Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:41

Имомали Раҳмоннинг қайнжияни безориликда айбланмоқда


Данғара
Данғара

Данғара ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари “Нахш” олтин қазиб чиқариш ширкати раҳбари ва мамлакат президенти Имомали Раҳмонга хотини томондан жиян бўлмиш 35 ёшли Амриддин Нахшовни “безорилик”да, унинг шерикларини эса “турар-жой дахлсизлигини бузиш”да айблади.

Айни пайтда ҳибсда сақланаётган 9 кишилик гуруҳ 16 май куни Данғара марказида муштлашувда иштирок этганликда айбланмоқда.

Хабар қилинишича, Амриддин Нахшов воқеадан сўнг дарҳол яширинган, аммо 27 май куни ўз ихтиёри билан Данғара тумани ИИБга бориб, айбини тан олган.

Радио Озодининг (Озодлик радиоси тожик хизмати - таҳр.) Хатлон вилояти ички ишлар бошқармасидаги манбаси 5 май куни, бир гуруҳ шахс Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича тергов қилинаётганини маълум қилган эди.

Унинг айтишича, Амриддин Нахшовни фақат “безорилик”да айблашаётган бўлса, шерикларига “безорилик”дан ташқари, “турар-жой дахлсизлигини бузиш” моддаси бўйича ҳам айб қўйилган.

Манбага кўра, Нахшов иши Тожикистон Республикаси ЖКнинг 237-моддаси 2-қисми бўйича тергов қилинмоқда. Мазкур моддада 60 дан 120 минг сомонийгача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган.

Унинг сўзларига кўра, Нахшов ўз айбини тан олиб ИИБга боргунча Данғарада эмин-эркин юрган ва уни ҳибс қилишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмаган.

Нахшов 16 май куни бир неча шериги билан бирга “Фароз” ширкати билан шартнома асосида ишлаётган “Мину Фарм” ширкати ходимларига ҳужум қилганликда гумон қилинмоқда.

Аввалроқ радио Озодининг тергов идораларидаги суҳбатдошлари мазкур воқеада 10 га яқин одам жароҳат олгани, шундан тўрт нафари пичоқланганини хабар қилган эди. Жабрланганлардан тўрт киши – Данғарага ферула ўсимлиги елими бўйича шартнома тузишга келган Афғонистон фуқароларидир.

Ўз исмини айтишни истамаган гувоҳлардан бири 24 май куни радио Озодига оммавий муштлашув Данғара тумани марказидаги 7-сонли маҳаллада юз бергани ва у “Мину Фарм” ширкати раҳбари Сайёд Ғиёсов, Амриддин Нахшов ўз вакиллари орқали етказган ерни сотиб олиш топшириғини бажаришдан бош тортганидан сўнг бошланганини айтган.

Айни чоғда “Мину Фарм”ширкатининг ўзи ширкат директори Махмадализода Ф. имзолаган мактубда Амриддин Нахшовни айбсиз деб ҳисоблашини билдирган.

“Фуқаро Нахшов А. фақат муштлашаётган томонларни ажратган ва ёшларни тартибсизликка йўл қўймасликка чақирган”, дейилади “Мину Фарм” ширкати хатида.

Аввалроқ радио Озоди манбалари ушбу воқеа ширкат ходимлари ижарага олган уйда содир бўлгани ва унда икки тарафдан қарийб 20 киши қатнашганини хабар қилган эди.

“Мину Фарм” ширкатининг хатида “Данғара бўйлаб сайр чоғида ширкатнинг Тожикистон фуқаролари бўлмиш тўрт хизматчиси ва маҳаллий аҳоли вакиллари ўзаро гап талашиб қолишгани ва жанжал муштлашувга айланиб кетган”и ҳақида сўз боради.

Ширкат бу муштлашувда ўн киши, жумладан, Афғонистон фуқаролари жароҳат олишганини инкор этиб, низолашган томонлар атиги 4 киши бўлганини урғулаган. Радио Озоди манбалари можарода иштирок этган тўрт киши тиғ жароҳатлари билан касалхонага ётқизилганини хабар қилди.

Амриддин Нахшов Тожикистон президенти рафиқасининг жиянидир. Унинг отаси, “Амонатбанк”нинг Душанбе, Сино туманидаги тўртинчи бўлими собиқ бошлиғи Файзиддин Нахшов 2018 йилда вафот этган.

Амриддин Нахшов илгари “Ориёнбанк”да ишлаган, ҳозир эса “Нахш” олтин қазиб чиқариш ширкатини бошқаради. Мазкур ширкат Ховали тумани Шугнов жамоатида катта ерларга эга бўлиб, асосан олтин қазиб олиш билан шуғулланади.

Ходимлари муштлашувда қатнашган “Мину Фарм” Тожикистонда ферула ўсимлиги елимини йиғиб олишига рухсат берилган оз сонли ширкатлардан бири саналади. “Мину Фарм” президент И.Раҳмоннинг куёви Шамсулло Соҳибов эгалик қилган собиқ “Фароз” ширкатига алоқадорлиги айтилади.

XS
SM
MD
LG