Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:49

ИИБ бошлиғи 50 даража иссиқда фермерларни икки соат автобус ичига қамаб қўйди (ВИДЕО)


Жазирама иссиқда Касби тумани ИИБ бошлиғи фермерларни автобусга қамаётган пайт.
Жазирама иссиқда Касби тумани ИИБ бошлиғи фермерларни автобусга қамаётган пайт.

Қашқадарё вилояти, Касби тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Чори Кўчаров, ўзи бош бўлиб ўтказган семинарда ўндан ортиқ фермер ва миробни жазирамада турган автобус ичига икки соат қамаб қўйди.

Фермерларнинг айтишича, пахтага ортиқча сув қўйган фермер ва миробларни ИИБ бошлиғи шу тариқа жазолаган.

Семинар далага қандай қилиб ва қанча гўнг солиш, сувни меъёрида ишлатиш мавзусига бағишланган.

Семинарга бормаган ёки ўзи ўрнига иш бошқарувчисини жўнатган фермерларни олиб келиш учун ИИБ бошлиғи орган ходимларини жўнатган.

Касби тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Қашқадарёда ИИБ бошлиғи жазирамада фермерларни икки соат автобусга қамаб жазолади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:31 0:00

Касби тумани ИИБ бошлиғи Чори Кўчаров 14 июль куни қоқ туш пайти Манзура Ҳамроева фермер хўжалиги даласида ташкил этган семинарда ўндан ортиқ фермер ва миробни автобусга қамаб жазолагани ҳақида фермерларнинг ўзлари Озодликка хабар берди.

“Набиев Чўли Набиевич” фермер хўжалиги раҳбари Зоиржон Набиевнинг Озодликка айтишича, ИИБ бошлиғи пахтага ортиқча сув қўйгани учун унинг қўлига кишан солиб, жазирама офтобда турган автобусга қамаган:

- Дубликат сув қўйгансан¸ деб шундай қилди. Биринчи сувимиз охиригача етиб бормай тўхтаб қолган эди. Шунинг учун тўлиқ суғорилсин¸ деб сув қўйган эдик. Семинар бошланиши билан милиция бошлиғи нега дубликат сув қўйдинг деб, бақирди. Кейин қўлимга кишан уриб, бошқа фермер ва мироблар билан ичи қайнаб ётган автобусга чиқариб қўйди. Икки соат ўша ерда ўтирдик. Кейин ички ишлар бўлимига олиб борди-да, тилхат ёздириб олиб, жавоб берди.

Ҳудуд мироби Тўйчи Олтибоев ҳам қўлига кишан солинган ҳолда ИИБ бошлиғи томонидан хўрланганини айтади:

- Семинар бошланиши билан бош мироб иккимизни мелисалар олиб чиқиб кетди. Бизнинг гапимизни ҳам тинглагани йўқ, ходимларига “ол, тут” деб бақирди, бирдан қўлга кишанни уриб автобусга олиб борди. Изимиздан тўққиз фермер ўзи йўқ учун, уларнинг иш бошқарувчиларини олиб келиб автобусга тиқиб қўйишди. Ташқарида 50 даража иссиқ, автобуснинг ичи эса ёниб ётибди. Икки соат ана шундай қийноққа солди, бизни. Ташқарига чиққани ҳам қўймади. У ерда фермердан мелиса ходимлари кўп эди. Кўрган одам, фермерлар эмас, мелисалар семинари бўлаяпти, деб ўйлаган бўларди.

Фермер¸ ИИБ бошлиғи бу ҳудудда сектор раҳбари бўлгани учун, фермерларни истаганича камситаëтганини қўшимча қилди.

Озодликка фермерлар юборган видеода орган ходимларининг фермерларни автобусга олиб тиқаётган лаҳзалар акс этган.

Видеода гапираётган одам, ИИБ бошлиғи сал нарида фермерларга далага гўнг солдираётганини айтади.

Бошқа бир видеода “Новот Ниёз” фермер хўжалиги раҳбари 56 яшар Акрамжон Новотовнинг уни мажбуран семинарга олиб кетишга икки машинада келган орган ходимлари билан айтишуви ёзилган.

Видеода орган ходимининг семинарга бормагани учун фермерни сўроқ қилгани кўринади. Акрамжон Новотов даласида иш билан банд эканлигини, бемаҳал семинарга боришга вақти йўқлигини, ўрнига иш бошқарувчисини жўнатганини айтади. Бу гапга жавобан ИИБ ходими семинардан қолиш учун ИИБ бошлиғидан рухсат олиши шартлигини айтади.

2003 йилдан бери кўп тармоқли фермер хўжалиги ташкил қилган Акрамжон Новотов қарийб 10 тонна арпасининг ИИБ бошлиғи буйруғи билан тортиб олинганини айтади:

- 16 йилдан буён фермерман. Пахта ва ғалла режаларини доим ортиғи билан бажариб келганман. Мақбуллаштириш ортидан ерим 200 гектар бўлди. Хўжалигимни кўптармоқли қилдим. 2018 йилда банкдан 117 минг АҚШ доллари кредит олиб Украинадан 69 бош қизил-ола мол олиб келдим. Бу чорвага озуқа керак. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, алмашлаб экиш дастури бўйича менинг 20 гектар ерга бошқа экинлар экиш ҳуқуқим бор. Бу йил чорвага ем учун 5 гектар ерга арпа эккан эдим. Арпа пишди, ҳоким комбайн берди. Лекин орган ходимлари бор 10 тонна арпамни олиб кетиб, дон қабул қилиш пунктига топшириб юборди. Ўзимнинг устимдан эса маъмурий протокол қилиб судга чиқарди, аммо суд қайтарди. Ҳозир бу маъмурий иш очиқ турибди. Орган ходимларининг фермер ишларига аралашишига нима ҳаққи бор? Биз ўзимиз қачон сув қўйишни, қачон гўнг солишни яхши биламиз, ўргатмагани энди шулар қолувди.

Фермер¸ 2018 йилда ИИБ бўлими бошлиғи Чори Кўчаров дала шийпонини теримга тайёрлай олмагани учун ўзини ҳақорат қилганида, президент виртуал қабулхонасига шикоят қилганини эслатиб ўтади:

- Шундан сўнг ИИБ бошлиғи устидан хизмат текшируви бўлди. Ўшанинг натижасида бу кишининг юрагида менга нисбатан аламзадалик қолган. Ўзи, икки ўринбосари ва участка нозири менга қарши шай турибди, имкони бўлсаю калламни узиб ташласа.

Касби тумани ИИБ бошлиғи Чори Кўчаровнинг мобил телефони кун давомида ўчирилгани боис, 19 июль куни у билан боғланиш имкони бўлмади.

Озодлик билан телефон суҳбати бошида ўзининг ИИБ бошлиғи ўринбосари Ойбек Сафаров эканини тасдиқлаган мулозим¸ Озодлик сўзини эшитиши билан¸ “мен бошқа одамман” деб, алоқани узди.

XS
SM
MD
LG