Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:38

Ғалла қулдорлиги. Шуҳрат Ғаниев фермерларга 80 центнердан буғдой етиштириш режасини қўйди (АУДИО)


Ўзбекистон Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев.
Ўзбекистон Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев.

Ўзбекистон Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев 17 ноябрда ўтказган селектор йиғилишида, республика ғаллакорлари олдига ҳар гектар ердан камида 80 центнердан буғдой етиштириш вазифасини қўйди.

Озодликка тақдим этилган селектор йиғилиши видеосида Шуҳрат Ғаниев бу президент топшириғи эканлигини айтар экан, фермерлар ва кластерлар ҳамда донни қайта ишлаш корхоналари ўртасида тузилган шартномаларнинг барчасини бекор қилиб, янги шартнома тузиш ҳақида топшириқ беради.

Фермерлар Ўзбекистонда ғаллачилик соҳасида бозор механизмига ўтиш ҳақида президентнинг бир неча фармонлари чиқарилганига қарамай, бу ҳолатни яна ҳокимиятнинг фермерлар ишига аралашувчи сифатида баҳоламоқда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:11 0:00
Бевосита линк

Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевнинг селектор йиғилишида берган топшириғига кўра, 2022 йилда ғалла етиштиришни 2 миллион тоннага ошириш керак:

Энг минимали 80 центнер! 80 центнердан юқори!

“Кейинги масала, бозор механизмига ўтганимиз учун, ғалла эркин нархда бўлгани учун ишлаб чиқариш режаси ўзгаради. Ҳар бир вилоятда ишлаб чиқариш режаси бу 80 центнер ва 80 центнердан юқори. Масалан, ер банитетига қараб ҳамма 80 центнер бўлмайди, энг минимали 80 центнер! 80 центнердан юқори! Бу дегани 1 миллион 88 минг гектар ғалла майдонимиз бор, ҳозир шунга 9 миллион тонна ғалла ишлаб чиқариш режаси қўйилади. 9 миллион тонна! Унақа 7 ёки 6 ярим миллион тонна эмас! Бирданига 2 миллион тонна ишлаб чиқариш режаси қўшилди. Бозор эркин нарх бўлганидан кейин ғалланинг ҳосилдорлигини энг ками 15-20 центнердан юқори бўлишини талаб қиламиз. Ҳисоб-китоб шунақа. Бу ҳаммаси давлатимиз раҳбари, ҳурматли президентимиз топшириқлари”.

Шуҳрат Ғаниевнинг таъкидлашича, бозор механизимига ўтилиб, фермерларга барча шароит яратиб берилди ва улар тузган шартномалар қайтадан кўриб чиқилиши шарт:

барча фермерларга ишлаб чиқариш режасини қайтадан кўриб чиқамиз.

“Қашқадарё вилоятида 150 минг гектар сувли майдон бўлса, камида 80 центнердан белгиланганида, демак 1 миллион 200 минг тонна ғалла ишлаб чиқариш режаси белгилайсиз. Бунинг учун бугуннинг ўзида ҳисоб-китоб қилиб, барча фермерларга ишлаб чиқариш режасини қайтадан кўриб чиқамиз. Бошқарма адашиб кетиб, кимнидир ишлаб чиқариш режасини 35 центнер деб ёзиб қўйган бўлса, энди ундай бўлмайди, 35 центнер бўлмайди, энди кўтарилади! Тамом 80 центнер!”

Ноябрь ойида президентнинг фермерлар фаолиятини бозор иқтисодиёти асосида шакллантиришга қаратилган бир неча фармонидан хурсанд бўлган фермерлар учун бу кутилмаган янгилик бўлди.

Фермерларнинг айтишларича, Ўзбекистоннинг турли минтақаларида буғдой ҳосилдорлиги ер банитетига қараб турлича бўлади ва уларнинг ҳаммасига бир хил - 80 центнердан ғалла етиштириш топшириғи қўйилаётгани, "калтафаҳмликдан бошқа нарса эмас".

Исми сир қолишини сўраган наманганлик фермернинг айтишича, бу ҳолат ҳукуматнинг фермерлар ва кластер ўртасидаги эркин иқтисодий муносабатларга бевосита аралашувидир:

Ҳамма манфаат учун ишлайдику, нима кераги бор бунақа ура-урачиликни.

“Бу калтафаҳм раҳбарнинг гаплари. Президентнинг ўзи яқинда 25 центнердан ортиғини фермер эркин нархда сота олади, деб фармон чиқариб, ҳаммасини жой-жойига қўйди. Энди, бу яна ўзини яхши кўрсатиш учун ҳаммага бирдан 80 центнердан деб шарт қўйяпти. Эй, Шуҳрат Ғаниев! Кластер фермерга шартномадаги ҳамма нарсаларни муҳайё қилиб қўйса, деҳқон 80 эмас, 100 центнер оламан, деб ҳаракат қилади. Ҳамма манфаат учун ишлайдику, нима кераги бор бунақа ура-урачиликни? Худди собиқ иттифоқ давридаги социалистик мажбуриятни эслатяпти, бу менга”.

Андижонлик фермер фикрича, 80 центнерлик режанинг қўйилиши фермерларни жазолаш тизимини кучайтиради:

Чиқмаса нима қилади, ҳамма фермерни жазолайдиган тизим яратадими?”

“Жаноб Ғаниев таги йўқ нарсани талаб қилмоқда. Чунки, ҳамманинг бирдай бундай ҳосил олиш учун ҳали агротехникаси, техникаси ҳам йўқ. Қолаверса, фермерларда буғдой экишда, фикри хаёлида ҳам ҳали ҳеч нарса ўзгаргани йўқ ва Ғаниевнинг бу гапи таъсирида 95 фоиз фермерда ҳам ўзгармайди, менимча. Чунки, куракда турадиган топшириқ эмас бу. Илойим республика бўйича фермерларда энг ками 80 центнер чиқсин, лекин чиқмасачи, олдиндан ким айта олади қанча ҳосил чиқишини. Чиқмаса нима қилади, ҳамма фермерни жазолайдиган тизим яратадими?”

Жиззахлик фермернинг айтишича, вилоятда гектаридан 80 центнердан ғалла оладиган фермерлар жуда кам:

Президент айнан шундай топшириқ берганига ишонмайман.

“Бизда 70 ҳам, 80 ҳам олганлар бўлган. Лекин бу бундай-да, ғалла яхши бўладиган йиллар бор, ўшанда бир бўлиб қолади. Лекин, асосан 50 центнер атрофида ғалла олинади. Жиззахда, чўл шароитида 80 центнердан олиш жуда мушкул. Режа қўйилмайди, план бўлмайди деган гаплар айтиляптию, бу ёқдан эса яна қўйиляпти. Буларни биз тушунмай қолдик. Президент чиқиб, фермер эркин, кластер билан шартнома қилиб ишлайверади, дейди, бу ёқдан эса Бош вазир ўринбосари, 80 қиласан, дейди. Яна бу топшириқни президент берган, дейди. Лекин президент айнан шундай топшириқ берганига, бутун республика бўйлаб шунчадан қиласан, деганига ишонмайман”.

2012 йилдан бери Фарғона вилоятини бошқарган ва ўтган йиллар давомида матбуотнинг диққат марказида бўлиб келган Шуҳрат Ғаниев 2020 йил 20 сентябрь куни Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланган эди.

2018 йилнинг январида ўтказилган видеоселектор пайтида вилоят ҳокими Ғаниев тошлоқликларни “ҳароми” дея ҳақоратлайди ва уларнинг хаж сафарига боришига тақиқ қўйганини айтади.

Бу дашном 2018 йилнинг 18 январида Россияга кетаëтган автобусда тошлоқликларнинг ëниб кетгани муносабати билан айтилган эди.

2019 йилнинг 2 августида Мирзиёев Риштон тумаидаги уй бузилишларда "вилоят ҳокими айбдор" дея Ғаниевни танқид қилади.

2019 йилнинг 3 августида Шуҳрат Ғаниев “Ўзи йўл қўйган камчиликлар учун” матбуот орқали узр сўрайди.

2019 йил охирида Озодлик Ғаниевга оид яна бир аудиони ëйинлади. 2 декабрь куни ўтказилган селектор йиғилишидан ëзиб олинган аудиода Ғаниев Қувада газ йўқлигига норозилик билдириб, автомобиль йўлини тўсиш воқеасини ижтимоий тармоққа қўйган шахснинг “жанозаси ўқилмагани” учун Қува тумани ҳокимини тергайди.

2019 йил давомида жанжаллар гирдобида қолган Ғаниев ўша йил охирида Ўзбекистон президенти фармони билан “Меҳнат шуҳрати" орденига лойиқ кўрилган эди.

XS
SM
MD
LG