Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:33

Қодировлар оиласи Чеченистонда ФСБ ва жиноий тўда ёрдамида ҳокимиятга келган – суриштирув


Аҳмад Қодиров ва ўғли Рамзан Центаройдаги уйида. Чеченистон, 30 январь, 2004
Аҳмад Қодиров ва ўғли Рамзан Центаройдаги уйида. Чеченистон, 30 январь, 2004

Қодировлар оиласи 1999 йилда ФСБ раҳбарининг муовини Герман Угрюмов ҳамда Лазания жиноий гуруҳи етакчиси Мовлади Атлангериев билан маслаҳатлашувлардан сўнг Чеченистонда ҳокимиятга келган, дейилади “Проект” нашри суриштирувида.

Журналистлар аниқлашича, Россия махсус хизматлари Чеченистоннинг бўлғуси раҳбари лавозимига номзод қидиришга энг камида 1999 йил ёзда киришган, бу пайтда Доғистон ва Чеченистонда ҳарбий ҳаракатлар ҳали бошланмаган эди.

Аслан Масхадов ўрнига республикани идора қилиши мумкин бўлганлар орасида Чеченистоннинг бош муфтийси, Рамзан Қодировнинг отаси Аҳмат Қодиров ҳам бор эди. Пировардида фақат у Россия махсус хизматларининг шартларига рози бўлди, дея таъкидлашмоқда “Проект” журналистлари.

Россия-Ўзбекистон: Мирзиёев Путинга қучоқ очди, Рамзан куёвлар зиёфатида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:44 0:00

ФСБ раисининг ўринбосари Герман Угрюмов билан музокарага Қодировни шафқатсиз жиноятлари билан машҳур чеченлар тўдаси – Лазания жиноий гуруҳи лидери Мовлади Атлангериев бошлаб борган. Суриштирувда айтилишича, ушбу тўданинг ФСБ билан алоқалари бўлган ва айнан шу сабабли Чеченистон янги раҳбари лавозимига номзод топиш Атлангериевга ҳам буюрилган.

“Уларнинг [Қодиров ва Угрюмовнинг] биринчи учрашуви Атлангериевнинг Махачқалъадаги квартирасида бўлган, сўнгра Қодировни Москвага олиб кетганлар, пойтахтда у Атлангериевнинг Твер кўчасидаги уйида яшаган. Путин билан илк музокараларга уни ўша ердан олиб борганлар”, деб ёзади “Проект”.

Журналистларга кўра, Чеченистонга раҳбар бўлиш таклифига рози бўлиши учун Кремл Аҳмат Қодировга каттагина мукофот ваъда қилган, яъни: йирик шаҳарда (Новороссийскда) бемалол рэкет билан шуғулланиш “ваколати”, беш миллион доллар нақд пул ва Сочида данғиллама уй.

Аҳмат Қодировга Чеченистонга раҳбар бўлганидан сўнг, ФСБ билан ўша музокарада қатнашганларнинг аксари ўлган.

“Атлангериев 2008 йилда Рамзан Қодировнинг одамлари томонидан ўғирлаб кетилиб, Чеченистонда ўлдирилгани тахмин қилинади. 1999 йилда Кремл билан маслаҳатлашувда иштирок этган бизнесмен ва таниқли чеченлардан бири Зиё Бажаев тез орада авиаҳалокатда ўлади. Собиқ дала қўмондонлари, ака-ука Руслан ва Сулим Ямадаевларни ҳам Рамзан Қодировнинг одамлари ўлдирди. Ниҳоят, Путин ҳокимиятга келгач кўп ўтмай Герман Угрюмов сирли тарзда вафот этди”, деб ёзади журналистлар.

2000 йил июнда Владимир Путин Аҳмат Қодировни Чечен Республикаси маъмурияти бошлиғи этиб тайинлайди, 2003 йилда эса у президент бўлиб сайланади. Аммо бир йил ўтиб катта Қодиров Грознийдаги “Динамо” стадионида содир бўлган теракт чоғида ҳалок бўлади.

“Проект” суриштирувида Аҳмат Қодиров суиқасди уюштирилган бўлиши мумкинлиги урғуланган. Журналистлар қўлга киритган маълумотларга кўра, Россия ҳукумати Чеченистон нефти савдосидан келадиган пулларни Грознийга беришдан бош тортганидан сўнг Аҳмат Қодиров билан Кремл орасига совуқчилик тушган. “Проект” манбаси катта Қодиров сўнгги сафарларидан бирида Москвадан таъби тирриқ бўлиб қайтгани ва аъёнларига “у ерга қайтиб қадамимни босмайман” дегани ҳақида сўзлаб берган. Бу пайтда эса Рамзан Қодиров билан Москва ўртасида алоқалар анча изга тушиб қолган эди.

Путиннинг ваҳшат қуроли - қодировчилар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:18 0:00

Журналистлар Аҳмат Қодиров ўлимига сабаб бўлган теракт пухта тайёрланганини таъкидлайдилар. Ташкилотчилар ва ижрочилар Чеченистон президенти стадионга қачон келишини ва қаерга ўтиришини аниқ билганлар. Портлаш айнан ўша трибунага йўналтирилади ва натижада Аҳмат Қодиров ҳамда маҳаллий Давлат кенгаши раиси Ҳусайн Исаев ҳалок бўладилар.

Ғалати томони, ўшанда отасининг хавфсизлик хизмати бошлиғи лавозимини эгаллаб турган Рамзан Қодиров ўша куни стадионда унинг ёнида бўлмайди. “Номаълум сабабларга кўра у Москвада эди, Грознийдаги портлашдан кейиноқ уни махсус хизматлар соқчилигида Кремлга, Путин билан учрашувга олиб кетишганди”, деб ёзади журналистлар.

Суриштирувда Рамзан Қодировнинг укаси Зелимхон ўлимига ҳам ўрин берилган. Зелимхон отасидан уч ҳафта кейин гўёки “ўткир юрак етишмовчилиги”дан вафот этгани айтилади. Зелимхон Қодировни яхши таниган “Проект” манбаси ака-укалар бир-бири билан доим жанжаллашганини, бир куни Зелимхон ўз уйидан хуфя эшитиш мосламаси топиб олганини айтган.

Рамзан Қодиров иқтидорга келиши ортидан унинг мухолифлари бирин-кетин фожиявий ҳодисаларга йўлиқа бошлайди. Хусусан, 2003 йил сентябрда Чеченистон ҳукумати раиси Анатолий Попов оғир заҳарланишни бошидан кечиради, 2005 йилда эса республика бош вазири Сергей Абрамов жиддий ЙТҲга учрайди. Ўша йили Чеченистон Хавфсизлик кенгаши котиби Рудник Дудаев ёнғинда ҳалок бўлади. Бу ўлим ва фожиалар фақат бир кишига – Рамзан Қодировга фойдали бўлди, дея хулоса қилади суриштирувчилар.

Аҳмат Қодиров Чеченистон уруши йилларида тан олинмаган Ичкерия муфтийси бўлиб, айирмачилар тарафида жанг қилган, аммо кейин Россия томонига ўтган. 2004 йил 9 май куни Грознийнинг “Динамо” стадионидаги терактда ҳалок бўлганидан сўнг унга Россия Қаҳрамони унвони берилган. Кичик Қодиров отасидан кейин республикада ҳокимият тепасига келган ва ўша йилнинг ўзида у ҳам Россия Қаҳрамони бўлган.

Форум

XS
SM
MD
LG