Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:35

Асакада ўқувчиларнинг ота-оналаридан пахта учун пул йиғилмоқда


Андижон вилояти, Асака туманидаги мактаблар ўқувчилари ота-оналарининг Озодликка айтишича, улардан 5000 сўмдан пул йиғилиб, бу пулга ҳар бир синф учун биттадан мардикор ёллаб пахтага жўнатилган.

Мутасаддилар ота-оналардан пул йиғилганини билвосита тасдиқлади, лекин уларнинг айтишича, ота-оналар "ўз ихтиёри билан пахтага теримига ҳисса қўшмоқда".

Асака туманидаги 59-мактабда фарзанди ўқиётган ота-оналардан бири Озодликка мурожаат қилиб, пахта учун пул йиғилаётганидан шикоят қилди:

“20 сентябрь куни мактабда мажлис бўлди. Ҳар-бир синфнинг ота-оналарини навбати билан чақириб, пахта учун пул сўрашди. Бошида “Ҳар-бир ўқувчининг ота-онасидан 10 минг сўмдан йиғамиз” дейишди. Кўп боласи борлар рози бўлмаганди. 5000 сўмга туширишди. Бу пулни ҳамма ўқувчининг ота-онаси бериши шарт дейишди. “Агар пул бермасанг, ўзинг пахтага чиқасан” дейишди. Шунга ҳамма пул йиғиб берди. 1- синфдан 9- синфгача ҳамма ўқувчиларнинг ота-онаси пул берди”, деди исми-шарифи ошкор қилинмаслик шарти билан гапирган асакалик эркак.

Унга кўра, йиғилган пул 20 сентябрдан бошлаб ўн кунликка экани ва кейинги ўн кунликлар учун яна алоҳида пул йиғилиши айтилган.

59-мактабда жами 3000 бола ўқийди. Озодлик билан суҳбатда ушбу мактабда ўғли ўқийдиган асакалик бир аёл ҳам пахта учун пул йиғилганини айтди. Ота-оналарнинг ҳисоб-китоби бўйича, 10 миллион сўмдан зиёд пул йиғилган, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалардан пахта учун пул сўралмаган.

Ушбу мактаб ўқитувчиларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда йиғилган пулга 20 нафар мардикор ёллаб, пахтага жўнатилганини тасдиқлади:

“Мен жами қанча пул йиғилганидан хабарим йўқ. Лекин ота-оналардан йиғилган пулга, 20 кишини пахтага жўнатдик. Яна мактаб ходимларидан 20 киши Қўрғонтепада ётоғи билан пахта тераяпти. Фаррошлар, лаборантлар, қоровуллар пахтага кетишди. Ўқитувчилар кейинги ўн кунликларда чиқиши мумкинлигини айтишди. Энди директоримиз Дилфуза Жўрабоевага ҳам тепадан айтишган. Ҳамма мактабда шу аҳвол”, деди хавфсизлик юзасидан исми очиқланмасликни сўраган ўқитувчи.

Асака марказидаги 58- мактабда фарзанди ўқиётган яна бир асакалик аёлга кўра, мактабда 16 сентябрь куни пахта бўйича ота-оналарни йиғиб, мажлис қилинган ва улардан пахта учун пул сўралган:

“5000 сўмдан пул бердик. Бизку, пул бериб қутилдик. Туманимизнинг Каттатожик қишлоғида яшайдиган дугонамнинг айтишича, кимнинг боласи мактабда ўқиса, улар навбати билан пахта теришга чиқаяпти экан. Мен ўзим савдо билан шуғулланаман. Топишим яхши. Мактабда битта қизим ўқийди. Шунинг учун менга 5000 сўмни бериш қийин бўлмади. Лекин 3-4 та боласи ўқийдиганларга қийин албатта. Ҳар ўн кунлик учун 15 минг- 20 минг сўмдан пул бериш уларга қийинда”, дейди асакалик аёл Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Асака шаҳридаги 52-мактабда ўғли ўқиётган бошқа бир аёлнинг айтишича, ушбу мактабда ҳам пахта учун ота-оналардан пул йиғилган:

“Мен ўзим мажлисига бормадим. Ўқитувчига телефон қилиб, қанча бериш керак деб сўрадим. Кейин ўғлим билан ўша пулни бериб юбордим. 10минг сўм деди. Фирмамиз бор. Балки шунинг учун биздан кўпроқ сўрашди. Бошқалардан камроқ пул олишибди. Энди ҳамма пул бераяпти. Чунки пул бермасангиз, болангизни четлаб қўйишади. Ўқишига эътибор қилишмайди. Шунинг учун камбағалми- бойми, ҳамма қанча сўраса, шу пулни беришади”, деди исми ошкор қилинмаслик ва овози ёзиб олинмаслик шарти билан гапирган асакалик аёл.

Асака туманида жами 60 та мактаб бўлиб, уларда 40 минг ўқувчи ўқийди. Асака тумани Халқ таълими бўлими ходимларидан бири ҳамма мактабларда ота-оналар номидан ҳашарчилар гуруҳи борлигини тасдиқлади. Бироқ бошқа тафсилотлардан бехабарлигини айтди.

Озодлик Асака тумани Халқ таълими бўлими раҳбари Ўткирбек Сулаймонов билан телефон орқали боғланиб, изоҳ сўради. Сулаймонов ота-оналардан пул йиғилганини инкор қилиб, улар ўз хоҳиши билан пахта теримига ёрдам бераётганини таъкидлади:

- Бизда пахтага ихтиёрий равишда чиқишга топшириқ берилган. Хоҳловчилар чиқиб пахта терсин дейилган. Лекин пул йиғиш тўғрисида ҳеч кимга ҳеч қанақа топшириқ берилмаган. Хоҳловчилар бўлса, чиқиб, пахтага жалб қилиниши мумкин. Хоҳловчи ота-оналар ихтиёрий равишда хоҳласа бориб терсин. Пахтасини пулини олади. Бемалол териши мумкин, деган нарсани айтганмиз. Лекин бировдан пул йиғиш деган гап бўлмаган,- деди Ўткирбек Сулаймонов Озодлик билан суҳбатда.

Озодликка мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги мактабларида пахта учун пул йиғиш ҳолатлари бор ёки йўқлиги номаълум. Лекин ота-оналардан пахта учун пул йиғиш амалиёти аввалги йиллар ҳам кузатилганди.

Жумладан, ўтган йили Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрининг 18-сонли мактаби ўқувчиларининг ота-оналари ҳар бир ўқувчидан пахта учун 12 минг сўмдан пул йиғилганидан шикоят қилишган эди.

Азиз муштарий, сиз яшаётган ҳудудлардаги мактабларда пахта билан боғлиқ вазият қандай? Билганларингизни Telegram ва WhatsApp: +420 727 971 539 рақами орқали Озодликка йўлланг.

XS
SM
MD
LG