Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:05

"Бухоро Мирзиëев даврида яна бир марта бомбаланмоқда". Бузилишлар ҳақида ёзган фаоллар босим остида


Бухоро марказида бузилиш ишлари 26 февраль куни бошлаб юборилган.
Бухоро марказида бузилиш ишлари 26 февраль куни бошлаб юборилган.

Бухоронинг тарихий қисмига туташ ҳудудда “Боқий Бухоро” сунъий этнографик сайёҳлик мажмуаси қурилиши сабаб ўнлаб тарихий биноларнинг бузиб ташланаётгани ўзбек ижтимоий тармоқларини жунбушга келтирди.

Бузилишлар ҳақида ёзган блогер ва журналистлар эса босимлар остида қолгани ўртага чиқмоқда.

Бухоро.Февраль, 2023
Бухоро.Февраль, 2023

“Ҳозир Бухорода содир бўлаётган воқеа ақл бовар қилмайдиган жиноятдир ва бу бузишлар Ўзбекистон тарихига энг қора кунлардан бири сифатида киради”, - деди исми очиқланмаслигини сўраган ўзбекистонлик блогер.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев эса “Бухоро марказида бир дунё иморатларни бузиб, ўрнига ясама тарихий шаҳарча қурмоқчи бўлаётганлар - Бухоронинг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам душманлари”, деб ёзди.

Блогер Отабек Бакировнинг ёзшича, “Бухорода 2024 йил 26 февраль Тошкентда 2009 йил 13 ноябрда сквердаги дарахтларни кесишнинг бошланиши каби эсда қолади ва тарихга қора саҳифа бўлиб киради”.

Озодликка Бухородаги бузилишлар ҳақида гапирган камида тўрт нафар блогер ўзларига нисбатан кучли босимлар бошланганини айтиб, уларнинг сўзларини эфирга бермасликни сўрашди.

“Менга таҳдидлар бўляпти. Сиздан ўтиниб сўрайман, гапларимни эфирга берманг, мени тушунасиз деган умиддаман”, - деди Озодлик билан суҳбатда исми сир қолишини сўраган блогер.

"Бухоро яна бир марта бомбаланмоқда"

Alerte Héritage ташкилоти қадимий шаҳар марказидаги бузилишларни Бухоронинг ўтган аср бошида Михаил Фрунзе қўмондонлигидаги қизил армия тарафидан бомбаланиши воқеасига қиёслади.

“Бухоро Мирзиëев даврида яна бир марта бомбаланмоқда”, дея бонг урди ташкилот.

Alerte Héritage Ўзбекистон раҳбариятига мурожаат қилиб “бу куппа- кундузи бўлаëтган вайронгарчиликлар”ни тўхтатишни талаб қилди.

“Снослар ЮНЕСКО билан келишилмасдан бошланди. Бу дегани Бухорони вайрон қилиш қонунга зид ва халқаро келишув ҳамда республика ўз зиммасига олган мажбуриятларга риоя қилмаслик, дегани. Немислар Сталинградни ҳам бунчалик вайрон қилмаган. Бухоро юз йил олдин бир марта ўрислар тарафидан бомбаланганди¸ энди эса Бухорони янги Ўзбекистон мулозимлари вайрон қилмоқда. Стоп!!!”, дейилади ташкилот баёнотида.

Хабарларга кўра, Бухоро марказида сунъий этнографик сайёҳлик мажмуаси қурилиши учун ер очиш мақсадида шаҳарнинг тарихий қисмига туташ буфер ҳудудда жойлашган биноларни бузиш 26 февраль куни бошлаб юборилган.

"Боқий Бухоро" сайёҳлик маркази дизайни.
"Боқий Бухоро" сайёҳлик маркази дизайни.

“Сиз бир қаранг, Бухоро марказида нақадар дидсиз, бемаъни нарсаларни қуришмоқчи. 470 миллион доллар эвазига. Бухоро шаҳри ва вилоятида сув таъминоти ва газ таъминоти ҳали тўлиқ йўлга қўйилмаган, йўллар вайронага айланганига қарамай бу ишлар қилиняпти. Аммо бу аҳмоқона "ўйинчоқ" учун пул бор.

Бу "этнопарк" деб аталади. Одатда, "этнопарклар" маданий мерос йўқ жойларда қурилади. Яқин атрофда қадимий шаҳар бўлсаю, унинг ёнгинасида арзон қалбаки қурилманинг нима кераги бор? Бухоро ҳокимияти ошкораликдан шунчалик қўрқадики, бу “сингапурлик” мижоз ва инвестор ким эканлигини ҳалиям уялмай яширмоқда”, деб ёзди блогер Никита Макаренко ўзининг Телеграм-каналида.

Бузилаётган бинолар орасида икки йил аввал таъмирланган спорт мажмуаси, ўзбекистонлик машҳур меъмор Рихард Блезэ лойиҳаси асосида ўтган асрнинг етмишинчи йилларида совет модернизми услубида қурилган вилоят ҳокимлиги биноси, Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактаби ҳам бор.

Пахта заводи ётоқхонасига бадарға қилинган санъат мактаби

Бухоро санъат мактаби.
Бухоро санъат мактаби.

Тармоқларда Санъат мактаби ва спорт мажмуаси бузилиши акс этган видеолар тарқалди. Тасвирларда 2002 йилда қурилган «Бухоро арена» спорт мажмуаси ва футбол стадионида ишчиларнинг стадиондаги ўриндиқларни бузаётгани акс этган.

Бузилиши бошланган маъмурий биноларнинг бир қисми, жумладан, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда вилоят прокуратураси биноларини ҳозирги пайтда қурилиши давом этаётган “Бухоро-сити”га жойлаштириш режаланган. Санъат мактаби эса, собиқ пахта заводи ётоқхонасига вақтинча кўчирилган.

"Бухоронинг гўзал ва замонавий ихтисослаштирилган санъат мактаби бузилмоқда. Бу ҳатто чет элликларни ҳам ҳайратга соладиган ҳақиқий санъат саройи эди. Ҳамма мамлакатда ҳам болалар учун бундай шароитлар яратилмаган. Дарҳақиқат, бу ерда бизнинг ёш авлодимизга муносиб шароитлар мавжуд эди. Бу ётоқхона. Мусиқа, рақс, ўқув машғулотлари учун махсус хоналар, мажлислар зали йўқ. Мусиқа асбоблари, хусусан, пианино бир неча кун ташқарида, ёмғир остида қолиб кетган. Ҳаммаси нима учун? Сайёҳлик маркази учунми? Сайёҳлар беш юлдузли меҳмонхоналарда яшайдилар, деразадан ажойиб манзарага қарашади. Бизнинг болаларимиз эски ётоқхонада ўқийдими?", деб ёзди блогер Ислом Капарзо.

"Мотамсаро она" ҳайкали Бухоро шаҳридаги Хотира ва қадрлаш майдонидан олиниб, Когон шаҳридаги боққа ўрнатилган.

Бухородаги бузилиш акс этган тасвирларни 1 март куни “Газета.уз” нашри ҳам эълон қилди.

Бухоро вилояти бош архитектори Зухриддин Мухиддинов Газета.уз билан суҳбатда қуриладиган марказ ҳудуди бўйича бош режани ишлаб чиқиш жараёнида турли вариантлар муҳокама қилинганини таъкидлаган.

“Қуриладиган марказ ҳудуди бўйича бош режани ишлаб чиқиш жараёнида турли вариантлар муҳокама ва таҳлил қилинди. Охири Эски шаҳарнинг буфер қисмида жойлашган 32 гектарлик майдон танланди. Чунки бу ерда бир қанча маъмурий бинолар: вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, молия бошқармаси, халқ қабулхонаси вилоят бўлими каби ташкилотларнинг бинолари ҳамда марказий ўйингоҳнинг жойлашгани шу ҳудудда ўзига яраша муаммоларни келтириб чиқараётган эди. Ушбу маъмурий марказга ташриф буюрадиган вилоятнинг барча туманларидаги аҳоли шаҳарнинг шимолий қисмидан жанубий қисмига ўтишда фақат Ислом Каримов кўчаси орқали келар эди. Бу эса ноқулайликлар ва транспорт ҳаракатида тирбандликларни ҳосил қиларди”, дея Бухоро вилояти бош архитектори Зуҳриддин Муҳиддиновнинг сўзларидан иқтибос келтирган Газета.уз нашри.

Бухоро стадиони.
Бухоро стадиони.

Буфер зона, бу умумжаҳон маданий мерос объектини сақлаш ва унинг атрофидаги тарихий шаҳар ландшафтлари ва бошқа ҳудудларни ривожлантириш бўйича кўп босқичли комплекс бошқарувни таъминлайдиган ва шаҳарнинг ривожланиш динамикасини ҳисобга оладиган мувозанатли архитектура тизимидир.

Бу ҳудудда ЮНЕСКО розилигисиз қурилиш ёки таъмирлаш ишларини амалга ошириш мумкин эмас.

“Ёдгорлик шунчаки меъморий объект эмас. Унинг атрофи, бу ёдгорлик мос келадиган шаҳар кўриниши ҳам унинг ажралмас қисмидир. Шаҳарсозлик амалиётида "буфер зона" тушунчаси бор. Бундай буфер зона Бухорода ҳам бор. Тўғрироғи, бор эди. Бугун биз унинг ЮНЕСКО розилигисиз бузилишларни кўрмоқдамиз. Бундан ташқари, вайрон қилинган ҳудудда 1960-80-йилларга оид меъморий ёдгорликлар мавжуд бўлиб, уларнинг асосий қисми машҳур меъмор Рихард Блезе лойиҳаси бўйича қурилган. Шулардан бири Бухоро ҳокимлиги биноси ҳисобланади. Ҳозирги кунда унинг Тошкентдаги биноларини, жумладан, курантли бинони сақлаб қолишга ҳаракат қилинмоқда”, - дейди санъатшунос Борис Чухович.

Бухоро шаҳар ҳокимлиги илгари якуний қарор ЮНЕСКО хулосасини олгандан кейин қабул қилиниши ва қурилиш ишлари шундан сўнггина бошланишини билдирган эди.

Ҳукумат Бухоро Туризм марказини барибир қурмоқчи. Бухороликлар қарши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:09 0:00

ЮНЕСКО вазиятни "кузатмоқда"

Ўтган ҳафта узоқ давом этган сукутдан сўнг, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади Бухоро марказининг бузилиши юзасидан баёнот берди:

"ЮНЕСКО Бухоронинг Бутунжаҳон мероси объекти сақланиш ҳолатини, шу жумладан, буфер зонасида потенциал қурилиш режаларига нисбатан фуқаролик жамияти томонидан билдирилган хавотирларни диққат билан кузатиб бормоқда. Бутунжаҳон мероси маркази қўшимча маълумотларга эга бўлиш ва вазиятга ойдинлик киритиш учун Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилди.

Бутунжаҳон мерос маркази маҳаллий расмийлар Бутунжаҳон мероси конвенцияси бўйича ўз мажбуриятларини бажаришига ҳамда навбатдаги сессияси 2024 йил июл ойида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон мероси қўмитасини аввалдан огоҳлантирмасдан ва унинг баҳолашисиз ҳеч қандай бузиш - қурилиш лойиҳаларини амалга оширмаслигига умид қилади.

ЮНЕСКО ушбу объектнинг Бутунжаҳон мислсиз қийматини сақлаб қолишда экспертиза ҳамда кўмагини тақдим этишга ҳамиша тайёр”, дейилади баёнотда.

Фаоллар фикрича, шаҳарда қурилиши режаланаётган сунъий этнографик сайёҳлик мажмуаси қадимий Бухорони нафақат ўзига хослигидан маҳрум қилиши, балки Умумжаҳон маданий мероси рўйхатидан ўчирилиш таҳдидлари остида қолдириши мумкин.

“Бу бузишларни ЮНЕСКО қатъиян тақиқлаган. Буфер ҳудудда бунақа ишларни ЮНЕСКО рухсатисиз амалга ошириш мумкин эмас. Ташкилотнинг розилиги эса олинмаган. Бу бузишлар Бухоро маданий мероси ва архитектурасига қарши қилинаётган мудҳиш жиноятдир. Буни ким қилаётганини ҳам билмаймиз. Улар қуришни режалаётган нарса архитектура дейишга арзимайди. Агар бу қурилиш Бухорода амалга ошса, шаҳар қиёфаси абадий бузилади. Бу жиноят Чингизхон шаҳарни вайрон қилгани ёки Фрунзе бошчилигидаги Қизил Армия бомбардимон қилганидан ҳам баттар жиноятдир”, - дейди исми очиқланмаслигини сўраган блогер.

"Бухоро Туризм маркази” қурилиши, маҳаллий матбуотдаги хабарларга кўра, Озодликнинг қатор суриштирувлари қаҳрамони Бахтиëр Фозиловга тегишли ENTER Engineering ширкатига берилган. Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларга кўра, Бахтиëр Фозилов оффшордаги фирма орқали ушбу ширкатнинг 51 фоиз акциясига эгалик қилади.

Бухоро санъат мактаби.
Бухоро санъат мактаби.

Ҳукуматнинг Бухорода халқаро “Туризм маркази” қуриш режаси ҳақида дастлаб 2022 йилнинг 26 декабрида бош вазир Абдулла Арипов ўтказган йиғилишда эълон қилинганди.

Арипов ўша пайтда лойиҳа қурилиши учун 32,6 гектар майдондаги 29 та давлат ташкилоти ва хусусий мулкдорларга тегишли биноларни бузиб, бошқа жойга кўчиришни маъқуллаган.

Форум

XS
SM
MD
LG