Линклар

Шошилинч хабар
24 феврал 2025, Тошкент вақти: 23:33

“Ҳаётимизнинг бир қисми”. Украинлар урушга қандай мослашди?


Украинада урушга нотайин муддатгача сабр-тоқат қилишга тайёр одамлар сони камайди. Киев халқаро социология инстутити тадқиқотига кўра, тўлақонли босқиннинг уч йили мобайнида ушбу рақам илк бор ўзгариб, 10 фоизга пасайган. “Настояшчее время” сўнгги уч йилда украинлар ва уларнинг одатий турмуши қанчалик ўзгартиргани ҳақида лавҳа тайёрлади.

Злата 11 ёшда. У урушдан олдин гимнастика билан шуғуллана бошлаган эди, кейин мажбурий танаффус қилишга тўғри келди, аммо 2022 йил кузидаёқ машғулотларга қайтди. Злата билан синглиси Зарина барча мактаб ўқувчилари каби яшашга ҳаракат қилишади. Шу билан бирга, уруш бўлаётган мамлакат қоидаларини эсдан чиқаришмайди.

“Деразадан узоқроқ бўлиш керак. Бино ичида турганингда иккита девор бўлгани маъқул. Тревога бўлиб қолса, муаллима билан бирга ертўлага тушамиз”, дейди Злата.

“Ҳаводан ҳужум ҳақида хабар бериб турадиган Telegram каналларга раҳмат. Акс ҳолда биринчи кунлардагидай кун бўйи йўлакда ўтираверардик. Ҳужум қачон бошланиб қачон тугашини билмасдик, бир-бирига зид маълумотлар бериларди. Ҳозир эса, бу каналлар шарофати билан ахборот филтрлашни ўргандик”, дейди қизларнинг онаси Елена Ялоза.

Аёл урушга аввало тўнғич қизи Злата мослашганини эслайди. Жон сақлаш қоидаларини қайта-қайта тушунтириш, суҳбатлар фойда берибди. Ҳозир кичик қиз ҳам шу жараённи бошидан кечирмоқда.

“Кенжам жуда таъсирчан. Устимизга ракета тушади, деб қўрқади доим. Дугонам бир куни уни ўз болаларига қўшиб кинотеатрга олиб борган эди. Энди кириб ўтиришганида қизим йиғлай бошлабди. “Зарина, нега йиғлаяпсан?” деб сўрашса: “Қўрқяпман. Тревога бўлиб қолса, устимизга ракета тушса, ойимни қайтиб кўра олмайман”, деганмиш. Психологга олиб бордик, ўзимиз ҳам олдимизга ўтқизиб неча марта суҳбатлашдик. Секин-аста қўрқувлардан фориғ бўлди, шароитга мослашди”, давом этади Елена.

Яқиндан бери Зарина мактабдан кейин бассейнга қатнамоқда. Ҳозирча опасига ўхшаб мусобақаларда медал олмаган бўлса-да, лекин ҳаммаси олдинда эканига ишонади.

Кўплаб психологлар фикрича, украинларнинг урушга мослашуви Украина армиясининг муваффақиятсиз қарши ҳужумидан сўнг намоён бўлган.

“Бизнинг уруш ва ғалаба концепциямиз, бизнинг ҳаётий маконимизни структуралаштирган ўша нарсалар актуаллигини йўқотгани англашилгач, одамларда шунақа руҳий эврилиш бўлди. Уруш қанчага чўзилади, яна қанча қурбон берамиз, деган саволларга жавоб берадиган бошқа концепция йўқ эди”, дея изоҳ беради ижтимоий психолог, Ижтимоий ва сиёсий психология институти директори муовини Светлана Чунихина.

Мутахассисга кўра, урушга мослашиш бу организмнинг табиий ҳимоя реакциясидир; украинлар эса мазкур жараённи бошидан кечирган биринчи одамлар бўлмаса-да, травматик вазиятларга жуда тез мослашувчиларнинг олдинги сафида туради.

“Қўрқаманки, бизда ҳеч бир авлод “Мен тинч-осуда замонларда катта бўлганман”, деб айта олмайди. Украина – аҳолиси доим шикастланадиган, қайта шикастланадиган мамлакат. Биз нормал одамлармиз, деб ким айтди? Тадқиқотлардан мисол келтираман: бизда травматик таъсир эффекти йиғиндиси йўқ. Уруш чўзилгани билан руҳий жароҳатлар ортмайди ва йиғилиб қолмайди. Қурбонлар кўпаяди, вайронагарчилик ортади, орзу-умид камаяди. Қалб жароҳати эса йўқ. Олимлар буни бизнинг урушга мослашаётганимиз билан изоҳламоқда”, дейди Чунихина.

Сўнгги йилда бизнес ва иқтисодиётнинг барча тармоқлари урушга мослашди. Эндиликда тревога чоғида дўконлар ёпилмайди, кўплаб ишхоналарда ҳаво тревогаси вақтида ходимларга қўйиладиган талаблар соддалаштирилган. Киев метроси ҳар бир ҳаво тревогаси чоғида 2022 йилдагидек одамга тўлиб кетмаяпти. Яқинда ўтказилган ижтимоий тадқиқот эса украинларни урушдан кўра нарх-наво ошиши ва коррупция кўпроқ безовта қилишини кўрсатди. Социологлар фикрича, бу нормал ҳолат: одамлар урушни унутишгани йўқ, шунчаки, уруш улар ҳаётининг бир қисмига айланган. Уч йил давомида бошқа ўзгаришлар ҳам юзага чиқди.

“Тамал ўзгаришлардан бири – украинларнинг Ғарбни идрок қилишидир. Украина Европа тамаддунининг бир қисми, унинг жойи – Европа ва умуман Ғарб, дея тушунадиган бўлдик. Россия украинлар учун вектор сифатида узил-кесил йўқ бўлди. Чунки ҳатто 2022 йилгача ҳам 90 фоиз аҳоли Кремлга ишонмасди, уни Қрим ва Донбассни босиб олишда айбларди, аммо 80 фоиздан зиёд аҳоли россияликларга яхши кўз билан қарар, уларни биродар ва дўст деб биларди”, дейди Киев Халқаро социология институти директори Антон Грушецкий.

Яна бир ўзгариш шуки, 2024 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб Украинада туғилиш кўпая бошлади. Жуда кам, атиги бир ярим фоиз бўлса-да, ўсиш бор ҳарқалай.

Ирина бир ой олдин қиз кўрган.

“Пайсалга солишни истамадим. Уруш қачонгача давом этишини ҳеч ким билмайди. Украинада қолишга қарор берган эканмиз, нега бу ишни кечиктиришим керак?” дейди аёл.

Ирина фарзанд кўришни узоқ режалашганини айтади. Туғруқхонада электр ўчиб қолмасмикан, тревога бўлиб йўллар ёпилмасмикан, деб хавотир олишибди. Лекин, бахтига, ҳаммаси хайрли бўлибди. Ҳозирда Ирина қизалоғи Алинани “энг яхши антидепрессант” деб ҳисоблайди.

“Уруш негадир иккинчи планга сурилди. Кундалик юмушларим жуда кўп, улар мени урушдан тўла чалғитади. Қаерга ракета учиб келганию қаерда нималар бўлаётгани ҳақидаги хабарларни ўқишга умуман вақт йўқ”, дейди у.

Форум

XS
SM
MD
LG