Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:54

Кредитини қайтаролмагани учун Тоштурмага ташланган фермер озод қилинди


Қарийб 54 миллион сўмлик қарзини ёполмагани учун Тоштурмага ташланган оққўрғонлик фермер Эркин Марипов озод қилинди.

Оиласи қарзнинг бир қисмини нақд тўлаганидан сўнг, қамоқда аҳволи оғирлашган фермер озод қилинган. Аммо, қисқа муддатда қарзини ёпмаса, яна қамалишидан огоҳлантирилган.

Кредитини қайтаролмагани учун Тоштурмага ташланган фермер озод қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:39 0:00
Бевосита линк

54 яшар оққўрғонлик фермер Эркин Марипов жами 53 миллион 948 минг сўмлик кредитини ёполмагани учун Тоштурмага ташлангани ҳақида Озодлик 20 ноябрь куни хабар қилган эди.

29 ноябрь куни Озодликка маълум бўлишича, фермернинг оиласи 18 миллион сўм пулни нақд тўлаб, буни тасдиқловчи ҳужжатни вилоят прокуратурасига тақдим қилгач, 24 ноябрь куни фермерни озод қилишган.

"Қолган 36 миллион сўмини шу ойнинг охиригача тўламасангиз бўлмайди. Энди ҳозир, қолган пулни тўлаш учун ҳаракат қилаяпмиз", деди Озодликка чиқарилган фермер. (Тез орада Озодликда бу фермер билан суҳбатни тинглайсиз - таҳр.)

Фермерга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси билан давлат мулкини "ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш" айби остида қўзғатилган жиноят иши ҳануз очиқ турибди.

Озодлика йўлланган суд ажримидан нусхада Эркин Мариповнинг "АБС Оққўрғон агро кластер" масъулияти чекланган жамиятидан пахтани етиштиришга кетадиган ҳаражатлар учун олинган 53 миллион 948 минг сўмни ўзлаштириб юборгани даъво қилинган.

"Яна бир неча фермер турмада"

Тошкент вилоят ҳокимиятининг исмини ошкор қилмаган мулозимига кўра, октябрь ойи охиридан шу кунга қадар Оққўрғон туманида "яна бир неча фермер" пахта режасини бажармагани ва катта миқдордаги қарзини ёполмагани учун ҳибсга олинган.

Жумладан, Оққўрғон туманидаги “Ўзбекистон” жамоа хўжалигида яшовчи 39 яшар пахтакор фермер Шерали Тошибоев 27 октябрдан буён Тоштурмада сақланмоқда. Онаси 58 яшар Бибиҳадича Мантиеванинг Озодликка айтишича, ўғли туман "Агробанк"идан 32 миллион сўм қарз бўлиб қолгани учун ҳибсда сақланмоқда.

Ҳокимиятдан олинган маълумотга кўра, Оққўрғон тумани бу йилги мавсумда тажриба тариқасида шахсан президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган агрокластер тизимига ўтказилган.

"Кластер шунақа нарсаки - фермерлар, агар ўша пайтда пули бўлмаса, пахтасига кетадиган барча ишловларга шу ташкилотдан қарз олади, техника олади. Кейин пахта ҳосили даромадидан қарзини узади. Лекин, пулни мақсадли сарфламаса, кейин режани бажаролмаса жавоб беради", деган эди 20 ноябрь куни Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган ҳокимият вакили.

Бу йил мамлакатда сув танқислиги кучли бўлгани ва ҳашаротларнинг фавқулодда кўпайгани боис, қишлоқ хўжалиги оғир аҳволда қолгани кузатилмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 31 июлида ўтказилган видеоселектор йиғилишида: "Ҳашаротларнинг қишдан чиқиш даражаси 50 фоиз бўлганда фавқулодда ҳолат, деб баҳоланади. Бу йил эса ҳашарот 1,5 баробар кўп. Бундан барча раҳбарлар тегишли хулоса чиқариши, айниқса, фермерлар ўз ҳосили учун масъулиятни кучайтириши шарт”, деб таъкидлаган эди.

Бундан ташқари, қатор вилоятларда сув танқислиги ҳам кузатилди ва оқибатда, пахта йиғим-терими кеч қолгани ва ҳосилнинг оз бўлгани кузатилди.

Бу эса, ўз навбатида, буғдой экилиши ва суғорилишининг ортга сурилишига сабаб бўлди ва натижада, Озодлик биринчи бўлиб ёритган "Оққўрғон иши"га сабаб бўлди.

Шу йилнинг 25 октябрида Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида буғдойни вақтида суғормагани учун 6 киши ариқдаги сувга туширилиб, таҳқирланди. Ўша куни вилоятнинг Бекобод туманида яна 6 киши далада кесак кўтартириб таҳқирланди.

Бу воқеалар ортидан Ўзбекистон Бош вазирининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари бўйича ўринбосари Зойир Мирзаев лавозимидан олинди, аммо Жиззахнинг Шароф Рашидов туманига ҳоким қилиб қўйилди.

Ўзбекистондаги ғаллакор фермерларнинг аксарияти, айни пайтнинг ўзида пахта ҳам етиштиради. Шу боис, қишлоқ хўжалигининг асосий йўналиши бўлган ҳар икки соҳадаги муаммолар натижасига, одатда, фақат фермерлар жавобгар қилиниши кузатилмоқда.

Озодликка мурожаат қилаётган фермерлар, президент Мирзиёев фермерларга ёрдам бериш ҳақида гапириб турган бир пайтда, бундан ташқари, пахтачилик ва ғаллачилик жуда оғир келган йилда фақат улар жавобгар қилинаётганидан шикоят қилмоқдалар.

XS
SM
MD
LG