этувчи Ўзбекистон делегацияси вакиллари билан ҳам суҳбат ўтказилгани қўшимча қилинган.

Мирзиёев амалий ташриф билан Қозоғистонга учиб кетди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев таклифига биноан 17 сентябрь тонгида “Марказий Осиё – Германия” саммитида иштирок этиш учун Остона шаҳрига жўнаб кетган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, Остона халқаро аэропортида Мирзиёевни Қозоғистон бош вазири Ўлжас Бектенов ва бошқа расмий шахслар кутиб олган.

Остонадаги саммит “Марказий Осиё – Германия” форматида олий даражада ўтказилаётган учрашувларнинг иккинчисидир – биринчи саммит 2023 йилнинг 29 сентябрида ГФР пойтахти Берлинда ўтказилган эди.

Остона саммитида Марказий Осиё мамлакатларининг Германия билан кўп қиррали ҳамкорлигини янада теранлаштириш, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, технологиялар, транспорт-коммуникация ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Тадбирда кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади, минтақавий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилади. ГФР канцлери Олаф Шольц ҳам иштирок этадиган саммит кун тартибидан Марказий Осиё президентларининг Германиядаги йирик компания ва банклар раҳбарлари билан учрашуви ҳам ўрин олган.

Олаф Шольц уч кунлик ташриф билан Марказий Осиёга йўл олгани, канцлер минтақа сафарини Ўзбекистондан бошлаб, икки кунлик сафар чоғида Самарқандда қатор тадбирларда иштирок этгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG