Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:21

Ғазабнок қозоқларнинг асосий нишони – собиқ президент Назарбоев


5 январ, чоршанба куни оммавий кўча намойишлари сабабли Қозоғистоннинг қудратли шахси, Хавфсизлик кенгаши раҳбари Нурсултон Назарбоев лавозимидан озод этилди. У 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан 2019 йилга қадар Қозоғистонни бошқарди.

Ҳукумат истеъфосига сабаб бўлган норозилик намойишларида 81 ёшли собиқ президентга қарши шиорлар ҳам янграган.

2019 йилда президентлик лавозимини тарк этиб, ҳукуматни ўзи танлаган ворисга топширганига қарамай, Назарбоев мамлакатдаги ҳақиқий ҳокимиятни измида ушлаб қолди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев чоршанба кунги телемурожаатида Давлат хавфсизлик қўмитасига бундан буён ўзи раҳбарлик қилишини эълон қилди. Бироқ бир неча кундан бери кўринмаётган Назарбоевни тилга олмади. Бу ҳақида “Reuters” хабар берди.

Назарбоев Қозоғистонни қарийб ўттиз йил давомида қаттиққўллик билан бошқариб, энергетика ва металлургия соҳаларига юзлаб миллиард долларлик хорижий сармояларни жалб қилди. Россия ва Хитой каби қудратли қўшнилар билан алоқаларни моҳирлик билан олиб борди.

Ғарб давлатлари ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Назарбоевни постсовет давлатида демократик эркинликларга тўсиқ бўлганликда айблаб, танқид қилган. Унинг оиласи Қозоғистон иқтисодиётининг катта қисмини назорат қилади, деб ишонилади. Бироқ унинг ўзи бу айбловларга ҳали раддия билдирмаган.

Пўлат саноати одами

1940 йилда туғилган Назарбоев Совет Иттифоқи парчаланиши арафасида коммунистик партияда фаолият юритган. 1990 йилда Сиёсий бюро аъзосига айланган.

Ўша пайтларда у Афғонистон билан чегарадош бўлган, радикал ислом, этник низолар ва гиёҳванд моддалар савдоси авж олган беқарор Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва фаровонлик ҳақидаги ваъдалари билан қозоқларнинг эътиборига тушди.

У бир пайтлар ўзи ишлаган темир заводи жойлашган Темиртау шаҳрига ташрифи чоғида “Бизнинг авлодимиз пўлатдек мустаҳкам, букилмас ирода ва мақсадга эга авлод эди. Бу фазилатлар бизга энг қийин вазифаларни ҳам енгиш ва ҳар қандай чўққини забт этиш имконини берди”, дея эслаган.

“Reuters” мақоласида келтирилишича, Қозоғистон мустақилликка эришгандан сўнг, у ўз ихтиёри билан мамлакат ядро арсеналидан воз кечишини эълон қилди ва Ғарбда ҳурмат қозонди. Иқтисодиётни Россия билан қайта интеграция қилиш ҳаракатларидан воз кечиб, у кучли молия тизимини ярата оладиган ислоҳотчиларни тайинлади.

Назарбоевнинг айтишича, постсовет даврида абгор аҳволда қолган саноатни қутқариш учун хорижий капитал зарур эди. Кўпчилик уни ҳукмронлигининг 20 йилида кучли иқтисодий ўсишга, ўз давлатини яқин қўшнилар дучор бўлган ижтимоий кескинликлардан ҳимоя қила олганлиги учун эътироф этади.

2010 йилда парламент унга жиноий жавобгарликка тортилмаслик ва ҳатто пенсияга чиққанидан кейин ҳам сиёсат юритиш ҳуқуқини берганидан сўнг унга “Элбоши” унвони берилди.

Шунингдек, у шимолий даштларда янги пойтахт – Остонани қурдирди, кейинчалик бу шаҳар унинг шарафига Нур-Султон деб номланди.

Танқидчилар узоқ вақтдан бери Назарбоевни оила аъзолари ва яқинларини ҳукуматдаги муҳим лавозимларга тайинлаганликда, эркин матбуотга йўл бермаганликда айблаб келади. Халқаро кузатувчилар шу пайтгача Қозоғистонда ўтган ҳеч бир сайловни эркин ва адолатли деб баҳоламаган.

Назарбоевнинг фақат учта қизи бор – Дариға, Динара ва Алия.

XS
SM
MD
LG