Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:04

Эроннинг муваққат президенти Муҳаммад Мохбер ким ва унинг Кремль билан алоқаси қандай?


Муҳаммад Мохбер. 25 ноябрь, 2021
Муҳаммад Мохбер. 25 ноябрь, 2021

Эрон президенти Иброҳим Раисий 19 май куни Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлиши ортидан биринчи вице-президент Муҳаммад Мохбер 20 май куни президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Фалокат ҳақидаги дастлабки хабарлар якшанба куни кечқурун кела бошлади, бироқ қутқарувчилар президент вертолёти қолдиғини фақат эрталаб топишди: у қулаган тоғларда кучли ёмғир ва туман бўлган экан. Афтидан, вертолётнинг Эрон-Озарбайжон чегараси яқинида ҳалокатга учрашига айнан об-ҳаво шароити сабаб бўлган. Раисий Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан Аракс дарёсидаги тўғон очилиш маросимида иштирок этиб, Эроннинг Озарбайжон билан чегарадош Шарқий Озарбайжон вилоятидан қайтаётган эди. Президент кортежида учта вертолёт бўлган, бироқ фақат биттаси ҳалокатга учраган.

Эронда Раисий вафоти муносабати билан беш кунлик мотам эълон қилинди.

Раисийдан сўнг Эронни нима кутмоқда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:57 0:00

Муҳаммад Мохбер ҳақида нима маълум?

Эрон Конституциясининг 131-моддасига кўра, президент вафот этган тақдирда унинг ваколатлари биринчи ўринбосарига ўтади. 2021 йилдан буён бу лавозимни Муҳаммад Мохбер эгаллади. Ундан олдин, 2007 йилдан бери у Эроннинг собиқ руҳоний раҳбари оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайнийнинг топшириқларини бажариш штабига раҳбарлик қилган.

Мохбер қай даражада Эрон ҳокимият пирамидасида доимий шахс эканлигини айтиш қийин: Эронда 50 кун ичида навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтиши керак. Конституциянинг худди шу моддасига кўра, сайловлар "парламент спикери, суд ҳокимияти раҳбари ва биринчи вице-президентдан иборат кенгаш" томонидан ташкил этилиши керак.

Мохбернинг ўзи сайловларда иштирок этадими ёки йўқ, ҳали номаълум: қатнаша олади, аммо у ҳокимиятда "кулранг кардинал" сифатида қолиши ҳам мумкин. «Озодлик» радиосининг Эрон хизмати ёзишича, фалокатда ҳалок бўлган Эрон президенти Раисий лавозимга киришгунга қадар деярли бошқарув тажрибасига эга бўлмаган ва айнан Мохбер Раисий лавозимга келган пайтдан бошлаб унинг ижроия ҳокимиятини амалда бошқарган. Хусусан, у Раисий ҳукуматини ўз қўлига олган ва ҳатто иқтисодий вазирларни тайинлашда ҳам бевосита роль ўйнаган. У Эрондаги муҳим активларни ҳам назорат қилади: айнан Раисий президентлиги даврида Мохбер хусусийлаштириш доирасида давлат активларини сотиши керак бўлган кенгаш раҳбари этиб тайинланган эди.

Муҳаммад Мохбер Дезфули 1955 йилда Эрон жануби-ғарбидаги Дезфул шаҳрида туғилган. Халқаро ҳуқуқ ва менежмент фанлари номзоди ва магистр даражасига эга. У Эрон-Ироқ уруши даврида Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг тиббий корпусида зобит бўлган.

«Озодлик» радиосининг Эрон хизмати (Радио Фарда) ёзишича, Мохбер ўз фаолиятини 1980-йилларда Эрондаги турли давлат идораларида, хусусан, Ислом Республикаси Раҳбари девони ва Ислом инқилоби учун «Мустазафан» жамғармасида бошлаган. Бу Эроннинг руҳоний раҳбари жамғармасидир: у қишлоқ хўжалиги ерлари, турар-жой мажмуалари, корхоналар, бинолар, меҳмонхоналар, кутубхоналар, мактаблар, масжидлар, ибодатхоналар ва диний таълим муассасаларини назорат қилади. ВВС журналистлари фонд активлари юзлаб миллиард долларга тенг эканини аниқлашган. Ташкилот раҳбари бевосита Эроннинг руҳоний раҳбари томонидан тайинланади. Шу билан бирга, жамғарма солиқ тўламайди ва ҳукуматга ҳисоб бермайди, фақат тўғридан-тўғри Оятуллоҳга ҳисобот бериши керак.

1990-йилларда Мохбер ўз она шаҳридаги Dezful Telecommunications компаниясининг бош директори, сўнг Ироқ чегарасидаги Хузистон вилояти губернатори ўринбосари бўлган. Бу Эроннинг энг бой вилоятларидан бири ва мамлакатнинг асосий нефть қазиб олувчи вилоятидир. Сиёсатчининг ўғли Сажжад Мохбер Эрон нефтини сотиш билан боғлиқ коррупция можаросига ҳам аралашиб қолган.

Мохбер ўн йил давомида Мустазафан жамғармаси иштирокида тузилган ва Эрон ҳукуматига яқин бўлган хусусий «Сино» банки директорлар кенгаши раиси сифатида ҳам ишлаган. Бу банк Эрон банк тизимига қарши Ғарб санкциялари шароитида ҳам жуда самарали ишлади.

Президент Раисийнинг ҳалокати: Эронда 5 кунлик мотам эълон қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:04 0:00

2007 йилдан бери Мохбер Эрон олий раҳбари билан боғлиқ бўлган, Эрон иқтисодиётининг энг кучли бюджетдан ташқари бўлинмаси «Сетад» инвестиция жамғармасини бошқариб келади. Жамғарма 1979 йилги Ислом инқилоби ғалабасидан кейин мусодара қилинган мол-мулк асосида 1989 йилда ташкил этилган бўлиб, юқорида тилга олинган «Мустазафан» жамғармаси бу кенг кўламли тузилманинг бир қисмидир.

«Сетад»да лавозимга киришишдан олдин Мохбер ўзи амал қилиши керак бўлган учта тамойилни айтган эди: "Исломчи бўл, инқилобчи бўл ва интизомли бўл".

Reuters хабар қилганидек, “Сетад»нинг учта ҳаммуассисларидан бири Меҳди Карубий ташкилот дастлаб "икки йилдан кўп бўлмаган муддатга фаолият кўрсатиши" мўлжалланганини ёзган ва уни тузишга буйруқ берган Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний буйруқ имзолаганидан тахминан бир ой ўтиб вафот этган. Аммо бу ташкилот парчаланиб кетмади, балки ривожланди ва йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида улкан ярим давлат ташкилотга айланди.

Reuters агентлигига кўра, у хорижда яшовчи оддий эронликлар, диний озчиликлар, бизнесменлар ва эронликларга тегишли кўчмас мулк ва бизнесни мусодара қилиш йўли билан ҳам мулкка эга бўлади. Баъзи маълумотларга кўра, бу тузилма, шунингдек, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига қарашли бошқа тузилмалар Эрон иқтисодиётининг ярмидан кўпини назорат қилади.

Мохбер нафақат Эрон ҳукумати назорати остида бўлмаган улкан ресурслар бошқарувчиси, балки Кремлнинг иттифоқчиси ҳамдир. 2022 йил октябрь ойида у юқори мартабали амалдорлар ва Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши аъзолари билан бирга Москвага ташриф буюрди: Ғарб матбуотига кўра, айнан ўшанда Теҳрон ва Кремль Россияга “Шаҳед» дронларини етказиб бериш бўйича келишувга эришган.

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг, “Шаҳед» дронлари Москва учун Украинадаги энергия объектлари ва шаҳарларига зарба беришнинг нисбатан арзон (ракеталарга нисбатан) воситасига айланди.

Ушбу ташрифдан кўп ўтмай, Россия ҳам тўғридан-тўғри Россия ҳудудида, Татаристонда Эрон дронларини йиғишни бошлади:

Юқорида айтиб ўтилган, Мохбер билан алоқадор бўлган «Сино», Украинада уруш бошланганидан кейин ҳам Россия бозорига кирмоқчи эди: 2022 йил ёзида Эрон Ислом инқилоби «Мустазафан» жамғармаси Астраханда банк ваколатхонасини очишни таклиф қилди. Бу минтақада Каспий орқали келган ҳарбий юклар олиб ўтилади.

"Илгари фақат бизда банк муаммолари бор эди, бизга қарши санкциялар бор эди, ҳозир сизда ҳам бор. Бу муаммони биргаликда ҳал қилишимиз керак", деди.

2010 йилда Муҳаммад Мохбер Эроннинг ядровий ва ракета дастурларига алоқадорлиги учун Европа Иттифоқи санкцияларига тушган. Икки йил ўтгач, унинг номи Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан олиб ташланди, аммо 2013 йилда АҚШ Молия вазирлиги «Сетад» ва у назорат қилган 37 компанияни санкциялар рўйхатига киритди. 2019 йил январь ойида Мохбер ҳам АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган.

Эрон тарихда илк бор Исроилни тўғридан-тўғри ракета ва дронлар билан ўққа тутди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:19 0:00

Шундан сўнг Эрон вице-президенти Ғарб санкцияларини, жумладан, банк санкцияларини четлаб ўтиш ва Эронга зарур бўлган асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун Эрон элчихоналаридан фойдаланганини очиқ тан олди.

Мутахассислар Эрон президенти лавозимига бошқа эҳтимолий номзодлар қаторида парламент спикери Ғолибафни ҳам тилга олишади. Эрон-Ироқ уруши пайтида у Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони бўлган ва ҳозиргача унинг раҳбарияти билан яқин алоқада. Сиёсатчи бир неча бор – 2005, 2013 ва 2017 йилларда ҳам президентлик сайловларида қатнашган, бироқ Аҳмадинажод ва Ҳасан Руҳонийга ютқазган.

Politico нашри, шунингдек, Оятуллоҳ Хоманаийнинг вориси ҳисобланган Раисий ўлими Хоманеийнинг ўғли Мужтабонинг кўтарилиш имкониятини кенгайтиради, деб ёзди.

Форум

XS
SM
MD
LG