Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:49

ИИБ ҳибсхонасида қийноққа солинган ва "зўрланган" зоминлик аёлнинг яқинлари адолат изламоқда


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Жиззахнинг Зомин туманида тергов якунига қадар ҳибсга олинган аёлни зўрлаганликда гумон қилинган изолятор бошлиғи Ж.Ш. ишдан бўшатилди, унга нисбатан жиноят иши очилди.

Бироқ Озодлик таҳририятига мурожаат қилган зўрланган аёлнинг яқинларига кўра, маҳаллий прокуратура жиноятни "енгилроқ жазо назарда тутилган бошқа моддага алмаштиришга уринмоқда".

Шу йилнинг июнь ойида Жиззах вилояти Зомин туманида М. исмли аёл “товламачилик”да гумонланиб ҳибсга олинди.

Вазиятдан хабардор ва исмини ошкор қилмасликни сўраган зоминликлардан бири бу аёл Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига (ИИО ФМБ) қарашли туман Вақтинчалик сақлаш изоляторида ушлаб турилгани ва қийноқларга солинганини гапириб берди.

- Бу синглимиз арзимаган иш бўйича 168-модда асосида июнь бошларидан бери вақтинчалик ҳибсда ушлаб турилганди. Лекин у ерда уни шу изолятор бошлиғи Ж.Ш. деган одам тахминан бир ҳафта давомида гумондор аёлни беаёв зўрлабди. Кейин бу аёлни бошқа Сирдарё вилояти ИИБга карашли Ховос Тергов ҳибсхонасига этап қилишган ва шу ердан ариза ёзиб чиқиб келган. Ҳозир ИВС бошлиғи бу ишни прокуратурадаги танишлари орқали босди-босди қиляпти экан – 118-моддани олиб ташлаяпти экан терговчилар билан келишиб, дея иддао қилди суҳбатдош.

Озодлик қўлга киритган тергов материалларидан аниқланишича, 21 июнь куни кечки соат 11 ларда М. ҳибсхона бошлиғи олдига олиб кирилган. Аёлнинг шахсий кўрсатмасига кўра, эртаси куни ички ишлар ходими уни яна хонасига олиб кирган ва қўлларини боғлаб, кейинги 8 кун давомида ҳар куни зўрлаб келган.

Эшикни ичкаридан қулфлаб, қўлимни пресс ип билан боғлаб, агарда бақирсам кўпрок срок билан қаматтирвориш, терговчи ва прокурор ўринбосари билан яхши муносабатда эканини айтиб, зўрлик ишлатиб, олдин оғзимга, сўнгра жинсий аъзойимга алоқа қилиб юрди. Мен ожизлигимдан ва қўрққанимдан ҳибсхонада бу ҳолат юзасидан индамадим, ҳатто оғриқ ва бу жирканчли ҳолатдан соғлиғим ёмонлашиб, тез ёрдам келганида ҳам буни айта олмадим, чунки у тепамда назоратда турган эди”, дейилади ҳужжатда келтирилган тушунтиришда.

Ховос ҳибсхонасига кўчирилганидан кейин М. уни қийноққа солган, жинсий таҳқирлаган ва зўрлаган ички ишлар ходими устидан шикоят ёзган.

Озодликка маълум бўлишича, шундан кейин Ж.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 205 -(Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суистеъмол қилиш) ва 221 - (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) моддалари асосида жиноят иши қўзғатилган.

Бироқ Озодлик суҳбатлашган аёлнинг отаси жиноятни содир этишда гумонланаётган шахсга нисбатан 118 - “Номусга тегиш” ва 119 – “Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш” моддалари асосида жиноят иши очилишини талаб қилди:

- Менга ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ. Мен унга 118, 119, 121 ва 205-моддаларнинг қўлланилишини хоҳлайман. Ўзича улар фақат 121 - моддани қўллабди. Мен бу ҳақда Бош прокуратурага ҳам, Сенатга ҳам ёздим. Бу моддалар қўлланилмаса, прокуратурадаги унинг ҳимоячилари бошқа жойда жавоб беради! Жиноятчи ҳозирча “воля”да юрибди. Қизимнинг руҳий аҳволи жуда ёмон, бунча таҳқирлашни бошидан кечириш ўзи бўладими, деди жабрланувчи аёлнинг отаси.

Ота туман прокуратурасида айбланувчи шахснинг танишлари ва ҳамқишлоқлари ишлашини ҳисобга олган ҳолда иш ёпди-ёпди бўлиб кетиши эҳтимолини инкор этмади.

Зомин туман прокуратурасида Озодлик сўровига изоляторда зоминлик аёлнинг зўрлангани иши юзасидан тергов ишлари олиб борилаётганини билдиришди.

- У иш бўйича терговчимиз шуғулланяпти. Тергов тўхтагани йўқ, тергов ҳаракатлари олиб бориляпти, деди бошқа тафсилотларни очиқлай олмаслигини айтган Зомин туман прокуратураси расмийси.

Айни дамда Озодлик Зомин Ички ишлар бошқармасидан туман Вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига янги раҳбар тайинлангани, Ж.Ш. ишдан бўшатилгани тасдиғини олди.

Озодликка мурожаат қилган жабрланувчи аёлнинг яқинлари оддий фуқароларга қийноқ қўллаш ва жиноятларни яшириш ҳолатлари туманда биринчи маротаба кузатилмаётганини иддао қилишди.

Кузатувчилар Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан қамоқхоналар, хусусан, аёлларга нисбатан қийноқлар билан боғлиқ хабарлар камайганини қайд этишган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан қўлга олинганларга нисбатан қийноқлар қўлланилиши ва ноинсоний муносабатда бўлиниши кенг тарқалган, қийноққа солганлар жазоланмай қолмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ўтган йили Конституция қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида суд-тергов давомида қийноқ қўллаш ҳолатларини танқид қилган эди.

Шунга қарамасдан тергов ҳибсхоналарида қийноқлар давом этаётгани ҳақидаги хабарлар оқими тўхтамаган.

XS
SM
MD
LG