Россияда ўзини мустақил шифокорлар кўрикдан ўтказишини талаб қилиб очлик эълон қилган Алексей Навальний ҳимоясига митинглар бўлиб ўтди.
Расмий ҳисоб-китобга кўра, 21 апрелдаги норозилик намойишларида Москвада қарийб 6 минг, Санкт-Петербургда эса тўрт ярим мингга яқин киши қатнашган.
“Настояшее время” телеканали ушбу воқеалар ҳақида Ҳарвард университетининг кимё ва кимёвий биология факультети профессори, 1990 йилда АҚШга кўчиб кетган Евгений Шахнович билан суҳбатлашди.
— Сиз Алексей Навальнийни ошкора қўллаб-қувватлаган, унинг ҳимояси учун битилган мактубга имзо қўйганлардан бирисиз. Айтинг-чи, нега?
— Мен бундан ортиғини қила олмаслигимга ўкинаман холос. Ёшим ўтиб қолган, бир замонлар – 1968 йилда Совет Иттифоқи Чехословакияни истило қилганида, у пайтлар мен ёш бола эдим, етти киши Қизил майдонга чиққан. Ўшанда чех газеталари рус халқини ёмон кўрмаслик учун еттита сабаб борлиги ҳақида ёзганди. Бугунги кунда, эҳтимол, 100 минг ва ундан ортиқ киши чиқяпти. Бу — Россия ёшларига қойил қолиш, Россияга таҳсин айтиш ва Россиянинг келажагини кўриш учун 100 минг сабаб бор, дегани.
Умуман, юз бераётган воқеалар — ўтакетган адолатсизлик ва ёлғонлардир, уларга қарши қўлимиздан нима келса қиламиз. Мен АҚШда яшайман, Ҳарвардда профессорман. Афсуски, имкониятларимиз унча кўп эмас, аммо қўлимиздан келган ёрдамни аямаймиз.
Ва биз, намойишга чиққан бу ажойиб ёш йигит-қизлар билан бирдамлигимизни билдирамиз, зеро улар ўз истиқболлари учун курашмоқдалар, улар озод мамлакат учун курашмоқдалар — улар бу мамлакатда яшашлари, оила қуришлари, фарзандларини ўстиришлари керак ахир. Мен уларга бу йўлда улкан муваффақият тилайман.
— Бу каби норозилик акциялари сиз ёшларга тилаган ўша улкан муваффақиятни яқинлаштирадими?
— Менимча, ҳа.
— Қандай қилиб?
— Чунки ёлғонга фақат ҳақиқат билан жавоб қайтарилади. Одамлар бу минглаб ёшларни ўз кўзи билан кўрса, бутун ёшлар кўчага чиқаётганига гувоҳ бўлса, ўйлайманки, секин-аста, бунақа ишлар бирданига бўлмайди, Совет Иттифоқида воқеалар қай йўсин ривожлангани ёдимда, алал-оқибат ҳақиқат барибир ғалаба қозонажак.
Балки эртага‑ёқ бирон натижага эришишни кутмаган маъқулдир, гарчи Алексей Навальний билан боғли вазият жуда хатарли, шу маънода натижага мумкин қадар тезроқ эришиш керак. Бироқ, умуман олганда, “Сиёсий маҳкумларга озодлик” шиори, ФСБ ҳақидаги шиорлар — улар бари ҳақиқат. Фикримча, улар натижа беради. Бирданига эмас, балки эртага ҳам эмас, лекин натижа бериши аниқ.
— Путин Федерал йиғилишга мурожаатномасида давлат илм-фанга ҳомийлик қилаётгани, Россия фани жадал тараққий этаётгани тўғрисида кўп гапирди, ҳолбуки биз бошқа рақамларни кўрамиз. Мана сизни россиялик олим дейиш мумкин, гарчи мамлакатдан кетган бўлсангиз ҳам. Айтинг-чи, Россия илм-фани аҳволини қандай баҳолайсиз?
— Менинг муҳожирликка кетганимга 30 йилдан ошди, мен энди Америка олимиман, албатта, таги россиялик америкалик олим. Табиийки, Россия илм-фан оламида юз бераётган воқеаларни кузатиб бораман.
Оддий бир ҳақиқат бор: эркинлик йўқ мамлакатда илм ривожлана олмайди. Булар ўзаро боғлиқ нарсалар. Путин мурожаатномасида хоҳлаганини гапираверсин, лекин мен АҚШдаги университетларга Россиядан олимлар ишга жойлашиш илинжида келаётганини кўриб турибман-ку? Уларнинг кўпини, албатта, қабул қиляпмиз ҳам.
Илм ва фан тараққий этишининг бирламчи шарти бу эркинликдир. Эркинлик йўқ экан, ҳақиқий илм ривожанмайди. Бинобарин, бугун кўчага чиқаётган одамлар, жумладан, илм-фан учун, илм-фаннинг келажаги учун ҳам курашяпти. Фаннинг аҳволи ҳақида гапираман десам гапимиз чўзилиб кетади. Шунинг учун қисқа қиламан: эркинлик йўқлиги Россия илм-фани ривожига жуда катта тўсиқ бўлиб турибди.