Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:33

МИБ қарзини тўлай олмаган "Бунëдкор" стадионини сув¸ газ ва электрдан узиб қўйди


"Бунëдкор" стадионидаги аҳволдан бевосита хабардор тошкентликларнинг Озодликка билдиришича¸ мамлакатнинг энг янги ва йирик ўйингоҳи 14 августдан бошлаб сув¸ электр ва газсиз қолдирилган.

Кейинги йилларда жиддий молиявий бўҳронга тушиб¸ ўйинчи ва хизматчиларига ойлик бера олмай қолган клуб номи билан боғлиқ бу стадионнинг таъминотдан узилгани расмийлар томонидан тасдиқланди

Озодлик гаплашган Мажбурий ижро бюроси мутасаддиларидан бири¸ стадионнинг сув¸ газ ва электрдан узилишини "Бунëдкор" клуби қарздорлиги билан изоҳлади.

"Бунëдкор" чими эмас¸ ўқувчи-болалар азият чекди"

15 август куни Озодликка ўғли “Бунёдкор” футбол академиясида ўқиëтган боланинг отаси мамлакатдаги энг қиммат ва замонавий "Бунëдкор" (янги номи "Миллий) стадионининг 14 августдан бошлаб сув¸ электр ва газ таъминотидан узиб қўйилганини билдирди.

Шахси очиқланмаслигини истаган бу суҳбатдошга кўра¸ бунинг оқибатида ёзнинг жазирамасида қуриб қолаëтган чимдан ташқари, тарбияланувчилар ҳам жиддий ноқулайликларга дуч келган - овқат қилиш, ювиниш, санитария масалаларида муаммолар пайдо бўлган.

ПФП расмийси изоҳ берди

"Бунëдкор" стадионидаги таъминот муаммоси маҳаллий футбол порталида ҳам тилга олингани ортидан Профессионал футбол лигаси бош директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев Telegram каналида бу хабарга муносабат билдирди.

"Бунёдкор" стадионида свет йўқ, газ йўқ, сув йўқ. Майсаларни суғоришга ҳам, тарбияланувчиларга овқат қилишга ҳам, футболчиларнинг ювинишига ҳам. Чунки "Бунёдкор" стадионининг қарзлари бор. Мажбурий ижро бюроси қарздорлик масаласи ижобий ҳал бўлишини истайди ва бу йўлда ўз принципи бўйича иш кўради.

Айрим ҳамкасбларимиз бу мавзуга ЎФА номини ҳам тиркаб кетишди. Айтиб ўтаман, стадионни ҳам, клубни ҳам молиялаштирадиган ташкилот бор. Тўғри, ҳозир ўша ташкилотга ҳам осон эмас. Футболдан бошқа ҳам етарлича ташвиши бор. Шунчаки қарздорлик ва "Бунёдкор" кейинги учрашувни қайси стадионда ўтказиши борасидаги масала ЎФАга тегишли эмас. Шуни айтмоқчи эдим", - деб ёзди 15 август куни Диёр Имомхўжаев.

Мажбурий ижро бюроси таъминот узишни "Бунëдкор" раҳбарияти сўровига тўнкади

Озодлик суҳбатлашган Мажбурий ижро бюросининг марказий аппарати мулозими бу маълумотни тасдиқлади.

"Бу ҳолат МИБ билан боғлиқ эмас, уларнинг молиявий аҳволи билан боғлиқ. “Бунёдкор” стадионининг энергия ресурслари ва сув таъминотидан жами қарздорлиги 245 млндан зиёд сўмни ташкил этмоқда. Шунинг учун сув тармоғидан, электр энергияси, газ тармоғидан ўчирилган. Ўчиришдан олдин раҳбарият бир неча бора огоҳлантирилган. Стадион раҳбарияти ҳам молиявий қарздорлик ошиб кетмаслиги учун ўчиртирилишини сўраган" - деди Озодлик суҳбатлашган МИБ марказий бошқаруви мулозими.

Мухлислар норози

Озодлик билан суҳбатда ўзини Бадриддин деб таништирган «Бунёдкор» клуби мухлиси бу янгилик бутун Ўзбекистон футбол ишқибозларининг қаттиқ норозилигига сабаб бўлганини айтади.

"Нима қилиб бўлса ҳам¸ футболни ўлдиришаяпти. У дейишяпти, бу дейишяпти, бир-бирини «крайний» қилиб¸ ўзини оқлаяпти. Лекин бир нарса аниқ - "Бунёдкор" орқасида энди ҳеч ким йўқ. Клуб етим қолди. Энг ачинарлиси, хозирги кунда тишини тишига қўйиб, ҳеч қандай қийинчиликларга қарамай хақиқий футбол кўрсатаётган клуб айнан Қосимовнинг шу клуби ўзи. “Насаф” билан “Бунёдкорни” ўлдиришмоқчи. Раҳбарларга инсоф сўрашдан бошқа иш қолмади, бизнинг фикримиз бир тийин”¸- дейди 22 яшар тошкентлик футбол ишқибози.

"Бунëдкор" - "Сўғдиëна" ўйини олдидан таъминот тикланди

16 август куни Озодлик бу воқеа тафсилотларини ўрганаëтган пайтда ЎФА мулозими стадионга сув ва электр таъминоти қайта тикланганини хабар қилди.

Озодлик гаплашган стадион ишчиларидан бири 15 август кечга яқин электр ва сув таъминоти қайта тикланганини айтди.

Айни пайтда¸ "Бунëдкор" клуби матбуот хизматининг ўзини Улуғбек Мирзаев деб таништирган ходими 16 август куни Озодликка стадионнинг сув¸ газ ва электрдан узиб қўйилгани ҳақидаги хабарларни рад қилишга уринди. Бу суҳбатдошга кўра¸"14 август куни стадион светсиз қолган¸ аммо сув ва газ таъминотида ҳеч қандай узилиш бўлмаган".

Озодлик шу йилнинг март ойида "Ўзтрансгаз" ва "Ўзбекнефтегаз" пул бермай қўйгани ортидан “Бунёдкор” банкротлик ëқасида қолгани хақида ёзган эди.

Бундан ташқари, июль ойида "Бунёдкор" стадиони ишчилари етти ойдан бери маошини ололмаëтгани ҳақида Озодликка шикоят қилган эди.

XS
SM
MD
LG