Ғазода тез ёрдам машинаси ҳужумга учради, камида 15 киши ҳалок бўлди
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил ҳаво кучларининг Ғазо шимолида тез ёрдам машинасига уюштирган ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 15 кишига етди, 60 дан ортиқ киши жароҳат олди.
Рейтер агентлиги видеосида ҳужум оқибатлари акс этган.
Хамас томонидан бошқариладиган анклавдаги соғлиқни сақлаш расмийларининг айтишича, тез ёрдам машинаси яраланган фаластинликларни Ғазо шаҳридаги ал-Шифа касалхонасига олиб кетаётган карвоннинг бир қисми бўлган.
Исроил ҳарбийларининг айтишича, зарба ХАМАС жангариларини нишонга олган ва тез ёрдам машинаси “террорчилар” томонидан қурол ва жангчиларни ташиш учун фойдаланилган.
Иккала томоннинг иддаоларини мустақил равишда текшириш имконсиз.
Исроил Ғазода қуруқлик амалиётини давом эттирмоқда
Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторига ҳаво ҳужумларини давом эттирмоқда. Исроил армияси вакили Даниел Ҳагарий жума куни Ғазо шаҳрини қуруқлик, денгиз ва ҳаводан ўраб олганликларини айтди. Ўша куни Исроил томонидан эълон қилинган видеода Исроил армияси Ғазо секторида Хамас томонидан қазилган бир қанча ер ости туннеллари вайрон қилингани кўрсатилган.
Ўтган бир неча кунлик қуруқлик амалиётида Исроил 20 дан ортиқ аскарини йўқотган.
Ҳамаснинг Ал-Қассам бригадаси жума куни берган баёнотига кўра, Ғазо секторининг шимоли-ғарбий қисмида Исроил армияси отрядига ҳужум уюштирган ва тўрт нафар исроиллик аскар ҳалок бўлган.
Исроил армияси ҳозирча буни тасдиқламаган.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Иорданияда
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилдаги музокаралар ортидан Иорданиянинг Амман шаҳрига борди.
У шанба куни араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Фаластин вакиллари билан Исроил-Ҳамас урушини муҳокама қилиш учун бу ерда сўзлашувлар ўтказади.
Иордания ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Миср араб расмийлари "зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, инсонпарварлик ёрдамини етказиб бериш ва минтақа хавфсизлигига таҳдид солувчи хавфли вазиятни тугатиш йўллари" муҳокамалар марказида бўлишини айтшган.
Вашингтон Исроилни ҳарбий ва сиёсий қўллаб-қувватлайди, шу билан бирга Исроилни тинч аҳоли орасида талафотларни камайтириш ва Ғазодаги гуманитар инқирозни ҳал қилишга чақиради.
АҚШ расмийлари айни пайтда гаровга олинганларни озод қилиш учун қаттиқ ҳаракат қилмоқда.
Ҳамас 7 октябр куни Исроил жанубига уюштирган ҳужумида 240 дан ортиқ асирни гаровга олган эди, Исроил томонига кўра, асирларнинг аксарияти ҳамон Ғазода.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху агар исроиллик гаровга олинганлар озод қилинмаса Ҳамас билан урушда оташкесим бўлмайди деди.
У АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен уруш бошланганидан бери Яқин Шарққа иккинчи марта ташриф буюрмоқда.
БМТ: Ғазода 1 ярим миллион одам уйларини тарк этди
Ғазо секторининг бир ярим миллион аҳолиси ўз уйларини ташлаб, “кўчирилганлар”га айланди, дея хабар беради БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси.
Уларнинг 710 мингдан ортиғи БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги томонидан бошқариладиган муассасаларда бошпана олган.
Булар мактаблар ва шифохоналар, шунингдек, вақтинчалик лагерлардир. Улар ҳаммани сиғдира олмайди, кўп одамлар тунни кўчада ўтказишга мажбур.
Миср Ғазо секторидан қочқинларни қабул қилишдан бош тортишда давом этмоқда. 3 ноябр куни икки фуқароликка эга бўлган бир неча юз нафар хорижлик ва фаластинлик, шунингдек, оғир жароҳатланганлар Рафаҳ ўтиш жойи орқали Мисрга киритилгач, назорат-ўтказиш пунктининг очилиши ҳақида бошқа хабарлар бўлмади.