Сигрид Кааг БМТнинг Ғазо бўйича мувофиқлаштирувчиси лавозимига тайинланди
Оқ Уй Сигрид Каагнинг БМТ томонидан Ғазога гуманитар ёрдам кўрсатиш ва қайта тиклаш бўйича мувофиқлаштирувчиси лавозимига тайинланишини “муҳим қадам” сифатида олқишлади. АҚШ Фаластинга гуманитар кўмак кўрсатувчи йирик донор давлатдир.
Вашингтон Сигрид Кааг билан "Ғазога тинч аҳоли эҳтиёж сезаётган гуманитар ёрдам кўламини кўпайтириш йўналишида самарали ҳамкорлик қилишдан умидвор" эканини билдирган.
БМТнинг Ғазо бўйича мувофиқлаштирувчиси лавозими Хавфсизлик кенгашининг ўтган ҳафтада бўлиб ўтган йиғинида жорий этилган эди.
Кааг бу лавозимга тайинлангунига қадар Нидерландия молия вазири ва бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган.
Сигрид Кааг Фаластин озодлик ҳаракатига мансуб сиёсатчи Анис ал Каагнинг хотинидир. Анис ал Кааг 1990 йилларда Фалстинни бошқарган Ясир Арофат маъмуриятида вазир ўринбосари, кейинроқ эса Фаластин миллий маъмуриятининг Швейцариядаги элчиси лавозимларида ишлаган. Сигрид Кааг тўрт фарзанднинг онаси.
Исроил Ғазо марказига зарба берди, ўнлаб фаластинлик ҳалок бўлди
Исроил 27 декабрда Ғазо марказига денгиздан, ҳаводан ва ердан туриб яна зарбалар берди. Фаластин расмийлари ҳужум оқибатида ўнлаб тинч аҳоли ўлганини билдирди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Исроил армияси бош штаби раҳбари Герц Халев 26 декабрь куни берган баёнотида, халқаро ҳамжамиятнинг Ғазода ўт отишни тўхтатиш чақирувларига қарамай, уруш АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи сифатида тан олинган ҲАМАС тўлиқ йўқ қилинмагунига қадар давом этишини билдирди. Халев уруш яна бир неча ойга чўзилишини айтди.
ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил зарбалари оқибатида Хон Юнусдаги касалхонада 20 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Исроил армияси бу хабарга муносабат билдирмади.
Ливанда ҲАМАС раҳбарининг ўринбосари ўлдирилди
Ливанда АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС раҳбари ўринбосари Солиҳ ар Арурий ўлдирилди. Reuters агентлигининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Арурийга Исроил дрони билан ҳужум қилинган.
Арурийнинг ўлимини ҲАМАС тасдиқлади. Хабарда айтилишича, дрон ҲАМАСнинг Бейрут яқинидаги офисига зарба берган.
Times of Israel газетасининг ёзишича, 57 ёшдаги Арурий ҲАМАСнинг Ғарбий соҳилдаги ҳарбий қанотининг лидери бўлган. Исроил разведкаси уни қатор террор ҳужумларида, жумладан, 2014 йилнинг июнида уч нафар ўсмирни ўғирлаганликда ва ўлдирганликда гумонлаб келган.
Арурий бир неча марта Исроилда қамалган. Сўнгги марта у 201 йилда минглаб фаластинлик маҳкумлар қаторида ҲАМАС асир олган Исроил армияси капрали Гилад Шалитга алмаштирилган. Исроил ҳозирча Арурий ўлимига алоқадорлиги тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирмади.
Блинкен Ғарбий соҳилда Маҳмуд Аббос билан учрашди
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 10 январда Фаластин мухторияти лидери Маҳмуд Аббос билан Исроил оккупация қилган Ғарбий соҳилда учрашди. Блинкен 9 январда Исроил раҳбарияти билан учрашган ва уларни Фаластин давлатини ташкил этишга чақирган эди.
Блинкен 88 ёшли Аббос билан учрашувида Вашингтон ҲАМАС-Исроил урушидан сўнг Ғазо бўлгаси назоратини қўлга олиш учун Фаластин маъмурияти ислоҳотларни ўтказиши лозим, деб ҳисоблашини билдирди.
Ўн йил олдин Исроил оккупация қилган ҳудудда Фаластин давлатини ташкил этиш бўйича ўтказилган музокаралар натижасиз якунланган эди. Бу музокараларга АҚШ воситачилик қилган.
Блинкен матбуот анжуманида Исроил ҳукумати Фаластин давлатини ташкил этиш чақириғига қандай муносабат билдирганини очиқламади.
9 январда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Блинкен АҚШ фаластинликларни Ғазо бўлгасидан бошқа жойларга кўчириш таклифига қарши эканини билдирди.
Блинкен Яқин Шарқдаги қатор давлатлар Ғазога инвестиция киритишга тайёр эканини, бунинг учун Фаластин давлатини ташкил этиш юзасидан аниқ режа лозимлигини урғулади.