Д. Ҳагари: Исроил армияси шанбага ўтар кечаси Ғазонинг шимолий қисмига кирди
Исроил армияси расмийси Даниел Ҳагари Исроил мудофаа кучлари шанбага ўтар кечаси Ғазо секторида ҲАМАС ва уларнинг инфратузилмасини йўқ қилишга қаратилган қуруқликдаги операцияларни “сезиларли даражада кенгайтиришини” айтган эди.
Шанба кунги брифингида Ҳагари Исроил армияси шанбага ўтар кечаси Ғазонинг шимолий қисмига кирганини тасдиқлади.
“Ғазо секторини биз жанглар билан босқичма-босқич ўтмоқдамиз. Кеча кечқурун ЦАХАЛ кучлари Ғазо сектори шимолига кириб, дала амалиётларини кенгайтирди. Бу операцияда пиёдалар, зирҳли техника, муҳандислик ва артиллерия қўшинлари отишма билан бирга олиб борилмоқда. … Миллий хавфсизлик кучлари ва ЦАХАЛ яна ҲАМАС қўмондонлари ва террорчилар қўмондонларини ўлдиришга муваффақ бўлди. Улар орасида 7 октябр воқеаларини режалаштиришда иштирок этган ҳаво кучлари раҳбари ҳам бор. Бундан ташқари, биз Ғазо денгиз кучлари қўмондони ва бошқа қўмондонларни ўлдирдик", деди контрадмирал Даниэл Ҳагари.
Ҳагари Исроил жанубга кўчиб келган ғазоликлар учун инсонпарварлик ёрдамини кенгайтираётгани, озиқ-овқат, сув ва дори-дармонларни ташиш учун кўпроқ юк машиналарига рухсат беришини қўшимча қилди.
Икки америкалик мулозимнинг CBS News телеканалига айтишича, Исроилнинг Ғазодаги “кенгайтирилган” ҳарбий амалиётлари қуруқликдаги ҳужумнинг бошланиши бўлиб кўринади, бироқ операция кўлами ҳали аниқ эмас.
Аввалроқ The New York Times газетаси Исроил вазирлар маҳкамасидаги манбаларига таяниб, қуруқликдаги операция режаси тайёр бўлганини, бироқ бош вазир Бенямин Нетаняху агар ҳужум катта қурбонлар келтирса, рейтинги тушиб кетишидан қўрқиб, уни имзолашни кечиктираётгани ҳақида хабар берган эди.
Ўлганлар сони аввалги 4 урушдагидан ошди
Исроил ҳукумати маълумотига кўра, ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужуми чоғида Исроилда 1400 нафардан зиёд одам ўлдирилган, камида 229 киши гаровга олиниб, Ғазо бўлгасига олиб кетилган. ЦАХАЛ ўлганлардан камида 310 нафари ҳарбийлар эканини айтмоқда.
Фаластин жангарилари Исроилга қарата минглаб ракета отди.
Ўлганларнинг умумий сони Исроил билан ҲАМАС ўртасидаги аввалги тўрт урушда кўрилган барча қурбонлар (тахминан 4000 киши) сонидан анча ошиб кетди.
Исроил БМТ резолюциясини “иснод” деб атади
Исроил Ғазо бўлгасида Исроил қўшинлари ва ҲАМАС жангарилари ўртасида “дарҳол мустаҳкам ва барқарор гуманитар сулҳ тузиш”га чақирувчи резолюция қабул қилгани учун БМТни танқид қилди.
Иордания таклиф қилган мазкур резолюцияни 120 мамлакат, жумладан, Россия қўллаб-қувватлади. 14 давлат қарши овоз берди, булар: Исроил, АҚШ, Австрия, Венгрия, Хорватия, Чехия, Гватемала, Парагвай ҳамда Океаниянинг олти мамлакати. Яна 45 давлат бетараф қолган бўлса, бир неча мамлакат овоз беришда иштирок этмаган.
Овоз беришдан сўнг Исроилнинг БМТдаги вакили Гилад Эрдан БМТнинг легитимлигидан асар ҳам қолмади, дея баёнот берди ва ташкилотни ёвузлик давом этишини таъминлашга интилаётганликда айблади. Вакилга кўра, ҲАМАС ҳеч қанақа музокара-мунозара бўлиши мумкин эмас, Исроил эса радикал гуруҳнинг яна ёвуз ишларни амалга оширишига хотиржам қараб турмайди.
Эрдан зўравонлик тўхтатилишидан манфаатдор барча ҲАМАСни қуролини ташлаб, таслим бўлишга ва барча тутқунларни озод этишга чақирмоғи лозимлигини қўшимча қилди. ҲАМАС гуруҳи 7 октябр куни Исроилга ҳужуми чоғида асир олинган 200 дан ортиқ кишини гаровда ушлаб турибди.
Исроил ТИВ раҳбари Эли Коэн БМТ резолюциясини “иснод” деб атади ва “дунё нацистлар ва ИШИДни қандай йўқ қилган бўлса, Исроил ҳам ҲАМАСни шундай яксон этади”, деди.
Мисрдан Ғазога 6 та гуманитар ёрдам машинаси киритилди
27 октябр, жума куни Мисрдан Ғазога фавқулодда ёрдам ва сув тозалаш ускуналари олиб кетилган олтита гуманитар юк машинаси етиб келди.
Рафаҳ пунктидан ўтган ёрдам колоннаси таркибида Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг ўн нафар мутахассиси, жумладан, ҳарбий жарроҳлик гуруҳи бўлган.