Линклар

Шошилинч хабар
30 январ 2025, Тошкент вақти: 19:38

DeepSeek нима ва у нега сунъий интеллект дунёсида шов-шув бўлмоқда?


DeepSeek, сунъий интеллект. Иллюстратив сурат.
DeepSeek, сунъий интеллект. Иллюстратив сурат.

Хитойнинг DeepSeek стартапи тақдим этган сўнгги сунъий интеллект моделлари, уларнинг айтишича, АҚШдаги етакчи моделлардан арзонроқ нархда тенг ёки ундан ҳам яхшироқ ишлайди. Ушбу янгилик технологик дунёдаги мавжуд тартиботни ўзгартириб юбориши мумкинлиги айтилмоқда.

Компания ўтган ойда эълон қилган баёнотида DeepSeek-V3 ни ўқитиш учун Nvidia H800 чипларидан 6 миллион доллардан камроқ ҳисоблаш қуввати талаб қилингани ҳақида билдиргани глобал сунъий интеллект доиралари эътиборини тортди.

DeepSeek-V3 асосида ишлайдиган DeepSeek AI Assistant дастури АҚШдаги Apple App Store’да энг юқори баҳоланган бепул иловага айланиб, рақиб ChatGPT ни ортда қолдирди.

Бу ҳолат АҚШ технологик компанияларининг сунъий интеллектга миллиардлаб доллар сармоя киритиш қарорлари асосли эканлигига шубҳа уйғотмоқда, Nvidia каби бир қатор йирик технологик компаниялар акцияларига салбий таъсир кўрсатди.

Қуйида бутун дунё бўйлаб сунъий интеллект соҳасини ларзага солаётган компания ҳақида баъзи маълумотлар келтирилган.

НИМА УЧУН DEEPSEEK ШОВ-ШУВГА САБАБ БЎЛМОҚДА?

2022 йил охирида OpenAI томонидан ChatGPT нинг тақдим этилгани Хитой технологик компаниялари ўртасида сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган ўз чатботларини яратиш учун шошилинч ҳаракатларга туртки берган эди.

Бироқ, қидирув тизими гиганти Baidu (9888.HК) томонидан яратилган биринчи Хитой ChatGPT муқобили чиқарилгандан сўнг, Хитойда АҚШ ва Хитой фирмалари ўртасидаги сунъий интеллект имкониятларидаги фарқ туфайли кенг кўламда тушкунлик кузатилди.

DeepSeek моделларининг сифати ва иқтисодий самарадорлиги бу вазиятни бутунлай ўзгартириб юборди. Хитой стартапининг айтишича, Кремний водийси етакчилари ва АҚШ технологик компаниялари муҳандислари олқишига сазовор бўлган икки модель – DeepSeek-V3 ва DeepSeek-R1 OpenAI ва Meta’нинг энг илғор моделларига тенг келади.

Улардан фойдаланиш ҳам арзонроқ. DeepSeek’нинг расмий WeChat ҳисобидаги постга кўра, ўтган ҳафта тақдим этилган DeepSeek-R1 вазифаcига қараб OpenAI o1 моделига нисбатан 20 дан 50 баравар арзонроқ тушади.

Аммо баъзилар DeepSeek’нинг муваффақиятига очиқча шубҳа билдирмоқда.

Scale AI бош директори Александр Ванг пайшанба куни CNBC телеканалига берган интервьюсида, ҳеч қандай далил келтирмасдан, DeepSeek’да 50 000 та Nvidia H100 чипи борлигини айтди. У бу маълумот ошкор қилинмаслигини, чунки бу Вашингтоннинг бундай илғор AI чипларини Хитой компанияларига сотишни тақиқловчи экспорт назоратини бузиши мумкинлигини билдирди. DeepSeek бу даъвога изоҳ сўровига дарҳол жавоб бермади.

Бернстейн таҳлилчилари душанба куни ўз тадқиқот ҳисоботида DeepSeek компаниясининг V3 модели учун умумий ўргатиш харажатлари номаълумлигини, аммо стартап ҳисоблаш қуввати учун сарфлаган 5,58 миллион доллардан анча юқори эканлигини таъкидладилар. Шунингдек, таҳлилчилар айтишича, бир хил даражада эътироф этилган R1 моделининг ўқитиш харажатлари ҳам ошкор этилмаган.

DEEPSEEK ОРТИДА КИМ ТУРИБДИ?

DeepSeek – Ханчжоуда жойлашган стартап бўлиб, унинг назорат пакети, Хитой корпоратив маълумотларига кўра, High Flyer ҳедж фонди ҳаммуассиси Лиан Dенфенгдир.

Лианнинг жамғармаси 2023 йил март ойида ўзининг расмий WеChat аккаунтида "қайта бошлаш"ни эълон қилганди. У "янги ва мустақил тадқиқот гуруҳини яратиш, AGI (Сунъий умумий интеллект) ни ўрганиш" учун ресурс йўналтирмоқчи эканини билдирди. DeepSeek ўша йил охирида ташкил этилди.

ChatGPT яратувчиси OpenAI AGIни иқтисодий жиҳатдан қимматли вазифаларда инсондан устун турадиган автоном тизимлар деб таърифлайди.

High Flyer DeepSeek’га қанча сармоя киритгани номаълум. High Flyer компанияси DeepSeek билан бир бинода жойлашган ва Хитой корпоратив маълумотларига кўра, сунъий интеллект моделларини ўқитиш учун ишлатиладиган чип кластерлари билан боғлиқ патентларга ҳам эгалик қилади.

High Flyer’нинг сунъий интеллект бўлими 2022 йил июль ойида ўзининг расмий WeChat аккаунтида 10 000 та А100 чиплари кластерига эгалик қилиши ва уни бошқариши ҳақида маълумот берган.

ПЕКИН DEEPSEEK’НИ ҚАНДАЙ БАҲОЛАЙДИ?

DeepSeek’нинг муваффақияти Хитойнинг юқори сиёсий доираларида аллақачон эътибор тортган. 20 январь куни, DeepSeek-R1 оммага тақдим этилган куни, асосчиси Лиан Хитой бош вазири Ли Сян раҳбарлигида ўтказилган тадбиркор ва экспертлар учун ёпиқ эшиклар симпозиумида иштирок этди.

Лианнинг бу йиғилишдаги иштироки DeepSeek муваффақияти Пекиннинг Вашингтон экспорт назоратини енгиб ўтиш ва сунъий интеллект каби стратегик соҳаларда ўз-ўзини таъминлашга эришиш сиёсати учун муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкинлигидан далолат беради.

Ўтган йили худди шундай симпозиумда Baidu бош директори Робин Ли иштирок этганди.

Форум

XS
SM
MD
LG