Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:05

Жомбой ҳокими ташкилот раҳбарларига 10 тоннадан ғалла топиш мажбуриятини юклади


Самарқанд вилоят, Жомбой туман ҳокими Умиджон Назаров 9 июль куни ўтказган йиғилишида ғалла ўрими отрядлари раҳбарлари ва туман ташкилотлари раҳбарларига 10 тоннадан ғалла топиш ҳақида топшириқ берган. Бу ҳақда йиғилишда иштирок этган ташкилот раҳбарларидан бири Озодликка хабар берди.

Жомбой туман ҳокими Озодлик билан суҳбатда, бундай топшириқ берилганини инкор қилди ва ғалла режаси ортиғи билан бажарилганини таъкидлади.

Аммо, Озодлик қўлга киритган ҳужжатда туманнинг ғалла топшириш режаси ҳали бажарилмагани акс этган.

9 июль куни ғалла ўрими бўйича туман масъуллари билан Жомбой туман ҳокими Умиджон Назаров ўтказган кенгайтирилган йиғилишда қатнашган, исми сир қолишини сўраган маҳаллий ташкилот раҳбарларидан бирининг Озодликка айтишича, ҳоким туман ғалла режасининг бажарилишига 1400 тонна ғалла етмаётгани учун ҳаммани койиган:

“Асабий тарзда ўтган йиғилишда хоким бир ойдан буён ойликсиз, текинга ғалла ўримида юрган ўрим отрядлари раҳбарлари ва туман ташкилотлари раҳбарларига 10 тоннадан ғалла топиш ёки килосига 1650 сўмдан умумий 16 500 000 сўм топиб келиш мажбуриятини қўйди. Бу вазифани бажармаганинг аризангни ёз, деди. Ҳокимнинг айтишича, ташкилот раҳбарлари хоҳласа шу туманнинг, хоҳласа қўшни туманнинг режасини бажарган фермерлардан ғалла сотиб олиши мумкин экан”, дейди ташкилот раҳбарларидан бири.

Исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, ҳоким ғаллани ортиғи билан бажарган фермерларнинг ҳам қолган-қутган ғалласини ўрдиришни шарт қилиб қўйган:

“Бу топшириқ, яъни ғаллани тортиб олишга отряд раҳбарлари, туман прокурори Амин Бойматов ва ИИБ бошлиғи Амир Ҳайдаров бириктирилlb. Эрта тонгдан алоҳида ташкил этилган ИИБ ходимлари ва прокуратура гуруҳи фермерлардан сўраб ўтирмасдан, уларнинг режадан ортиб қолган буғдойини ўрдиришга бошлади. Бунинг бошида туман ҳокими турибди. Менинг ҳам ишчиларимга бераман деб, режадан орттирган буғдойимни бир дона қолдирмай ўриб кетишди. Энди ишчиларимнинг меҳнат ҳақини қаердан топиб бераман?”, дейди фермерлардан бири.

Жомбой туман ҳокими Умиджон Назаров Озодлик билан суҳбатда, ташкилот раҳбарларига ўн тоннадан буғдой топиб топшириш мажбурияти юклатилганини инкор қилди:

- Ғалла режам тўлиб кетган бўлса, ошиғи билан бажарган бўлсам, нима кераги бор бунақа гапларни? 3,5 минг тонна ортиғи билан бажардим. Бу нотўғри информация, ҳалиям далада ғалла бор, ҳалиям ўриляпти. Ҳеч қанақа унақа мажлис бўлмаган, мен сизга юз фоиз кафолат бераман, - деди ҳоким.

Унинг айтишича, фермерларнинг режадан орттирган буғдойи ҳам ўзларида қолган:

- Юз фоиз ўзларида қолган. Любойидан сўрашингиз мумкин. Улар нима қилади, уйига ҳаммасини ўриб олмайдию, ўз ихтиёри билан бажармаганларга сотиб юборади, деди туман ҳокими Умиджон Назаров 11 июль куни Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик суҳбатлашган фермер эса, туман режаси ҳали тўлмаганини айтиб, бунинг тасдиғи сифатида Озодликка ғалла топшириш режаси ҳақидаги маълумотни юборди.

Жомбой тумани ғалла режаси бўйича маълумот
Жомбой тумани ғалла режаси бўйича маълумот

Бу маълумотда, 10 июлгача туманнинг ғалла режаси 96 фоизга бажарилгани кўрсатилган. Ҳоким айтган ортиқча 3,5 минг тонна ғалла ҳақида гап ҳам йўқ.

Озодлик 11 июль куни Жомбой туман ҳокимлигининг қишлоқ хўжалик бошқармаси билан боғланди. Ўзини таништирмаган мулозимнинг айтишича, Жомбойда 11 июль куни санасида ғалла торшириш режаси бажарилмаган.

Озодлик фермерларнинг режадан орттирган буғдойи тортиб олинаётгани ҳақида илгари ҳам хабар берган.

20 июнь куни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидан Озодликка мурожаат қилган икки нафар фермер, ҳар гектар ердан топшириладиган буғдой центнери ҳокимнинг буйруғи билан 4-5 центнерга сунъий равишда оширилганидан шикоят қилган эди.

Жорий йилнинг 18 июнида Сурхондарёдан Озодликка боғланган фермерларга кўра, ғалла режасини бажармаган фермерлардан топширилмаган буғдойнинг ҳар килоси учун 1200 сўмдан пул талаб қилинган. Фермерлар иддаосича, МИБ бошчилигидаги мутасадди ташкилотлар ходимлари ғалла учун пул беришга қурби етмаган фермерларнинг чорва моллари тортиб олинган.

XS
SM
MD
LG