Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:40

Дунё бўйлаб Фаластин ва Исроил тарафдорлари намойишлари


Исроил-Фаластин, намойишлар.
Исроил-Фаластин, намойишлар.

ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми бир йиллиги арафасида Европа, Шимолий Африка ва Осиё бўйлаб Фаластин ва Исроилни қўллаб-қувватловчи норозилик намойишлари бўлиб ўтди. “Ассошиэйтед Пресс” хабар агентлиги дунё бўйлаб ўтказилган норозилик акцияларига эътибор қаратди.

Берлиндаги Бранденбург дарвозаси яқинида юзлаб исроилпараст намойишчилар полиция ҳамроҳлигида «Ҳамма антисемитизмга қарши», «Ғазони Ҳамасдан озод қилинг!», « Гаровдагиларни уйга қайтаринг» дея ҳайқирганча марш ўтказди.

Парижда ҳам минглаб намойишчилар 7 октябрь ҳужумида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган тадбирга йиғилди. Аелет Самерано, Ҳамас ҳужумида ўғирлаб кетилган Жонатан Самеранонинг онаси.

«Биз бирлашган халқмиз. Биз бирга кучлимиз... ҳеч қандай душман бизни синдира олмайди. Ана шу бирдамлик ва куч-қудрат билан яқинларимизни уйга қайтарамиз».

Исроил жанубидаги намойишда 7 октябрдаги қурбон бўлганлар ёдга олинди.
Исроил жанубидаги намойишда 7 октябрдаги қурбон бўлганлар ёдга олинди.


Лондоннинг Хайд- паркида ҳам Исроил байроқларини кўтарган оломон хотира тадбирига йиғилди.

Исроилнинг Бразилиядаги элчиси Даниел Зоҳар Зоншине ва Бразилия Федерал округи Евангелист Пасторлар Кенгашининг қўшма чақириғига биноан мингга яқин одам пойтахт Бразилияда йиғилди.

Айни пайтда, Фаластин тарафдорлари ҳам дунё бўйлаб оммавий намойишларга чиқди. Марокаш пойтахти Работда минглаб одамлар намойишга чиқиб, ҳукуматни мамлакатнинг Исроил билан ўрнатган 2020 йилги келишувини бекор қилишга чақиришди.

«Исроил ҳеч қандай қонунларга риоя қилмаяпти. Фаластин ва ливанликларга қарши агрессив уруш олиб бормоқда», дейди касабланкалик Абдуллоҳ Мифтаҳ.
Марокаш ҳукумати Ғазодаги урушни қоралаб чиққан бўлсада, Исроил билан алоқаларини ҳам сақлаб қолди.

Покистон жанубидаги Карачи шаҳрида мамлакатнинг энг йирик диний сиёсий партияси «Жамоат-и-Исломи» томонидан Фаластин тарафдорларининг оммавий митинги уюштирилди. Партия раҳбари Ҳофиз Наим-ур Раҳмон норозилик намойишидан мақсад “дунёни уйғотиш, террорчиларни қўллаб-қувватлаётган АҚШга сигнал бериш" учун эканини айтади.

ҲАМАС “тўлақонли келишув”га рози
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:41 0:00


Австралияда ҳам минглаб одамлар Фаластин ва Ливанни қўллаб-қувватлаш учун намойишга чиқди. Айни бвақтда Мелбурнда Исроил тарафдорларининг ҳам митинги бўлиб ўтди.

Яқин Шарқда кучайиб бораётган можаро Европада янги террор хуружларига туртки бериши, норозилик намойишлари зўравонликка айланиб кетиши мумкинлиги сабабли бир қанча мамлакатлар хавфсизлик чораларини кучайтирди.

Италия Бош вазири Жоржиа Мелони полиция билан «тўлиқ бирдамлик»ни билдирганидан бир кун ўтиб, хавфсизлик кучлари Римда зўравон намойишчиларни кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлар билан тарқатиб юборди.

Римда Фаластин тарафдорлари ва полиция ўртасида юз берган тўқнашувда 30 нафар полициячи ва тўрт нафар намойишчи жабрланди, дея хабар берди маҳаллий матбуот.

Римда намойишчилар полицияга қарата тош, шиша идишлар улоқтирган.

Папа Франсиск Ватикандан туриб тинчликка чақирар экан, Ғазода ушлаб турилган гаровдаги исроилликларни «зудлик билан озод қилиш» кераклигини ҳам таъкидлади.

Ўтган йил 7 октябрь куни Ҳамас Исроилга кутилмаган ҳужум уюштириб, 1200 исроилликни ўлдирган ҳамда 250 кишини гаровга олиши ортидан уруш бошланиб кетган эди.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ўшандан бери Ғазода 41 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Уларнинг ярмидан кўпи аёллар ва болалар.
Ғазода 100 га яқин исроиллик асирликда қолмоқда, уларнинг 70га яқини тирик деб ишонилади.

Форум

XS
SM
MD
LG