Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:43

Дунё мусулмонлари пандемия соясида Қурбон ҳайитини нишонламоқда


Дунё мусулмонлари пандемия соясида ва коронавируснинг ўта юқумли дельта варианти бўйича хавотирлар кучайиб бораётган бир пайтда Қурбон ҳайити байрамини нишонламоқдалар. Қуйида бу ҳақда Associated Press нашрида эълон қилинган мақоланинг тўлиқ таржимаси билан танишишингиз мумкин.

Қурбон ҳайити намози одатда жамоат бўлиб ўқилади, ёр-биродарлар учрашади, кўпчилик чорва молларини қурбон келтиради ва муҳтожларга гўшт тарқатади. Бу йилги байрам коронавируснинг илк маротаба Ҳиндистонда аниқланган дельта штаммига қарши кураш олиб борилаётган бир пайтга тўғри келди.

Айрим мамлакатларда янги чекловлар жорий қилинган, айрим ҳукуматлар эса одамларни бир ерда тўпланмасликка ва ижтимоий масофа сақлашга чорламоқда.

Пандемия туфайли икки йилдан бери сўнгги кунлари Қурбон ҳайитига тўғри келадиган ҳаж сафари ҳам кескин чекланди. Олдинги йилларда бутун дунё бўйлаб қарийб 2,5 миллион мусулмонни муқаддас Макка шаҳрига жалб қилган амал вирус туфайли кескин чекланди.

Жорий йилда 60 минг эмланган Саудия фуқароси ёки Саудия Арабистонида яшаётган шахсларга ҳаж амалини бажаришга рухсат берилди. Бошқа мамлакатлардаги мусулмонлар эса ҳаж амалини бажариш имкониятидан маҳрум бўлди.

Аҳолиси энг кўп бўлган мусулмон давлат ҳисобланувчи Индонезияда вируснинг янги тури тез суратда тарқалаётгани учун Қурбон ҳайити кескин чекловлар билан нишонланди. Аввалроқ мамлакатда кўп сонли одам тўпланиши тақиқланган ва саёҳат қилиш чекланган эди. Вице-президент ва нуфузли Ислом уламоси Маъруф Амин аҳолини байрам намозини уйда ўқишга чорлади.

“Бир ерда тўпланманглар”, - деди Амин байрам бошланишидан олдин телевидение орқали қилган мурожаатида.

“Ўзингизни COVID-19 пандемиясидан ҳимоя қилишингиз шарт”.

Рамазон ҳайити давомида кўпчилик саёҳат қилгани ҳамда вируснинг янги дельта штамми тарқала бошлагани учун мамлакатда вирус юқтириш ҳолатлари кўпайгани айтилмоқда.

Малайзияда 1 июнь куни жорий қилинган миллий карантинга қарамай, вирусга чалинганлар сони тез суратда ўса бошлагани учун чекловлар янада кучайтирилди. Мамлакатда одамларга байрамни нишонлаш учун туман чегараларини кесиб ўтиш тақиқланади. Шунингдек, қабристонларни зиёрат қилиш ҳам тақиқланди.

Соғлом шахсларга масжидларда намоз ўқиш учун изн берилди, аммо уларга ижтимоий масофа сақлаш буюрилди. Қурбонлик келтириш масжидлар ва бошқа тасдиқланган жойларга чекланди.

Соғлиқни сақлаш вазири Нур Ҳишам Абдулла малайзияликларни “масъулиятсиз ҳатти-ҳаракатларни такрорламасликка” чақирди. Вазир Рамазон ҳайити пайтида аҳоли саёҳат қилгани ва Борнео оролида ўтказилган бошқа фестиваль вирус тарқалишига сабаб бўлганини эслатди.

“Қурбон байрамини нишонлаш завқи билан барчамиз COVID-19 туфайли ҳалок бўлмайлик”, дейилади вазир эълон қилган баёнотда.

Бош вазир Муҳиддин Ёсин мусулмонларни уйда қолишга чақирди.

“Мен барчангизни сабр-тоқатли бўлишга ва қоидаларга риоя қилишга чақираман”, - деди у байрам арафасида телевидение орқали қилган мурожаатида.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 туфайли нобуд бўлганлар сони бир муддат озая бошлаганини, аммо яна кўпая бошлаганини билдирди. Бунга эмлаш даражаси пастлиги, ниқоб тақиш ва бошқа эҳтиёт чоралари юмшатилгани ҳамда вируснинг дельта варианти сабаб бўлгани айтилмоқда.

Австралиянинг икки йирик шаҳри бўлмиш Сидней ва Мельбурнда жорий қилинган карантин туфайли Қурбон ҳайити чекланган ҳолда нишонланмоқда.

Сидней турғуни ҳамда Янги Жанубий Уэльс штати депутати Жиҳад Диб шаҳар мусулмонлари қайғуга чўмганини, аммо чекловлар сабабини яхши тушунишларини айтди.

“Бу мен учун онам ва отамни қучоқламаган ва ўпмаган биринчи ҳайит бўлади”, - деди Диб Australian Broadcasting Corp. нашрига берган интервьюсида.

Мельбурнлик мусулмонлар ўтган йилда ҳам Қурбон ҳайитини карантин шароитида нишонлаган эдилар. Ўтган ҳафта Мельбурнда кутилмаганда карантин эълон қилингани ҳайит тантаналари арафасида озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини тўлдирган чакана савдо корхоналари учун қаттиқ молиявий зарба бўлди.

Душанба куни Теҳронда коронавирус пандемияси яна авж ола бошлагани учун пойтахт ва унинг атрофидаги ҳудудларда бир ҳафталик карантин жорий қилинди. Бу ҳақда давлат нашрлари хабар берди. Карантин чоралари сешанба кунидан эътиборан кучга киради.

Барча давлатда ҳам ҳам янги чекловларни жорий қилингани йўқ. Бангладешда карантин чекловлари саккиз кунга юмшатилди. Соғлиқни сақлаш мутахассислари бу чора хавфли экани ҳақида огоҳлантирди.

Мисрлик Эссам Шабан Қурбон ҳайитини оиласи билан нишонлаш учун ўзи туғилиб ўсган Суҳаж шаҳрига сафар қилганини сўзлаб берди. У ҳайит намозини масжидда ўқишни режалаштираётгани, вирус тарқалиши олдини олиш учун ўз жойнамозини олиб боришини ҳамда ниқоб тақиб олишини айтди.

“Биз бу ҳайит ҳеч қандай юқтиришсиз, тинч ўтишини истаймиз”, - деди Шабан.

“Кўрсатмаларга риоя қилишимиз керак”, - дея қўшимча қилди у.

Шабан ака-укалари билан пул тўплаб, новвос сўйиб, гўштини тарқатишга ҳамда оиласи билан байрам дастурхони атрофида ўтиришни интиқиб кутаётганини айтди.

“Одатда байрамда болалар билан ўйнаймиз, хурсандчилик қиламиз. Бу аъло байрам”, - деди у.

Аммо бошқалар бу йил байрамни яқинларисиз нишонлайди.

Ҳайит чоршанба куни бошланадиган Ҳиндистонда Тоҳир Қурайший ҳар доим байрам намозини отаси билан бирга ўқигани, намоз ортидан яқинларини зиёрат қилишга отатланганини айтиб берди. Аммо отаси июнь ойида вирусни юқтирганидан сўнг вафот этган. Қурайший байрамни отасисиз нишонлаш кўнглини хира қилаётганини айтди.

“Усиз қийин бўлади”, - деди у отасини хотирлаб.

Ҳиндистоннинг мусулмон уламолари аҳолини сабр қилишга ва соғлиқни сақлаш протоколларига риоя қилишга чорлади. Мамлакатнинг айрим штатларида расмийлар гавжум йиғинларни чеклаб, одамларни байрамни уйда нишонлашга чорламоқда.

Айни пайтда пандемия миллионлаб ҳиндистонлик учун молиявий қийинчиликларни келтириб чиқарган. Шунинг учун кўпчилик бу йил қурбонлик келтиришга қодир эмаслигини айтди.

Асосан мусулмонлар яшайдиган мунозарали Кашмирнинг Ҳиндистон назорати остида бўлган қисмида ишбилармон Ғулом Ҳасан Ваний Ҳайит қурбонлигини чеклаганларнинг биридир.

“Мен илгари уч-тўрт қўйни қурбон қилар эдим, аммо бу йил зўрға биттасини қурбон қилоламан”, - деди у.

XS
SM
MD
LG