Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:17

“Дўстлик” чегара масканидан ўтаётганлар таъмагирликдан шикоят қилаяпти


“Дўстлик”дан ўтаётганлар қирғиз масъуллари таъмагирлигидан шикоят қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:16 0:00

“Дўстлик” назорат-ўтказиш масканида навбат кутаётган айримлар иддаосича, турнақатор навбатларга сабаб чегарачилар ва божхоначиларнинг таъмагирлигидир. Айни пайтда бу иддао қирғиз расмийлари томонидан рад этилмоқда.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда, жумладан, Фейсбукда қирғиз-ўзбек чегарасидаги “Дўстлик” масканида чегарадан ўтувчилар қирғиз чегарачилари ўзларига қўпол муомалада бўлаётгани ҳақида шикоятлар кўпайди. Шу мазмундаги шикоят хатлари Озодликка ҳам келиб тушди. Вазиятни яқиндан ўрганиш мақсадида “Дўстлик”да бўлдик.

“Дўстлик” чегара-ўтказиш пунктининг Қирғизистон томонида турнақатор навбатлар бир неча ойдан бери одатий ҳолга айланган.

Бир неча соатдан бери чегарадан ўтолмай турган ҳомиладор аёл чегарачилар унинг илтимосига эътиборсиз қолдирганларини айтади.

“Ҳомиладорман, икки соатдан бери шу ерда турибман, бошим айланаяпти”.

“Дўстлик”да навбат кутаётган айримлар иддаосича, бу навбатларга сабаб чегарачилар ва божхоначиларнинг таъмагирлигидир.

- Биз 50 минг учун 1-1,5 сутка юрибмиз. Наглий ичкарида чеккага қисиб туриб, пул олаяпти. Ўзбек пулига 5 минг сўмдан 10 минг сўмгача олаяпти, қайтишда кўп олаяпти. Қайтишда ҳушимиздан кетиб, “судорга” бўлиб турибмиз, ўтказмаяпти, лекин 39 минг тўлаганларни олдимизда ўтказиб юборди, - дейди қувалик аёл

Аёлнинг гапларини хўжаободлик 18 ёшли ногирон Мафтуна Алиева ҳам тасдиқлайди. Мафтунанинг айтишича, чегарада турувчилардан бири пул бермагани учун қизнинг телефонини олиб қўйган.

Мафтуна Алиева: 9 та 20 килограммлик краскани укам билан олиб ўтдик, телефонимизни “залог” қилиб, олиб қўйди.

Озодлик: Ким олди?

Мафтуна Алиева: Танийман, без форма шу ерда юрадиган ака олди. “Бир соатда чиқамиз”, дедик. Кейин бир соатда чиқиб, пулни бериб, телефонни олдик.

Озодлик: Нима учун у одамга пул бердингиз?

Мафтуна Алиева: Краскамизни Ўзбекистонга олиб ўтганимиз учун. “Растаможка қиласан”, деди. “Неча пулдан?” десак, “Донасига беш мингдан”, деди. “Қопламайди, касалман” дедим. “Бўлмаса, 300 сом берасан”, деди. 300 сом эмас, 30 минг сўм ўзбек пулига бердик.

Озодлик: Сиз кийимига қараб чегарачи билан божхона ходимини фарқлай оласизми?

Мафтуна Алиева: Ҳа, фарқига бораман, кўрганман, уларнинг олдида йиғлаб турганман.

Озодлик: Энди айтинг, ким олади - чегарачими, божхоначими?

Мафтуна Алиева: Кўпроқ таможний олади, чунки мен кўпроқ юк ташийман. Кейин ичкарига одамларни 5тадан киритадиганлар ҳам олади, жавоб.

Айни пайтда чегарадан ўтаётганлар “Дўстлик”даги талотумга навбатда турганлар орасида юз бераётган тартибсизликлар ҳам сабаб бўлаётганини айтмоқдалар.

“Бир-иккита одам бенавбат келиб олишаяпти. Ўшалар бузишаяпти навбатни”.

“Агарда навбат бўлиб, ҳаммаси рисоладагидек бўлса, тезда-тезда ўтилади. Ҳамма шу ерга келиб олаверади, уруш шундан бўлади”.

Қирғиз масъуллари одамларга чегарачилар томонидан қўпол муносабатда бўлинаётгани, улардан пул талаб қилинаётгани тўғрисидаги иддаоларни рад этишади. Уларга кўра, одамларни чегарадан ўтишда тартибга чақириш баъзи одамлар томонидан қўполлик сифатида қабул қилинган бўлиши мумкин.

Чегарадан юксиз ўтаётганлар чегарачилар, қўлида юки борлар эса божхона хизмати ва санитария хизмати ходимлари томонидан текширилади.

Қирғизистон Чегара хизмати расмийларига кўра, бугунги кунга келиб чегарадан кунига 7 мингдан 10 минггача одам ўтмоқда. Чегара бекатининг бунча кўп одамни қабул қилишга мослашмагани сабабли тиқилинчлар пайдо бўлган. Шу кунларда “Дўстлик” чегара масканида одамлар ўтувчи йўлакларни кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда.

XS
SM
MD
LG