Ўзбекистон хабарлари
Электромобиллар учун йиғим кескин оширилади
Ўзбекистонда 1 майдан эътиборан электромобиллар учун утилизация йиғими тўрт бараварга қадар оширилади.
Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 31 январда қабул қилган “Электродвигателга эга бўлган транспорт воситалари аккумулятор батареяларини утилизация қилиш инфратузилмасини ташкил этиш ишларини молиялаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорга маҳаллий матбуот ва жамоатчилик бир неча кун ўтиб эътибор қаратмоқда.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, ишлаб чиқарилган муддатидан бошлаб уч йилдан ортиқ бўлмаган электромобиллар учун йиғим БҲМнинг 30 бараваридан 120 бараварига (45 миллион сўм) оширилмоқда.
Ишлаб чиқарилган муддатидан бошлаб уч йилдан ортиқ бўлган электромобиллар учун йиғим БҲМнинг 210 баравари (ҳозирда БҲМнинг 90) баравари) ёки 78,75 миллион сўмни ташкил қилади.
Қарорда утилизация йиғимини ошириш таклифи Инвестициялар, саноат ва савдо, Иқтисодиёт ва молия ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликлари томонидан тайёрлангани қайд этилган.
Ҳукумат ушбу қадамни “яшил” технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш, электромобилларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган батареяларининг атроф-муҳитга кескин зарар етказмаган ҳолда утилизация қилинишини таъминлаш ҳамда соҳада маҳаллийлаштириш ишларини янада жадаллаштириш мақсадлари билан асослаган.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилмай қабул қилинган бу қарор фаолларнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Иқтисодчи Юлий Юсупов бу ҳолатни “улкан бюрократик йиртқич махлуқнинг Ўзбекистон иқтисодиётини ютиб юбориши”га менгзатди.
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса ҳукуматнинг ушбу қарори ЖСТга кириш музокараларига салбий таъсир этишидан огоҳлантирди.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистонда 2024 йил ноябрь ойида электромобиллар учун электромагнит мослашувчанлиги бўйича текширув талаби жорий этилган ва таҳлилчилар бу талабни электромобиллар импорти учун навбатдаги сунъий тўсиқ ўлароқ баҳолашган эди.
Расмий статистикага кўра, 2024 йилда Ўзбекистонда илк бор электромобиль ва гибрид автомобиллар импорти ҳажми бензинда ҳаракатланувчи автомобиллардан ошди. Ўтган йили мамлакатга хориждан 32928 дона бензинда ҳаракатланувчи, жами 41575 дона гибрид (17480) ва электр автомобиллар (24095) келтирилган.
Кун янгиликлари
Тошкентда кафе террасалари бузилмоқда
Тошкент шаҳрида ноқонуний биноларни бузишнинг янги тўлқини бошланди. Gazeta.uz нашри хабарига кўра, айни кунларда бутун пойтахт бўйлаб кўп йиллар давомида турган, лекин ҳозирда ноқонуний деб топилган бинолар, хусусан, кафеларнинг ёзги террасалари демонтаж қилинмоқда.
Юнусобод туманидаги Nice Joy кафесининг ёзги террасаси ҳам ҳокимлик, кадастр органлари ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари талаби ортидан бузиб ташланган.
Nice Joy директори Илҳом Вофаев шаҳар хизмати ходимлари олдиндан огоҳлантирмай келгани, конструкцияни 24 соат ичида олиб ташлашни буюрганини айтган. Унинг сўзларига кўра, кафе маъмурияти аввалроқ ердан фойдаланиш ҳуқуқини олишга ҳаракат қилган, бироқ уринишлар бесамар кетган. Муассаса раҳбари қурилмани сақлаб қолиш учун аҳоли розилиги ҳам фойда бермаганини айтган.
Бир муддат аввал Тошкент шаҳри ҳокимлиги “ихтисослаштирилган хизматлар томонидан ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ишлари” олиб борилаётгани ҳақида маълумот тарқатганди.
Ҳокимликка кўра, бундай объектлар ирригация тизимини бузади, транспорт воситаларига халал беради ва яшил майдонларга киришни тўсади.
Тадбиркорлар эса ижтимоий тармоқларда мулк ҳуқуқини ҳурматсиз қилмаслик, объектларни қонуний тартибда расмийлаштиришга тўсқинлик ҳолатларидан шикоят қилган.
Бундан аввал ҳам пойтахтда ноқонуний биноларни бузиш кампаниялари ўтказилган.
Озодлик “снос”га тушган мулки учун давлатдан товон пулини ололмаётган фуқаролар муаммосини кўп марта кўтариб чиққан.
“Снос”ларни ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистонда мулк ҳуқуқи бузилиши рамзи сифатида таъкидлашади.
Икки кунда 110 килодан зиёд наркотик модда мусодара қилинди
Жорий йилнинг 3-4 февраль кунлари Ўзбекистонда ўтказилган “Қорадори” тадбирида 112 кг дан ортиқ гиёҳвандлик воситалари (героин, опий, гашиш, синтетик турдаги гиёҳвандлик воситалари) ва 8 мингдан зиёд кучли таъсир қилувчи моддалар тарқатилиши олди олинган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Вазирликка кўра, икки кун ичида ДХХ билан ҳамкорликда гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласи билан шуғулланиб келаётган шахслар ва жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш мақсадида жами 653 та махсус тадбир ўтказилган.
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласидан олинган 287 минг 460 доллар ва 569 миллион сўм миқдоридаги пул маблағлари далилий ашё сифатида расмийлаштирилган.
Тадбирлар доирасида 175 та тиғ, 58 та бита, 24 та кастет ва 77 та қурол ҳам мусодара қилинган.
ИИВ қайдича, қўзғатилган 222 та жиноят иши доирасида 228 нафар шахс жиноий, 64 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. 47 нафар қидирувдаги шахслар ушланган. 357 нафар шахс билан профилактик суҳбат ўтказилиб, уларнинг 231 нафари расман огоҳлантирилган.
ИИВ криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасидаги тезкор тадбирлар бошқа йўналишларда ҳам давом эттирилишини билдирган.
Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси маълумотига кўра, 2024 йил мобайнида мамлакатга бир тоннадан ортиқ гиёҳвандлик моддалар олиб кирилишининг олди олинган.
Аввалроқ Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматов Ўзбекистонда 2019−2024 йиллар оралиғида наркожиноятлар сони икки бараварга кўпайганини маълум қилиб, мамлакатда “дорихона наркоманияси” авж олганидан хавотир изҳор қилган эди.
Наманганда суд раиси ўз ёрдамчисини калтаклади
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Чуст тумани суди раиси Жаҳонгир Якубхўжаев ёрдамчиси Шоҳжаҳон Яхшибоевни калтаклаб, унга жароҳат етказди. Kun.uz нашрининг ёзишича, ҳодиса 2025 йил 18 январь куни содир бўлган.
Суд раиси Жаҳонгир Якубхўжаев ёрдамчиси Шоҳжаҳон Яхшибоевни ўз хизмат хонасида калтаклаган. Ёрдамчи Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Тиббий маълумотномада Яхшибоев юз соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши тан жароҳати олгани кўрсатилган.
Бош прокуратура матбуот хизмати ушбу ҳодиса юз берганини тасдиқлаган ва ҳолат юзасидан Чуст тумани прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бораётганини билдирган.
Муштумзўрликка доир бошқа тафсилотлар очиқланган эмас.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати жиноят ишлари бўйича Чуст туман суди раисининг хатти-ҳаракатларига оид хабар юзасидан хизмат текшируви тайинлангани, унинг натижаси бўйича қўшимча ахборот берилишини маълум қилган.
Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ судьянинг бу қилмиши МЖтКнинг 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) билан малакаланиши мумкин. Бу моддада жарима жазоси кўзда тутилган. Аммо дахлсизлик мақомига эга судьяни тегишли судьялар малака ҳайъатининг хулосаси олинмай маъмурий жавобгарликка тортиш мумкин эмас.
Ўзбекистон Малайзия билан стратегик шерикликка интилмоқда
Ўзбекистон Малайзия билан муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш ниятида. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни Куала-Лумпур шаҳрида ташкил қилинган қўшма бизнес форумда маълум қилди.
Маҳаллий матбуот бу Ўзбекистон президентининг Малайзияга сўнгги 20 йил ичидаги илк расмий ташрифи эканини урғуламоқда.
Президент матбуот хизмати қайдича, Малайзия бош вазири Анвар Иброҳимнинг таклифига кўра ушбу мамлакатга ташриф буюрган Мирзиёев электроника ва яримўтказгичлар, сунъий интеллект, рақамли технологиялар, газ-кимё саноати, қурилиш, соғлиқни сақлаш, геология, таълим, транспорт, зиёрат туризми каби соҳаларни икки давлат ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида кўрсатган.
Мирзиёев Малайзиянинг етакчи компания ва банкларини Ўзбекистоннинг телекоммуникация, энергетика, банк-молия ва бошқа соҳалардаги давлат активларини хусусийлаштиришда фаол иштирок этишга таклиф этган.
Расмий Тошкент “ақлли” қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш, органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва “ҳалол” стандартларини қўллаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан ҳам манфаатдорлик билдирган.
Музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим номидан Стратегик шериклик йўлида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнот эълон қилинган. Тошкент ва Куала-Лумпур, шунингдек, божхона, олий таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, суд-экспертлик, академик-дипломатик каби соҳаларда ҳамкорликка доир битимлар имзолаганлар.
Томонлар 2025-2026 йилларни Ўзбекистон–Малайзия шериклигини инновацион ривожлантириш даври деб эълон қилишга келишишган.
Ўзбекистонда камбағаллик чегараси янгиланди
Ўзбекистонда 2025 йил учун минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 669 минг сўм этиб белгиланди, дея маълум қилди Статистика агентлиги матбуот хизмати.
Агентлик шарҳига кўра, жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш, камбағалликка қарши курашиш дастурлари самарадорлигини ошириш ва пенсиялар, нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларда мезон сифатида фойдаланилади.
Gazeta.uz нашрининг аниқлик киритишича, 2024 йил давомида Ўзбекистонда камбағаллик чегараси икки марта ўзгарган. Дастлаб йил бошида бу миқдор 568 минг сўмдан 621 минг сўмгача оширилган бўлса, 1 майдан газ ва электр энергияси тарифлари ошиши муносабати билан 648 минг сўмга чиқарилган.
Бир муддат аввал Статистика агентлигининг камбағаллик чегарасини аниқлашда фойдаланиладиган минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичи танқидга учраганди. Жумладан, иқтисодчи Отабек Бакиров “камбағалларини аниқлайдиган чегара янада камбағаллаштирилган”ига эътироз билдирганди.
Статистика агентлиги бунга жавобан мазкур кўрсаткич халқаро тажриба асосида Жаҳон банки экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилганини маълум қилганди.
2020 йилда Президент администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимовнинг “Ўзбекистонда кунига 5600 сўм ишлаб топган одам камбағал эмас” деган баёноти ҳам кескин эътирозга учраганди.
Муқаддам Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бир ўзбекистонликнинг бир ойлик тирикчилиги учун 2 157 070 сўм керак дея хулоса бергани маълум.
Жиззахда туғруқхонадан чақалоқ ўғирланди
Жиззах вилоятидаги туғруқхонада чақалоқ ўғрилиги қайд этилди.
Kun.uz нашрининг ёзишича, Зафаробод тумани Ёрқин шаҳарчасида яшовчи аёл жорий йил 28 январь куни Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий маркази Жиззах филиалида икки ўғил фарзандни дунёга келтирган.
31 январь куни соат 19:30 ларда 25-30 ёшлардаги юзига тиббий ниқоб таққан аёл онанинг хонасига кирган ва “Болангизни шифокор кўригига олиб бораман, қорни дам экан” деган баҳона блиан чақалоқлардан бирини олиб чиқиб кетган ва қайтиб келмаган.
Вилоят ИИБ ўғирланган чақалоқни топишда жамоатчиликдан кўмак сўраган.
Маълум бўлишича, чақалоқ шу куннинг ўзида топилган. Уни ўғирлаб кетган шахс ҳам процессуал тартибда ушланган.
Жиззах шаҳри прокуратураси эгизакларнинг бири ўғирлангани ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 137-моддаси (одам ўғирлаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатган ва дастлабки тергов ҳаракатларига киришган.
Озодлик аввалроқ Ўзбекистонда чақалоқ сотишга уриниш ҳолатлари кўпайгани ҳақида таҳлилий мақола чоп этганди.
Чақалоқ ўғирлаш эса кам учрайдиган жиноят экани айтилади.
Ҳокимларнинг мингга яқин қарори ҳақиқий эмас деб топилди
2024 йил давомида Ўзбекистондаги маъмурий судлар вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан имзоланган қарорларнинг 933 тасини қонунга зид бўлгани боис бекор қилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати эълон қилган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларга доир ахборотда сўз боради.
Ҳисобот даврида маъмурий ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан шикоят қилишга оид 6991 та иш кўриб чиқилди. Хусусан, ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ кўриб тамомланган ишлар сони 2720 тани ташкил қилган.
Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов Daryo.uz нашрига қарорлари бекор бўлган ҳокимлар рейтингида Тошкент (143 та), Самарқанд (128 та) ҳамда Жиззах (113 та) вилоятлари етакчи ўринда эканини маълум қилган.
Бир муддат аввал Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов Ўзбекистонда ҳокимлар қарорларнинг 30 фоиздан ортиғи ёпиқ ҳолда қабул қилинаётганидан ёзғирганди. Унга кўра, ёпиқ қарорларнинг аксари давлат харидлари ёки бюджет маблағларини сарфлаш билан боғлиқ бўлиб, ҳужжатлар ноқонуний равишда ёпиқ тартибга ўтказилмоқда.
Маҳаллий матбуот муқаддам ноқонуний қарор қабул қилган ҳокимларни моддий жавобгарликка тортишни таклиф этган эди.
Қозоғистон ва Россиядан экстрадиция қилинган қорақалпоқ фаоллари Нукусдаги тергов ҳибсхонасида сақланмоқда
Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган қорақалпоғистонлик фаол Ринат Утамбетов ва Россиядан Тошкентга йўлланган бошқа бир қорақалпоқ фаоли Жеткербай Абдраманов Нукусдаги тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркманистон Хельсинки жамғармаси (ТХЖ) маълум қилди. Ҳуқуқбонлик гуруҳи маълумотига кўра, улар Тошкентдан Қорақалпоғистон пойтахтига ўтган ҳафтада келтирилган.
Давлатнинг ҳудудий яхлитлигини бузишга чақирганлик ҳамда хавфсизликка таҳдид солувчи материалларни тарқатганликда гумонланаётган шахслар ўлароқ Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган бу икки фаол 2024 йил декабрида Тошкентга қайтарилган эди.
“Ринат Утамбетов Нукусдаги ИИВ 2-сонли тергов ҳибсхонасига келтирилганига оид биринчи хабарни биз 29 январь куни олган эдик. Кейинроқ бу маълумотни бошқа манбалар ҳам тасдиқлашди. Жеткербай Абдрамановга келсак, Freedom for Eurasia ташкилоти 28 январь куни унинг адвокатидан олинган маълумотга таянган ҳолда фаол Тошкентдаги ДХХ тергов ҳибсхонасидан Нукусдаги 2-тергов изоляторига ўтказилганини маълум қилган. Ўша куннинг ўзидаёқ терговчи адвокатни бўлажак тергов ҳаракатлари ҳақида хабардор қилган”, дейилган ТХЖ хабарномасида.
Ҳуқуқ фаоллари қайдича, Утамбетов Қорақалпоғистондаги мухолифат ташкилотлари аъзоси бўлган эмас. Ўзбекистон расмийлари уни Telegram тармоғида 10 киши (асосан синфдошлари ва уларнинг хотинлари) аъзо бўлган гуруҳ орқали 2022 йил ёзида Нукусдаги норозилик чиқишлари чоғида “тақиқланган” учта видеоматериал тарқатганликда айблаганлар. Утамбетов 2024 йил апрелида Ўзбекистонда қидирувда бўлган шахс сифатида Қозоғистонда қўлга олинган ва ўтган йилнинг декабрь ойигача Олмаотадаги тергов ҳибсхонасида ушлаб турилган.
Жеткербай Абдраманов ишига халқаро жамоатчилик эътибори унинг Россияда ушланиб, озод бўлиши ва кейинчалик “ғойиб бўлиши” ортидан қаратилган. Туркияда нолегал равишда юрган Абдраманов Европага ўтиб кетиш йўлларини қидираётган бўлган. У Москвага 2024 йилнинг декабрь ойида етиб борган ва ўша заҳотиёқ қўлга олинган. Ўшанда у Ўзбекистонда ўзига қарши жиноят иши очилгани ва қидирувда бўлганидан хабар топган.
Москва прокуратураси Ўзбекистон расмийларидан фаол тўғрисида қўшимча маълумот сўраган ва ололмаган, ўша пайтда Абдрахманов қўйиб юборилган. У Мурманскдан Норвегияга ўтиб кетишни режалаган, бироқ Россия куч ишлатар тузилмалари ходимлари томонидан қўлга олиниб, Москвага йўлланган. 27 декабрь куни Ўзбекистон махсус хизматлари ходимлари Москвага келиб, Абдрахмановни ватанига олиб кетишган.
Қашқадарёда икки йигит дрифт оқибатида вафот этди
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида икки йигит йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди.
MY5 телеканали орқали эфирга узатиладиган “Ҳудуд” дастури хабарига кўра, фожиа 30 январь куни соат 17:00 атрофида Насаф кўчасида содир бўлган.
Nexia 3 машинасини бошқариб келаётган 19 ёшли йигит дрифт қилишга уринган, аммо тезликни тўғри баҳолай олмаган. Оқибатда руль бошқарувини йўқотиб йўл четидаги дарахтга урилган. Зарба кучли бўлганидан машина салонида бўлган икки нафар 19 ёшли йигит воқеа жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани билдирилган.
Ушбу хабар манзарасида собиқ депутат Расул Кушербоев Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти эътиборини Тошкент шаҳрида тунги пойгалар ташкил қилинаётганига қаратган.
Озодлик жорий йил 19 январь куни Навоий шаҳрида йўл-патрул хизмати инспектори хизмат олиб бораётган вақтида машина уриб кетиши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар қилганди.
Расмий статистикага қараганда, Ўзбекистонда 2024 йилда рўй берган 9364 та ЙТҲ оқибатида 2203 киши ҳалок бўлган, 8901 киши жароҳатланган.
Ҳоким ёрдамчиси қарийб 650 миллион сўмни ўзлаштирди
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида фаолият юритган ҳоким ёрдамчиси фуқаролар номига ажратилган катта миқдордаги кредит маблағларини ўзлаштиргани аниқланди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳоким ёрдамчиси М.Ф. 20 нафар фуқарога электрон тарзда берган тавсияномаларига асосан қабул қилиб олган электрон калитлардан фойдаланган ҳолда жами 427,7 миллион сўмлик кредит маблағларини қўлга киритган ва пулни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Шунингдек, М.Ф. қариндошлари ва бошқа 5 нафар фуқарога маҳалла ҳудудида яшамаган бўлса-да, қалбаки тавсиянома орқали жами 207,7 миллион сўм кредит ажратилишига эришиб, ушб маблағни ҳам талон-торож қилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилган.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги прокуратура хабарномасига муносабат билдириб, гумонланувчи ноябрь ойида ишдан олингани, бинобарин, пойтахтда бундай тавсифга мос келадиган мансабдор шахс мавжуд эмаслигини иддао қилган.
Аммо БП ҳокимлик раддиясига эътироз билдириб, М.Ф. фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларни айнан ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган пайтда содир этганини урғулаган.
БП бу гал ҳокимлик мулозимига оид бошқа маълумотларни ҳам очиқлаган. Айтилишича, М.Ф. 2022 йил 7 октябридан 2024 йил 29 ноябрига қадар Шайхонтоҳур тумани Камолон Дарвоза МФЙда ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган.
Озодлик аввалроқ 2024 йил мобайнида коррупцияга оид 309 та жиноят ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан боғлиқ ҳолда содир этилгани ҳақида хабар қилган эди.
Тошкентда фаррош лифт шахтасида ҳалок бўлди
Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган Riviera савдо марказида фаррош аёл бахтсиз ҳодиса қурбони бўлди.
Kun.uz нашрининг Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда ёзишича, 3 февраль куни соат 11:10 да савдо мажмуасида фаррош бўлиб ишловчи 45 ёшли Ш. М. лифт шахтасига шиша ойналарни тозалаш учун кирган. У шахтанинг бурчак қисмида эканида лифт эшиклари ёпилиб, тепага қараб ҳаракатлана бошлаган. Лифтни ҳаракатга келтирувчи тошлар эса пастга, яъни фаррошнинг устига тушиб, уни қисиб қолган.
Тошкент вилояти Бўка туманидан бўлган аёл воқеа жойида вафот этган. Унинг икки фарзанди етим қолган.
Фожиа рўй берган савдо марказига прокуратура ва ИИБ ходимларидан иборат ишчи гуруҳ етиб борган. Ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Бекзод Бердиевга кўра, бахтсиз ҳодисага техник талабларга риоя қилинмагани сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.
Лифтдаги носозлик инсоний талафотга олиб келиши илк бор кузатилаётгани йўқ. 2023 йил июль ойида электр узилгани ортидан Тошкентдаги кўп қаватли уй лифтида қамалиб қолган почтачи аёл вафот этганди.
Пойтахтдаги бошқа бир кўп қаватли уй лифтининг носозлиги оқибатида 11 киши жароҳатланган эди.
АҚШга бориш истагидаги ўзбекистонлик алдов қурбони бўлди
Тошкент шаҳри Учтепа туманида фуқародан фириб йўли билан 20 минг доллар олган шахслар ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизматининг маълум қилишича, тезкор тадбирда фуқаро С.Ғ. фуқаро Д.С.ни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали АҚШга юбориши ва у ерда иш билан таъминлаши эвазига таниши А.А. орқали 20 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Матбуот Ўзбекистондан АҚШга ноқонуний бориш билан боғлиқ фирибгарликлар ҳақида тез-тез хабар беришига қарамай, бундай ҳолатлар кўп қайд этилмоқда. Масалан, январь ойида Чилонзор туманида ҳам АҚШга ишга юбориш ваъдаси билан фуқародан 40 минг доллар олган шахс ушланганди.
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ҳам Қўшма Штатларга ноқонуний равишда киришга уринаётган Ўзбекистон фуқароларини ушбу ҳаракатдан тийилиб, қонуний йўллардан фойдаланишга ундаб келади.
Озодлик аввалроқ Мексика ва АҚШ чегарасидаги депортация марказида Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондан кўплаб муҳожирлар сақланаётганига эътибор қаратганди.
Сўнгги йилларда Қўшма Штатлардан ўзбекистонлик ноқонуний муҳожирларни бадарға қилиш ҳолатлари кўпайган. Жумладан, АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати 2023 йил сентябрдан 2024 йил сентябригача Ўзбекистонга 572 кишини депортация қилган.
АҚШда яшаб келаётган яна 975 нафар ўзбекистонлик ноқонуний мигрант сифатида мажбуран чиқариб юборилиши мумкин.
Ўзбекистонда газ қазиб олиш сезиларли даражада қисқарди
2024 йилда Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми 44,59 миллиард куб метрни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан қарийб 2,1 миллиард куб метр ёки 4,5 фоизга қисқарган.
Статистика агентлиги чоп этган 2024 йилдаги саноат ишлаб чиқариши бўйича ҳисоботга кўра, мамлакатда 2024 йил январь ойида 3,99 миллиард куб метр газ қазиб олинган бўлса, декабрь ойига келиб бу кўрсаткич 3,8 миллиард куб метрга тушган.
Таҳлиллар мамлакатда зангори олов қазиб олиш охирги етти йилда 28 фоизга ёки 17 миллиард куб метрга камайганини кўрсатади.
2022 йилда газ қазиб олиш 53,8 миллиард куб метрдан 51,67 миллиард куб метргача, 2023 йилда эса 46,71 миллиард куб метргача қисқарган эди.
Пасайиш тенденцияси йил давомида ҳам давом этган.
Қазиб олиш кўрсаткичлари тушиб бораётган бир пайтда ҳукумат газ импорти билан параллел равишда экспортни ҳам йўлга қўйган.
Иқтисодий таҳлилчилар мамлакатда газ қазиб олиш шиддат билан қисқариб бораётган шароитда экспорт тўхтамаганини “парадокс” деб атаган.
Россиядан энергоқарамликнинг ошиши ҳам хавфли тенденция ўлароқ баҳоланмоқда.
Ўзбекистонда “Ҳалол” сертификатлаш тартиби жорий этилмоқда
Жорий йил 1 майидан эътиборан Ўзбекистонда Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти (CMIIC) талабларига мувофиқ сертификатланган маҳсулотлар ва хизматларни “Ҳалол” белгиси билан маркировка қилиш бошланади.
Вазирлар Маҳкамаси 1 февраль куни қабул қилган “Маҳсулот ва хизматларни “Ҳалол” талабларига мувофиқ сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорда аниқ муддат белгиланган.
Мазкур ҳужжатга биноан, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита олти ой муддатда агентлик тизимида ташкил қилинадиган маҳсулот ва хизматларни “Ҳалол” талабларига мувофиқ сертификатлаштириш органини халқаро тан олинган ташкилотларни жалб қилган ҳолда аккредитациядан ўтказади. “Ҳалол” белгиси шакли ҳамда ўлчамини белгилайдиган стандарт лойиҳаси ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.
Сертификатлаш ва уларга қўйиладиган талабларни белгилашда Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти томонидан қабул қилинган ва халқаро миқёсда расман тан олинган стандартларга устуворлик берилади.
Ҳукумат қарори жорий йил 2 майидан кучга кириши белгиланган.
Маҳсулотларни “Ҳалол” тамғаси билан сотиш ислом динига эътиқод қилувчи аҳоли учун муҳим мезонлардан бири ўлароқ кўрилади.
Аввалроқ Озодлик суҳбатлашган Тошкент шаҳри ва вилоятидаги “ҳалол” номи билан танилган қатор емакхоналарнинг эгалари куч тизимлари ва текширувчи идораларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан шикоят қилишганди.
Ўзбекистоннинг дунёвийликка интилаётган ҳукумати “ҳалол” ва “ҳаром” мезонларига ҳассос масала сифатида қараётгани ҳам маълум. Бир муддат аввал блогер Ҳожиакбар Носиров Ўзбекистонда кўп сотиладиган йогурт брендларидан бирининг маҳсулотларини “ҳаром” ҳисобланиши ва мусулмонларга уларни истеъмол қилиш мумкин эмаслиги ҳақида гапириши ортидан 15 суткага қамалган эди.