Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари муҳокама этилаëтган расмий сайтда 19 сентябрь куни жамоатчиликка Президентнинг яна бир қарори лойиҳаси тақдим этилди. “Ўзбекистон Республикасида ташқи иқтисодий фаолиятни янада тартибга солиш чоралари тўғрисида” деб номланган бу лойиҳа қарорга айланса¸ 1 октябрдан мамлакатга олиб кирилаëтган 96 турдаги маҳсулотга солинадиган бож тўловлари ва акциз солиғи бутунлай олиб ташланади¸ ëки пасаяди.
“Лойиҳанинг қарорга айланиши аниқ”
19 сентябрь куни муҳокама қўйилган қарор лойиҳаси 4 октябрга қадар очиқ бўлиши айтилган бўлса-да¸ унинг кучга кириш эҳтимолий санаси 1 октябрга белгиланган.
Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитасининг Озодлик суҳбатлашган расмийси¸ бу қарорнинг президент Шавкат Мирзиëев АҚШдан қайтиши билан имзоланиши ва ҳатто 1 октябрга қолмай кучга кириши кутилаëтганини билдирди.
Лойиҳа муаллифи - Иқтисодиëт вазирлигининг Озодлик гаплашган мутахассиси қарор лойиҳасининг мамлакатда валюта эркин конвертацияси жорий этиш бошлангани муносабати билан ички ишлаб чиқарувчилар манфаатини ҳимоя қилиш ва бозордаги эҳтиëжталаб истеъмол моллари нархининг кескин кўтарилиб кетиши олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилганини айтади:
- Бу лойиҳада 96 турдаги жами 10 мингга яқин номдаги импорт молига белгиланган давлат божи ва акциз солиғи бутунлай нолга туширилди ëки сезиларли даражада¸ соғлом ақл чегарасида¸ арзонлатилди. Бож ва акциздан озод қилинган маҳсулотлар рўйхатига¸ биринчи галда¸ гўшт¸ сут¸ чой¸ буғдой¸ бошоқли ва дуккакли экинлар каби кенг истеъмол маҳсулотлари¸ шунингдек¸ деярли барча соҳадаги ички ишлаб чиқарувчи учун сув билан ҳаводек зарур бўлган хом-ашë ва компонентлар киритилди¸ деди Иқтисодиëт вазирлиги расмийси.
Муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасидан фармацевтика маҳсулотлари¸ қурилиш¸ тўқимачилик¸ матбаа¸ кийим-кечак¸ чорва ва паррандачиликни ривожлантириш учун зарур саналган маҳсулотлар ва улар компонентларининг бождан озод қилиниши¸ эҳтиëж баланд бўлган тайëр кийим-кеча¸ оëқ кийими¸ турли электр товарларига солинган бож ставкаларининг сезиларли арзонлатилиши кутилаётгани кўрилади.
“Импорт деярли тўхтаб қолди”
19 сентябрь куни эълон қилинган президент қарори лойиҳасига муносабат билдирган Тошкентдаги йирик улгуржи бозорларидаги айрим савдогарлар¸ Марказий банк ўзбек сўмининг хориж валюталарига нисбатан курсини кескин девальвация қилганидан сўнг¸ Ўзбекистонга импорт моллари келиши музлаб қолганини билдирди.
“5 сентябрдан бож тўловларини 8100 сўмдан ҳисоблашга ўтишганидан сўнг¸ Хитойдаги шерикларимиздан мол олишни тўхтатдик. Бозор кўтармай қолди янги нархларни. Ўтган ҳафта таможнядагилар бир ҳафта-10 кун кутинглар¸ ставкалар ўзгаради¸ дейишганди. Шу қарорни айтишган экан. Агар импорт растаможкаси арзонламаса¸ мол келиш тўхтайди¸ бозорда қимматчилик баробарида қаҳатчилик ҳам бошланади”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган савдогарлардан бири.
“Бозор яна ўзига келиб қолса¸ ажабмас”
Қарор лойиҳасида таклиф этилган янги бож ставкаларига муносабат билдирган чакана савдодаги Озодлик суҳбатлашган тадбиркорлар¸ девальвациядан кейин "эсанкираб қолган" импорт бозори нормаллашишига умид билдирдилар.
“Мен бирров қараб чиқдим. Биз Хитойдан импорт қилиб келган товарларга белгиланган бож тўловлари икки баравардан кўпроққа арзонлашиши мумкин экан. Бу аслида сўмда тўланадиган ставкаларда катта ўзгариш дегани эмас. Чунки¸ олдин¸ битта товарга давлат курси бўйича 6 доллар (4100х6=24600 сўм) тўлаган бўлсак¸ энди янги курс бўйича 2 доллар (8100x2=16200) тўлаймиз. Лекин¸ барибир¸ нисбатан арзонлаш бор ва шунинг ҳисобига импорт келиши яна изга туша бошласа керак"¸ дейди Озодлик суҳбатлашган кичик тадбиркорлардан бири.
Девальвациядан кейин икки бараварга қимматлаган машиналар растаможкасида ўзгариш йўқ
Муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасидан четдан олиб келинадиган автомобилларга солинадиган бож ва акциз ставкаларининг ўзгаришсиз қолгани кўрилади.
Ўзбекистонга импорт қилинадиган енгил машиналарнинг янгисига тўланадиган бож ставкаси лойиҳада 30 фоиздан 70 фоизгача¸ машина двигателининг ҳар куб сантиметри учун 3 АҚШ долларидан қилиб белгиланган.
Ўзбекистон аввалига Жанубий Кореянинг Daewoo, бугунга келиб АҚШнинг GM ширкати билан ҳамкорликда автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши ортидан¸ ички бозорни ҳимоялаш иддаоси билан хориж автомобилларига нисбатан бож ставкалари ниҳоятда баланд қилиб белгиланган.
Бу ставкаларнинг ўзгаришсиз қолгани¸ лойиҳага нисбатан билдирилган дастлабки шарҳларга кўра¸ Ўзбекистондаги импорт машиналари дилерлари ҳафсаласини пир қилган.
“Мазкур қарордан мақсад “истеъмолчи талабини қондириш ва ички бозордаги нархларнинг ошиб кетишига йўл қўймаслик”дир. Айни пайтда¸ енгил машиналарга нисбатан бож тўловлари ва акцизни аввалги даражада қолдириш машиналар нархи жиддий ошишига олиб келади ва шу билан қарор моҳиятига зиддир.
Премиум классдаги хорижий автомобилларга нисбатан давлат божини арзонлатиш Ўзбекистон автомобилсозлик саноатидаги рақобатбардошликни оширишда муҳим механизм бўлади. Қолаверса¸ тўловларни арзонлаштириш импорт қилинадиган автомобиллар сони кўпайиши ва давлат бюджетига тушумлар ҳам кўпайишига олиб келади. Ана шулар асосида¸ янги енгил машиналарга қўйилган бож тўловларини қайта кўриб чиқишингизни сўраймиз”¸ деб ëзди қарор лойиҳасига биринчилардан бўлиб муносабат билдирган ўзини Шавкат Нурматов деб таништирган дилерлардан бири.
“Мақсад ўзи машина растаможкасини тушириш эди..”
Ўзбекистон Иқтисодиëт вазирлигининг қарор лойиҳасини ҳозирлашга бевосита алоқадор расмийси Озодлик билан суҳбатда импорт машиналарига бож тўловларини “соғлом ақлга мослаш” лойиҳа муаллифларининг бирламчи мақсадларидан бўлганини айта туриб¸ бу борада умидсизликка ҳали эрталигини билдирди.
“Лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига қўйишдан мақсад нима? Тадбиркор¸ ишлаб чиқарувчи¸ истеъмолчи¸ ҳукумат тизимлари фикр-мулоҳазаларини ўрганиш. Улар билдирадиган ҳар битта фикр инобатга олинади¸ Иқтисодиëт вазирлиги¸ Савдо-саноат палатаси ва бошқа структураларда кўриб чиқилади. Шу асосда¸ лойиҳага ўзгартиш ва тузатиш киритилади. Енгил машиналар растаможкасини арзонлатиш таклифи бор¸ у ҳали кун тартибидан олиб ташланмади. Қарор кучга киргунга қадар¸ ўзгариш бўлса¸ ажабмас”¸ деди лойиҳани ҳозирлаш жараëнига бевосита алоқадор мулозим.