Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:40

Фейк чақалоқлар ва ҳақиқий даҳшат: Ғазо уруши сунъий интеллект ҳақидаги хавотирларни кучайтирди


Ғазонинг вайрон бўлган кўчаларида олинган айрим суратлар одамни даҳшатга солади.
Ғазонинг вайрон бўлган кўчаларида олинган айрим суратлар одамни даҳшатга солади.

Ғазодаги бомбаланган уйлар ва вайрон бўлган кўчалар акс этган суратлар орасидан баъзилари даҳшатлилик даражаси билан ажралиб туради: қонга беланган ва ташлаб кетилган чақалоқлар. Уруш бошлангандан бери миллионлаб одам кўрган бу суратлар сунъий интеллект ёрдамида яратилган дипфейклардир. Диққат билан қарасангиз, белгиларини кўрасиз: беўхшов шаклда букилган бармоқлар, нотабиий нур қалқиб турган кўзлар – буларнинг бари фейк суратларда учрайдиган белгилар саналади.

Аммо бу суратлар қўзғаган нафрат ва ғазаб ҳақиқийдир.

Исроил-Ҳамас урушида олинган ёрқин ва оғриқли суратлар пропаганда воситаси сифатида сунъий интеллектнинг имкониятларини очиб берди. Уруш бошлангандан буён махсус ўзгартирилиб, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган айрим суратлар одамларни аслида ҳеч қачон юз бермаган воқеа ҳақида алдаш, қурбонлар ҳақида ёлғон маълумот тарқатиш учун фойдаланилмоқда.

Гарчи интернетда тарқалаётган уруш ҳақидаги ёлғон даъволарнинг аксарияти учун сунъий интеллект ёрдами шарт ва уларни анъанавий манбалардан келиб чиқиб ҳам дастаклаш мумкин бўлса-да, технологик тараққиёт суръати жадаллашиб, назоратдан чиқиб кетмоқда. Бу сунъий ақлнинг янги бир қуролга айланиш потенциалини аниқ кўрсатмоқда. Бундан келажакдаги можаролар, сайловлар ва бошқа муҳим воқеалар пайтида нималар бўлишини тасаввур қилаверинг.

Сан-Франциско ва Парижда жойлашган, онлайн даъволарнинг ҳақиқийлигини текшириш учун сунъий интеллектдан фойдаланадиган CREOpoint технология компанияси бош директори Жан-Клод Голденштейн шундай дейди: "Яхшиланишдан олдин бу ҳолат ёмонлашади, анча ёмонлашади”.

Компания Ғазода пайдо бўлган ва энг кенг тарқалган дипфейк тасвирлар базасини яратди. "Тасвирлар, видео ва аудио: Сунъий ақл аёрдамида булар мисли кўрилмаган шаклда кўпайиб боради."

Баъзи ҳолларда, бошқа урушлар ёки офатларда олинган фотосуратлар ўзгартирилиб, Ғазода юз бераётгандек қилиб кўрсатилди. Айрим ҳолларда эса сунъий ақл дастурлари тасвирларни нолдан яратган, масалан, урушнинг дастлабки кунларида кенг тарқалган, бомбаланган ҳудудда йиғлаётган боланинг тасвири.

Cунъий интеллект ёрдамида яратилган тасвирлар орасида яна Исроилнинг ракета зарбалари ёки вайрон бўлган маҳаллаларни айланиб ўтаётган танклар ёки вайроналар орасидан омон қолганларни қидираётганлар акс этган видео бор.

Кўп ҳолларда, сохта тасвирлар одамларда кучли ҳиссий реакция қўзғатиш учун мўлжалланган, шу жумладан, айниқса бунда, чақалоқлар, болалар, жасадлар тасвири кўпроқ яратилган. Урушнинг қонли дастлабки кунларида Исроил ва Ҳамас тарафдорлари қарши томонни болалар ва гўдакларни ўлдираётганликда айблади; Йиғлаётган чақалоқларнинг дипфейк тасвирлари тезда далил сифатида кўрсатилди.

Бундай тасвирларни яратаётган тарғиботчилар одамларнинг энг чуқур импульслари ва хавотирларига кира олади, дейди Имрон Аҳмад. У уруш билан боғлиқ дезинформацияни кузатувчи нотижорий ташкилот “Center for Countering Digital Hate” Бош директори. Бу дипфейк чақалоқми ёки бошқа можародан олинган ҳақиқий чақалоқми, фарқи йўқ, томошабинга бирдек ҳиссий таъсир қилади.

Ғазо - 48-кун. Украина - 638-кун. Ғазода гаровга олинганларни озод қилиш ва оташкесим жумага қолдирилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:15 0:00

Тасвир қанчалик таъсирли бўлса, кўрган одам уни эслаб қолиши ва бошқаларга ҳам кўрсатиши эҳтимоли шунчалик юқори бўлади. Бу эса нотўғри маълумотни янада кенгроқ тарқатади.

"Ҳозир одамларга айтилмоқда, бу боланинг расмига қаранг, – деди Аҳмад. – Дезинформация сизни диққат қаратишга мажбурлаш учун қилинади."

Cунъий интеллект томонидан яратилган шунга ўхшаш алдамчи контент Россия 2022 йилда Украинага бостириб кирганидан кейин тарқала бошлади. Украина президенти Владимир Зеленский украиналикларни таслим бўлишга буйруқ бергани акс этган сохта видеолардан бири пайдо бўлди. Шунга ўхшаш даъволар ўтган ҳафтада ҳам тарқалишда давом этди. Бу ҳатто осон инкор қилинган нотўғри маълумотлар қайта пайдо бўлаверишини кўрсатди.

Ҳар бир янги уруш ёки сайлов дезинформация сотувчиларига сунъий ақлнинг сўнгги ютуқларини намойиш қилиши учун янги имкониятдир. Сунъий ақл бўйича кўплаб экспертлар ва сиёсатшунослар келаси йили бир қанча мамлакатларда, жумладан АҚШ, Ҳиндистон, Покистон, Украина, Тайван, Индонезия ва Мексикада йирик сайловлар вақтидаги хавфлар ҳақида огоҳлантирмоқда.

Сунъий ақл ва ижтимоий тармоқлар АҚШ сайловчилари ўртасида ёлғон тарқатиш учун ишлатилиши мумкинлиги Вашингтондаги ҳар икки партия қонун чиқарувчиларини хавотирга солмоқда. Дипфейк технологиясининг хавф-хатарлари ҳақидаги яқинда бўлиб ўтган тингловда Виржиниядан демократ вакил Герри Конолли АҚШ бошқа сунъий ақлга қарши курашиш учун мўлжалланган сунъий интеллект воситаларини ишлаб чиқишни молиялаши кераклигини айтди.

"Биз миллат сифатида бунга эришишимиз керак", деди Конноли.

Бутун дунё бўйлаб бир қатор стартап технология компаниялари дипфейкларни текшириш, ҳар бир тасвирнинг манбасини кўрсатадиган белгиларни қўйиш, матнларни сунъий ақл ёрдамида ёзилган ёки йўқлигини сканерлаши мумкин бўлган янги дастурлар устида ишламоқда.

"Сунъий ақлнинг кейинги тўлқини шундай бўлади: аллақачон чиқарилган мавжуд контентни қандай текшириш мумкин. Нотўғри маълумотни қандай аниқлаймиз, матнни қандай таҳлил қиламиз ва унинг ишончлилигини қандай текширишимиз мумкин?" дейди Мария Амели, Норвегиянинг Factiverse компанияси асосчиларидан бири. Бу компания бошқа сунъий интеллект дастурлари томонидан чиқарилган хато ва нохолис маълумотларни сканерлаши мумкин бўлган сунъий интеллект дастурини ишлаб чиқади.

Бундай дастурлар педагоглар, журналистлар, молиявий таҳлилчилар ва ёлғон, кўчирмакашлик ёки фирибгарликка қарши курашишни истаган бошқалар учун қизиқ бўлиши мумкин. Шу каби дастурлар сохта фотосуратлар ёки видеоларни аниқлаш учун ҳам ишлаб чиқилган.

Бу технология истиқболли бўлса ҳам, ёлғон тарқатиш учун сунъий ақлдан фойдаланадиганлар кўпинча бир қадам олдинда юради дейди Дэвид Дорманн. У сунъий ақл яратадиган тасвирларнинг миллий хавфсизликка таҳдидларига жавоб беришга мўлжалланган “Defense Advanced Research Projects Agency”да етакчи тадқиқотчидир.

Ҳозирда Буффало университети профессори бўлган Дорманнинг таъкидлашича, сунъий ақл келтириб чиқарадиган сиёсий ва ижтимоий муаммоларга самарали жавоб бериш учун яхши технология, яхши бошқарув, стандартлар, одамлар ҳақиқатни ёлғондан ажрата олишига ёрдам берадиган рақамли саводхонлик дастурларига кўпроқ маблағ ажратиш керак бўлади.

"Ҳар сафар биз ёлғонни аниқлайдиган восита чиқарганимизда, душманларимиз ўз изларини ёпиш учун сунъий ақлдан фойдаланишлари мумкин, – дейди Дорманн. – Бу нарсаларни аниқлаш ва йўқ қилишга уриниш энди ечим эмас. Биз янада кенгроқ ечим топишимиз керак”.

Форум

XS
SM
MD
LG