Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:49

Қурғоқчилик таҳдиди ва томчилатиб суғориш: Фермерлар ҳукумат топшириғини бажариш учун пул йўқ демоқда


Хоразм вилоятида синов тариқасида жорий қилинган томчилатиб суғориш усули.
Хоразм вилоятида синов тариқасида жорий қилинган томчилатиб суғориш усули.

Андижон вилоятининг Бўстон (собиқ Бўз) туманидаги фермерлар ўз ҳисобидан томчилатиб суғориш технологиясини сотиб олишга мажбурланаётганидан шикоят қилмоқда.

Озодлик гаплашган бир неча фермер, ҳокимлик янги технологияни сотиб олишни истамаётганларга ерини олиб қўйиш билан таҳдид қилаётганини айтди.

Туман ҳокимлиги эса бу шикоятларни рад этиб, янги технологияни жорий қилиш ихтиёрий эканини айтар экан, туманда бу йил 1300 гектар ерни сувни тежайдиган технологияга ўтказиш мажбурияти борлигини тан олди.

Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, фермерлар ва кластерлар зиммасига сувни тежайдиган усулга ўтиш вазифасини юклаган. Ҳар бир туман раҳбариятига, экин майдонининг камида 20 фоизини сувни тежайдиган усулда суғориш талаби қўйилгани айтилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси қарорга биноан, сувни тежайдиган технология билан ишлаш ихтиёрийдир ва бунга қарор қилган фермерларга ҳаражатнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилади.

Андижонлик фермерлар арзича, бу йил минтақада қурғоқчилик - сувнинг ҳар йилгидан 25 фоизгача кам бўлиши кутилаётгани боис, ҳокимиятлар ҳозирданоқ деҳқон фермерларни қаттиқ сиқувга ола бошлаган.

Жорий йил 24 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтган видеоселектор йиғилишида жами 430 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали 3 миллиард кубметр сувни иқтисод қилиш вазифаси қўйилган эди.


Бир неча бўстонлик фермерларга кўра, ҳокимлик томчилатиб суғориш технологиясини сотиб олиш ва пахта даласига ўрнатиш учун сарф-ҳаражатни уларнинг зиммасига юкламоқда.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка гаплашган деҳқонларга кўра, шу кунда республикада ишлаб чиқарилаётган бу технологияни, 10 гектар пахта майдони учун сотиб олиб, далага ўрнатиш 250 миллион сўмга тушади.

“Аслида бу яхши технология - сув, ишчи кучи, ўғит, вақтни тежайсиз. Бунинг устига давлат ҳар гектарига 8 миллион сўмдан субсидия беради, шунда 10 гектар ер учун 170 миллионга тушади. Лекин, бизга банкдан 21 фоизлик устамаси билан 3 йиллик кредит олинглар, дейишяпти. Томчилатиб суғорамиз, десак гектарига 17 миллиондан қарз тушади, уни 3 йилда қандай узамиз?!” деди исмини ошкор қилмасликни сўраган пахтакор фермер.

Ғўзани томчилатиб суғориш, 2020, Жиззах
Ғўзани томчилатиб суғориш, 2020, Жиззах

Бўстонлик яна 2 фермер, агар томчилатиб суғориш технологиясини сотиб олмаса, ери олиб қўйилишидан огоҳлантирилганини айтди. Бўстонлик деҳқонларнинг бирортаси, ери олиб қўйилиши мумкинлигидан чўчиб, ўз номи очиқланишини истамади.

Аммо, бўстонлик фермерлардан бири ўз ихтиёри билан шу технологияни ўрнатганини айтди.

Айтишича, ўтган йили у кичикроқ майдонда бу технологияни синаган ва яхшилаб ўрганган, ўтган йилги даромади ҳисобидан уни сотиб олган:

“Мен ўзим Тошкентга бориб, 170 миллион сўмга олиб келиб, ўрнатдим. 12 гектар пахта майдонига. Жудаям яхши технология, лекин ихтиёрий, мажбуриймас. 5 та сувчи ишталардим, ҳозир 15 гектар ерга 1 та сувчи етади. 11 марта техника киртиш керак эди, ҳозир 3 марта киради. Ўғит гектарига 300 кило эди, ҳозир 150 кило етади. Сувни тежайман, қурғоқчилик бўлади, дейишяпти. 12 гектар ерни 12 соатда суғориб бўласиз. Аввал 3 сутка суғорардик. Хуллас, бу жуда яхши технология”.

Бўстон тумани ҳокимлигининг Қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Исроилжон Камолов тумандаги фермерлар бу технологияни олишга мажбурланаётгани ҳақидаги шикоятларни рад этди.

Камоловнинг айтишича, бу йил туманда 1300 гектар ерни томчилаб суғоришга ўтказиш топширилган. Бунинг 400 гектари кластер зиммасига юкланган, 900 гектари эса фермерларга бўлиб берилмоқда.

Аммо, ҳокимият вакили бу майдонни деҳқонлар ўз ихтиёри билан олмоқда, деди:

“Фермерларимиз ўзи чиқиб, томчилатиб суғорамиз, дегани учун кластерга 400 гектар бериб, қолганини деҳқонларга ажратиб беряпмиз. Мажбурлаш, ерни олиб қўйиш, деган нарса бизда умуман йўқ. Фермерга 3 йилга кредит берилади. Давлат томонидан гектарига 11 миллион сўм субсидия берилади, 3 ярим миллион ҚҚС қайтарилади, 5 йилга ер солиғидан озод қилинади, хуллас жами 15 миллионини давлат тўлаб беради, деҳқонга гектарига 10 миллион сўм кредит қарзи қолади. Ундан ташқари, 5 йил бу ерни ҳеч ким маъқуллаштира олмайди, фермердан ололмайди. Бизда ўтган йили синалгани учун, бизни фермерлар ўзлари фойдасини кўриб-билиб қилишяпти”.

Ҳокимият вакилининг бу раддиясидан сўнг қайта боғланган мухбир билан суҳбатда, бўстонлик фермер, ҳокимият вакили ҳисобига қарши, ўз ҳисоб-китобини келтирди ва кредит қарзини 3 йилда ёпиш деҳқонлар учун имконсиз, деб таъкидлади.

“Дейлик, 1 гектар ер ўртача 30 центнер пахта беради. Ўтган йили Бўстонда кластер деҳқонлардан пахтани, ҳукумат белгилаган 4 минг 880 сўмданмас, эски нарх билан 4 минг 500 сўмдан олди. Шунинг учун, деҳқонлар гектаридан 12 яримдан 13 ярим миллион сўмгача даромад қилди. Ҳаражатлар, тўловлар чиқарилганда, 1 ярим миллион сўмдан даромад қилишди. Ҳокимият вакили айтгандай, 11 миллион сўммас субсидия. Ҳукумат қарорида гектарига 8 миллион, дейилган. Хўп, деҳқонга бу технология гектарига 10 миллион сўмдан тушди ҳам, дейлик. 1 ярим миллион сўмлик даромад билан 3 йиллик кредитни 20 фоизи билан вақтида тўлаб бўладими, ўзингиз айтинг?! Кейин бунинг фоизи бошланади. Ҳали бу йил ҳосил қанақа бўлади - уям масала”.

Бу йил куз ва қиш мавсумида ёғингарчилик жуда кам бўлди, шу боис Марказий Осиё минтақасида сув ҳажми ўтган йилгига нисбатан 20 - 25 фоизга кам бўлиши кутилмоқда.

Шу боис, жорий йил 24 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтган видеоселектор йиғилишида жами 430 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали 3 миллиард кубметр сувни иқтисод қилиш вазифаси қўйилган эди.

Бу каби мақсадлар учун қўшимча 24 триллион сўм маблағ йўналтирилиши айтилган.

19 март кунги чиқишида эса президент Тошкент вилоятидаги экин ерларини суғориш учун Чорвоқ сув омборидан сув таъминоти чекланишини таъкидлади.

"Сизларга фақат Чорвоқни очиб берса. Канал сувга тўлса, кейин 24 соат сув оқади. Сиз ҳаттоки икки соат ҳам сувни назорат қилмайсиз", деди президент ҳокимларга юзланиб.

Селектор йиғинларида иштирок этадиган андижонлик агрономнинг Озодликка айтишича, Бош вазир вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев бутун Ўзбекистон бўйлаб пахта етиштирадиган фермерлар ва ҳокимият органларидан сувни тежайдиган усулга ўтишни талаб қилмоқда:

“Ҳар 1 туманга пахта ер майдонининг 20 фоизини томчилатиб суғориш тизимига ўтказинг, деган топшириқ бор, лекин бу майдоннинг катта қисмини кластерлар олиши керак. Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори ҳам бор. Кластерларга ерни фақат сувни тежаш технологиясини қўллаш шарти билан бериш тартиби жорий қилинган. Аммо, кластерлар ҳокимият билан иш қилиб, бу технологияни жорий қилмаса ҳам, деҳқондан зўрлик билан ерни тортиб олишяпти. Маҳаллий раҳбарлар, 30 - 50 гектар ерни бўлган фермерларнинг зиммасига бу катта ҳаражатли ишни юклаб юборяпти. Кластерлар эса шу ҳаражатдан қочяпти. Натижада, катта миқдорда кредит қарзию масъулияти яна фермерни зиммасида қолиб кетяпти”.

Ўзбекистонда томчилатиб суғориш усулига ўтиш, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилнинг декабрида қабул қилган “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан яна кун тартибига чиқди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил мартдаги “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида қишлоқ, янги технологияни жорий қилган деҳқонларга ҳаражатнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия бериш кўзда тутилган.

Ҳар икки ҳужжатда, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштирувчи хўжаликларга бу технологияни жорий қилиш мутлақо ихтиёрий, деб белгиланган ва сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия бериш кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG