Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:49

“Дельта” ҳужумга ўтди. Коронавируснинг янги штамми қанчалик хавфли?


Коронавирусга чалинган 60 ëшли бемор Жакартадаги касалхонада.
Коронавирусга чалинган 60 ëшли бемор Жакартадаги касалхонада.

Европа қитъасида COVID-19 нинг дельта штамми жадал тарқалмоқда: бу штамм яна “ҳиндча тур” номи билан ҳам машҳур. Касалланиш ҳолатлари сезиларли даражада пасайган Европада эпидемиологик аҳвол қайтадан оғирлашмоқда. Кўплаб давлатлар ҳукуматлари учун бу таҳликали сигнал ва янги чекловлар жорий этиш учун асосдир. Коронавируснинг ушбу мутацияси тарқалиши бўйича қитъа мамлакатлари орасида Буюк Британия, Россия ва Португалия пешқадам бўлиб турибди.

Индонезия: касалхоналар тўлиб-тошган

Reuters агентлиги Индонезия пойтахти Жакартадаги аҳволни ёритди: касалхоналарда жой йўқ, йўлакларгача койкалар жойлаштирилган. Кўплаб беморлар жон бермоқда.

“Ўғлимни олиб келган эдим. Реанимация бўлимига кириш учун икки соат кутдик. Вирусга тест натижаси мусбат чиққан эди, аммо врачлар фақат бир оз дори беришимиз мумкин, лекин олиб қолмаймиз, касалхонада жой йўқ, деб айтишди”, деган Жакартада яшовчи бир эркак Reuters мухбирига.

Жакартадаги кислород баллонини тўлдириш дўконларида узун навбатлар пайдо бўлган. Мамлакат энг кучли коронавирус хуружини бошидан кечирмоқда. Бу “дельта” штамми тарқалиши билан боғлиқ. Ҳукумат комендантлик соати жорий этган, ресторан ва барлар ёпиқ. “Дельта”ни деб, сайёҳлар учун Бали курорт оролларининг очилиши ҳам кейинга сурилди.

“Дельта” штамми илк дафъа ўтган йили Ҳиндистонда аниқланган бўлиб, ҳозирда, ЖССТ маълумотига кўра, 96 мамлакатда тарқалмоқда. Қарийб икки баравар юқумлироқ бўлган “дельта” вируснинг бошқа штаммларини тобора сиқиб чиқариб, яккаҳукмронликка интилмоқда.

Британия: олимлар “дельта” ҳақида нима билишади?

Буюк Британияда “дельта” штамми аллақачон барча COVID-19 юқтириш ҳолатларининг 95 фоизига сабабчи бўлиб улгурган. “Дельта” билан оғриган британлар бош оғриғи, томоқ қичиши, тумов, иситма ва баъзан йўталдан шикоят қилишади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилган статистикага қараб “дельта” энг аввало кимларга хавф солиши мумкинлигини тушуниб олиш осон.

Февраль ойи бошидан июлнинг ўрталаригача 92 мингдан ортиқ “дельта” штамми билан касалланиш ҳолатлари таҳлил қилинган эди. Аён бўлдики, у асосан ҳали 50 га ҳам тўлмаган ҳали навқирон одамларга юқаётган экан. Касалланганларнинг ярмидан кўпи (53 822 нафари) ўзини эмлатмаган.

Ана шу, эмланмаган ва “дельта” юқтириб олган гуруҳдан 52 мингдан ортиғининг ёши 50 дан кичик бўлган. Бу 97 фоиз дегани. Қолган 3 фоиз ёки 976 кишини кексалар ташкил қилган.

Янги штаммдан Британияда жами 117 киши вафот этди. Бу 25 июндаги маълумот. Касаллик юқтираётганлар аксари ёшлар бўлса, ўлаётганларнинг мутлақ кўпчилиги қариялар: 117 қурбондан атиги 8 нафарининг ёши 50 дан кичик бўлган.

Шундай қилиб, Британия ССВ ҳисоботига кўра, бугунги кунда “дельта” штаммини юқтириш хавфи энг юқори қатлам бу — ҳали эмланмаган ёки вакцинанинг фақат бир дозасини олган 50 ёшдан кичик одамлардир.

Европа: четдан киришга чекловлар

Британияда “дельта” тарқалиши туфайли Германия англиялик сайёҳлар учун чекловлар жорий қилди: эндиликда Буюк Британиядан Германияга бораётган ҳар бир одам икки ҳафта карантинда ўтириши керак — ҳатто коронавирусга қарши эмланган ёки тести манфий чиққан бўлса ҳам. Канцлер Ангела Меркель ЕИга аъзо барча мамлакатларда шунақа эҳтиёт чоралари кўрилишига эришмоқчи.

“Дельта” штамми тарқалиши туфайли энди Францияда коронавируснинг тўртинчи тўлқинини кутишмоқда. Бу ҳақда 30 июнь куни ҳукуматнинг илмий маслаҳатчиси Арно Фонтане маълум қилган.

“Янги касалланганларнинг қарийб 20 фоизи айнан “дельта” юқтирган. Ушбу штаммнинг улуши фоизларда ўсишда давом этмоқда, тўлиқ ифодада эмас, чунки умумий касалланиш ҳолатлари камайяпти”, дейди Франция соғлиқни сақлаш вазири Оливье Веран.

Вазирнинг айтишича, касаллик тарқалиши суръати ҳалокатли даражада эмас, чунки одамлар эмланмоқда. Аммо вирус юқтирганлар орасида “дельта” аниқланган ҳолатлар тобора ортяпти.

“Дельта” Россияда: шифокор изоҳи

Аҳолини эмлаш суст кечаётган Россияда ҳозирда қанча одам “дельта” билан оғриганини айтиш қийин. Россиялик вирусолог Георгий Базикин Санкт-Петербургга оид маълумотларни келтирган: май ойида янги касалланишлар сонининг ярмидан кўпроқ қисми “дельта” ҳиссасига тўғри келарди, июнь ойига келиб бу кўрсаткич 90 фоиздан ошди. Москва маъмурияти ҳам пойтахтга доир кўрсаткич 90 фоиз эканини айтганди. 29 июнь куни эса “Роспотребнадзор” раҳбари Анна Попова Россияга яна бир янги штамм — “дельта плюс” кириб келганини маълум қилди.

OsloMet университети доценти Юрий Киселёв “Настояшчее время” телеканалига берган интервьюсида “дельта” штамми аввало биологик хоссалари ўзгаргани сабабли хавфли саналишини, мавжуд маълумотга кўра, камида бир неча карра юқумли эканини айтган.

Россияга навбатдаги янги тур — “дельта плюс” кириб келгани ҳақидаги хабарга изоҳ бераркан, мутахассис бу маълумотнинг тўғрилигини шубҳа остига олган:

— Бу ерда саволга ўрин бор: у бизга кириб келганми ёки шу ернинг ўзида эволюцияга учраганми? Аҳолининг катта қисми эмланмаганини ва улар ушбу вирус шиддат билан биологик ривожланиши ва ўзгариши учун барча шароит муҳайё бўлган ўзига хос улкан қозон вазифасини бажараётганини ҳисобга олсак, кейинги эҳтимол ҳақиқатга яқинроқ. Бироқ, нима бўлганида ҳам “дельта”нинг мазкур штамми қўшимча мутацияга эга ва ўша қўшимча хоссаси унинг ҳужайрага осон кириб олишини таъминлайди, демакки, уни янада юқумлироқ қилади.

Россия соғлиқни сақлаш тизими мулозимлари касалланиш ва ўлим ҳолатлари бўйича кетма-кет рекорд кўрсаткичларни эълон қилишмоқда. Бу “дельта” штамми шунчалик фаол ҳаракат қилишини билдирадими?

Юрий Киселёвга кўра, айни пайтда бу тўғрида аниқ бир нарса дейиш қийин. Чунки вирусологик назоратга доир маълумотлар манзарани тўла тасаввур қилиш учун етарли эмас. “Шу боис бу янги тўлқинни “дельта” штамми кўтардими ёки “дельта плюсми”, ҳозирча номаълум. Аммо, вируснинг юқумлилик хоссаси борган сари кучайганини ҳисобга олсак, янги тўлқин бошланишини олдиндан тахмин қилиш мумкин эди. Табиийки, энди одамлар кўпроқ касалланади, кўпроқ госпитализация қилинади ва, афсуски, кўпроқ беморлар нобуд бўлади”, дея мулоҳаза қилади у.

Юрий Киселёв интервью давомида “дельта” штаммининг вакциналарга қанчалик чидамлилиги тўғрисидаги саволга ҳам жавоб берган:

— Мен илмий манбаларда кўрган маълумотларга қараганда, ростдан ҳам вакциналарнинг мазкур штаммга нисбатан самарадорлиги пасайиши кутилмоқда. Тўғри, “дельта” штамми манзарасида ҳимоя даражаси аввалгидек юқори бўлмас, лекин бу ерда ҳимоянинг борлиги муҳим. Мен вакцинани хавфсизлик камарига ўхшатаман. У автоҳалокат чоғида ўлишдан 100 фоизга сақлай олмайди, аммо муайян даражада ҳимоя қилиши аниқ, шу боис ҳам ундан фойдаланамиз, деган мутахассис.

XS
SM
MD
LG