БРИКСга қўшилиш истагини билдираётган мамлакатлар сони ортар экан, Хитой етакчиси Си Цзинпин навбатдаги саммитдан ўзи илгари сураётган муқобил дунё тартибини намойиш қилиш учун фойдаланмоқчи, Россия президенти Владимир Путин эса сиёсий майдонда яккаланиб қолмаганлигини кўрсатишни мақсад қилган.
Қозон шаҳрида БРИКСнинг 16-саммити бошланмоқда. Москва бу саммитдан Ғарбга жаҳон саҳнасида ёлғиз қолмаганини кўрсатиб қўйиш учун ҳам фойдаланади.
Миср, Эфиопия, Эрон ва БАА билан кенгайиб БРИКС+ форматига ўзгараётган ташкилотни Путин глобал сиёсат ва савдода Ғарбга қарама-қарши кучга эга бўлган блок сифатида таклиф қилмоқда.
«Ғарб бошчилигидаги дунё тартибининг издан чиқиши ортидан БРИКСнинг елкасига шамол тегмоқда. Дунё ўзгариб бормоқда. Халқаро банк, молия ва қонунчиликдаги ўзгаришлар келгуси ўн йилликларда дунёнинг қайси минтақалари муҳим аҳамиятга эга бўлишини белгилаши мумкин.», дейди Лондонда жойлашган Бирлашган Қироллик Мудофаа тадқиқотлари нститутининг катта илмий ходими Карлос Солар.
Бу йилги саммит янада кенгайтирилган форматда ўтиши мумкин. Чунки ташкилотга аъзоликни кўриб чиқаётган Озарбайжон, Беларус, Туркия ва Мўғулистон сингари йигирмадан ортиқ мамлакатлар ҳам саммитга таклиф қилинган.
Путин Қозонга ташриф буюрган давлат раҳбарлари билан алоҳида учрашувлар ҳам ўтказмоқда.
«Путин БРИКС Глобал Жануб учун гапиради, деб очиқ айтди. Хитой томонидан ҳам шундай ишора бўлди. Хитой ва Россия БРИКС+ Ғарб ҳукмронлик қиладиган халқаро тартибга, хусусан, Қўшма Штатлар гегемонлигига қарши восита бўлишига умид қилмоқда», дея изоҳлади Карнеги халқаро тинчлик жамғармаси катта илмий ходими Стюарт Патрик.
БРИКС қандай ташкилот ва нима учун аҳамиятли?
2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой БРИК номли ташкилотга бирлашди. 2010 йилда Жанубий Африка қўшилиши билан ташкилот БРИКСга айланди.
БРИКС дунёнинг ривожланаётган мамлакатларини бирлаштириш орқали Шимолий Америка ва Ғарбий Европанинг сиёсий ва иқтисодий қудратига қарши муқобил куч яратишни мақсад қилган.
БРИКС аъзолари Халқаро Валюта Жамғармаси (ХВЖ) ва Жаҳон банки каби молиявий институтлар бошқаруви Ғарб измида экани, бунга қарши туриш учун ривожланаётган иқтисодларни бирлаштирадиган иттифоқ зарурлигини таъкидлаб келади.
2014 йилда БРИКС Янги Тараққиёт банкини тузди ва Миср, Эфиопия, Эрон, Саудия Арабистони ва БАА аъзоликка таклиф қилинди. Аммо орадан кўп ўтмай Ар-Риёд расман гуруҳга қўшилмаслигини билдирди.
Аргентина ҳам аъзоликка таклиф қилинган, аммо ҳукумат таркибидаги ўзгаришлар сабабли бу амалга ошгани йўқ.
Кенгайган БРИКС 3,5 миллиардга яқин аҳолига эга ва дунё аҳолисининг 45 фоизини ташкил қилади. Бу давлатларнинг умумий иқтисодиёти 28,5 триллион доллардан ортиқ бўлиб, жаҳон иқтисодиётининг қарийб 28 фоизига тенг.
Агар Саудия Арабистони гуруҳга аъзо бўлса, БРИКСнинг ер юзидаги нефть хомашёси ишлаб чиқаришдаги улуши қарийб 44 фоизга етади.
Бошқа давлатлар нима учун БРИКСга қўшилмоқчи?
БРИКС дунёнинг турли бурчакларидаги давлатларни бирлаштиргани уни баъзан самарасиз ташкилотга айлантирган бўлиши мумкин, аммо Россиянинг Украинадаги уруши, Хитой ва АҚШ ўртасидаги кучайиб бораётган рақобатга қарамай ташкилот ўсиб бормоқда.
БРИКСга қизиқиш тобора ортиб бормоқда, кўплаб ривожланаётган мамлакатлар ташкилотни келгуси йилларда геосиёсий мувозанатни сақлаш учун фойдали восита сифатида кўришмоқда.
«БРИКСда Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Бразилия каби глобал амбицияларга эга бўлган кўплаб давлатлар бор. Ташкилотга қўшилиш учун ариза топшираётган мамлакатлар учун бу турли хил вариантларга эга бўлиш имконини беради»
Айни фикрни Ғарб билан алоқаларини сақлаб келаётган БРИКСнинг доимий аъзолари Бразилия ва Ҳиндистон каби давлатлар учун ҳам ўринли дейиш мумкин.
Ташкилот етакчилари АҚШ долларининг глобал савдодаги ҳукмронлигини камайтиришга интилар экан, молиявий мувофиқлаштириш гуруҳ олдидаги энг муҳим масала бўлиб қолмоқда.
Бу борада Бразилия ва Россия БРИKС валютасини яратиш ғоясини аллақачон ўртага ташлаган.
БРИКСга аъзо давлатлар блок доирасида кўпроқ савдо алоқаларини ривожлантиришга, маҳаллий банклар ўртасида операцияларни, солиқ ва божхона тартиб-қоидаларини мувофиқлаштиришни мақсад қилган.
Глобал захира валютасини яратиш бўйича музокаралар ҳозирча тўхтаб қолган. Айни дамда БРИКС аъзолари ўз миллий валюталаридаги савдони осонлаштиришга эътибор қаратмоқда. Бу Ғарб санкцияларини енгишга уринаётган Россия учун фойдали бўлиши турган гап.
«БРИКС янги бозорларни қидираётган Россия иқтисодиёти учун ҳалоскор бўлиши мумкин», дейди таҳлилчи.
Россия учун бу саммит дипломатик жиҳатдан изоляцияда эмаслиги қолаверса, Ғарбнинг ҳукмронлигига путур етказиши мумкин бўлган кейинги ташаббусларни илгари суриш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
«Путин учун бу саммит моҳиятан рамзий маънога эга. У Украинага асоссиз босқинидан сўнг, Ғарбнинг Москвани яккалаб қўйишга уринишларига қарамай, Россиянинг ҳали ҳам дўстлари кўп эканини кўрсатишни хоҳлайди».
Шунингдек, Путин саммитда Ғарб санкцияларидан ҳимояланган халқаро тўлов тизимини яратиш, БРИКС дон савдо биржасини тузиш каби бир қатор ташаббусларни илгари суриши кутилмоқда.
Бу таклифлар амалга ошадими ёки йўқ, ҳозирча номаълум. Ташкилотга янги аъзолар қўшилгани ҳисобга олинса, Россия гуруҳ ичида консенсусга эришишни ҳам уддалаши керак. Аммо Кремлнинг Ғарбга қарши амбицияларига ҳамма ҳам қўшилмаслиги мумкин.
“БРИКСнинг барча аъзолари «халқаро тартиб ва глобал иқтисодиётни бошқараётган тузилмалар адолатсиз равишда фақат Ғарб томон қутблашган» деган якдил ғоя атрофида бирлашган бўлсада, Хитой, Эрон ва Россия каби давлатлар ўртасида ҳали ҳам бўлинишлар йўқ эмас. Баъзилар жорий тартибни бутунлай бекор қилишни истаса, бошқа томон гуруҳлаштиришни ислоҳот усули сифатида афзал кўради.
«БРИКС Ғарб ҳукмрон бўлган халқаро тартибга реал чақириқ. Аммо ҳозирги босқичда геосиёсий кучдан кўра, кўпроқ рамзий аҳамиятга эга.»
Форум