Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:29

"100 минг рублга қарз қилиб қўйишган". Калининграддаги ўзбек мигрантлари паспортларини қайтаришни сўрамоқда (ВИДЕО)


 Меҳнат миграцияси билан Ўзбекистонда Меҳнат вазирлиги идоралари шуғулланади
Меҳнат миграцияси билан Ўзбекистонда Меҳнат вазирлиги идоралари шуғулланади

Калининград вилоятидаги балиқ заводида ишлаётган ўзбек муҳожирлари жуда кам ҳақ эвазига ишлатилаётгани ва паспортлари олиб қўйилганидан шикоят қилмоқда. Озодлик билан суҳбатда бир қисми Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Россияга олиб келинган ишчилар қарзларини тўламагунча, иш берувчи корхонадан ҳужжатларини ололмасликларини айтишмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги иш берувчи шартномада имзоланган барча шартларни бажариб келаётгани, вазият идора ходимлари назоратида эканини билдирди.

"Паспортларимизни олиб қўйган"

Россиянинг Калининград вилоятидаги “За Родину!” балиқни қайта ишлаш комбинатига Андижон ва Қашқадарёдан олиб келинган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари берилаётган маошлардан норози эканини билдириб, Озодликка мурожаат қилди.

Аниқланишича, балиқ заводида Қорачой-Черкесия республикасидаги “Южный" Агрокомбинатидан олиб келинган андижонлик муҳожирлар ҳам ишламоқда. Озодлик “Южный" Агрокомбинатидаги вазият борасида олдинроқ видеолавҳа эълон қилган эди.

Қорасой-Черкасияга ишга юборилган муҳожирларнинг мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:18 0:00

Ўзини Одилжон деб таништирган андижонлик ишчилардан бирига кўра, комбинатга ишга жойлаштирган “Григорян” хусусий тадбиркорлик ширкати раҳбарияти уларнинг паспортларини олиб қўйган.

- Биз Черкесияда жуда оғир вазиятда ишлаётганимиздан шикоят қила бошлаганимиздан кейин агентликдан одам келди ва бизни “Соатига 125 рублдан 8 соатлик ва подработкали бошқа иш бор, Калининградда”, деди. Бизга “товуққа” деб келганди, балиқни тозалаш экан. “За Родину!” заводида балиқнинг кўзидан сих ўтказиш керак, ҳар бир донаси 75 копейка экан. Кунига 1700-1800 норма қўйилган. Ҳозир келганлардан 6-7 одам касал бўлиб ётибди, “Бу шартлар бизга тўғри келмайди” деса, дўқ қилиб, “Паспортингни бермайман, қарзингни узасан - кейин олиб кетасан!”, деяпти. Биз бу корхонага самолетга олинган 50 минг рубл билетни пулини беришимиз керак экан, кимлардир 100 минг рубл қарз! Бу ерда жами 500-дан ортиқ одам ишлайди, асосан Ўзбекистондан, деди Одилжон.

Муҳожир йигит агентлик томонидан ёлланаётган ишчилар пули йўқлиги сабабли иш берувчи қўяётган талабларнинг барчасига рози бўлиб, улар ҳисобига келаётганини маълум қилди.

"Ўртакаш фирмалар мигрантлар ҳисобига бойимоқда"

Ишчилар уларга иш жойига етиб келиш учун олиб берилган билет нархи 50 минг эмас - 16 минг рубл эканини аниқлашганини айтишди.

Озодлик суҳбатлашган яна бир ўзбек мигрантининг айтишича, у карантин чекловлари олиб ташланганидан кейин Меҳнат вазирлиги томонидан Россияга ишга юборилганлардан бири. Ўзини Нодирбек деб таништирган суҳбатдош балиқ заводига фақат андижонликлар ва қашқадарёликлар келаётгани сабабларини аниқлаганини айтади:

- Мен Андижондан ва Қаршидан 3 ой олдин келган биринчи партиядаги 18 кишидан биттасиман. Бизни ҳам Улуғбек жўнатган. Болалардан суриштирсак, Бухородан аёллар келган экану, улар алданиб бориб, Бухорода жўнатганлар устидан роса ёзибдики, биржаси “Бошқа одам бермаймиз” деган экан. Ҳозир Андижон ва Қарши биржаси юборяпти, холос. Бу ўртакаш фирмалар самолётнинг ҳар бир билети устига 200 доллардан уряпти. Масалан, Москвадан Калининградгача 3 минглик билетни улар 5 минг қилиб, қарз қиляпти; 15 минглик патент ҳужжатларини 25-30 минг рублга, 2,5 минглик регистрацияни 3,5-4 минг рублга қилиб беряпти. 3 кун бўлди мен ҳам чидай олмасдан укам билан чиқиб кетдим заводдан. Мени 100 минг рублга қарз қилиб қўйишган – ўшани ишлаб берсам, кейин беришади паспортимни. Шу сабабли, мен у ердан кетиб, кўпроқ ҳақ тўланадиган қурилишга келдим. Балиқ заводида мен қарзимни тўлашим учун 2 йил ишлашим керак, деди андижонлик муҳожир.

Калининградга ишга юборилган муҳожирларнинг мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:35 0:00

Нодирбекнинг иддаосича, маҳаллий касалхона ва поликлиникалар касал бўлмаган ўзбек мигрантларини касалга чиқариб, “даволаш учун” катта миқдорда пул олмоқда, бу пуллар эса иш берувчи томонидан ишчиларга юкланмоқда.

- Ўзбек-тожикларни 10-15 тасидан биттаси кўрикдан ўтаётганида “касал” чиқяпти. Бошқа касалхонага бориб қон топширса – соппа-соғ! “У справканг ўтмайди, ўзимизда топширасан, бўлмаса патент қилмаймиз!”, деб 26 минг рублдан мажбурлаб оляпти. Бу пулни фирмани ўзи тўлаб, қарасам, мени бўйнимга жами 100 минг рублдан ошиқ илиб қўйди. Мен уларга “Балиқда ишлаб қарзимни тўлолмайман!”, деб қурилишга паспортсиз қўйворишди. Мана қарзга ишлаяпман. Ваҳоланки бошида “Ёқмаса, бошқа ишга чиқиб кетаверасизлар”, деб келишилган, деди ҳозирда қурилишда ишлаётган Нодирбек.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги катта комбинатларга Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистондан ишчиларни ёллаш билан шуғулланаётган фирмалар фаолиятига эътибор қаратиши керак.

У бу ўртакаш фирмалар олиб келинаётган одам сони ҳисобига ва уларга сарфлаган ҳаражатлар миқдорини ошириш ҳисобига мўмай даромад олаётганини тахмин қилди.

Нодирбек яхши иш ўрганган муҳожирлар ойига 26-30 минг рубл топаётгани, шундан ярмиси “қарзга” ушлаб қолинаётганини билдирди.

"Ишчилар қарзларини узмагунча, кетолмайди"

Ўзбекистонлик ишчилар фирмага тўланиши керак бўлган қарзни 3-4 ой ичида узишларини айтиб, “Григорян” рекрутинг компаниясидан паспортларини қайтариб беришни сўрашмоқда.

“ИП Григорян” ширкатида Озодликнинг бу саволларига жавоб беришдан бош тортишди.

Андижонлик ишчиларни Калининград ва Черкесияга юборган Ташқи Меҳнат миграцияси агентлигининг Андижон вилояти бўйича бўлими раҳбари Улуғбек Йўлдошев ўзбек муҳожирлари тўлиқ иш берувчи ҳисобига Россияга олиб келингани ва улар қарзини иш ҳақи эвазига қоплаши тўғрисидаги шартномага имзо қўйганини маълум қилди.

- Фуқаролар тўлиқ иш берувчи ҳисобига бир тийинсиз кетяпти. Иш ҳақидан узиш шарти билан! Одамларимиз компанияга бориб, “Биз ишламаймиз, бошқа жойга ўтамиз!”, деяпти. 4 июль куни мен ўзим бордим. Улар Доғистондаги қандайдир шартномасиз, патентсиз ишлатадиган бир одамникига кетмоқчи экан. Ойлик камлиги тўғрисидаги уларнинг гаплари асоссиз: Калининград телефонини мен уларга бериб, аралашмаяпмаг. Улар ўзлари гаплашиб, “Бизга шу иш маъқул!” деяпти. Мен 19 кишини Черкесиядан олиб чиқиб, Калининградгача ўзим олиб келяпман. Биринчи-иккинчи кун иш қўлингдан келмайди, деб иш берувчи айтяпти. Кейинроқ ўрганганингдан кейин 40 мингдан тепа оласан, деяпти. Улар патент, регистрациясини ўзига оляпти, бизникилар рози бўляпти!

Агентлигимиздаги ходимлар ҳар бир ташкилот билан шартнома тузишдан олдин уни ўрганяпти, неча пул ойлик бераётгани, шароитлари ўрганилганидан кейин шартнома имзоланади. “Южний агрокомбинати”да ҳам реал ўртача ойликлар 33 мингдан 46 минггача ойлик эканини айтганмиз, улар шартномани кўриб имзолаган. Лекин улар хорижий компания ҳисобига етиб кеволиб, “қочиб кетамиз” деган фикр билан келяпти аслида! – деди Улуғбек Йўлдошев.

Агентлик вакили Калининград ва Қорачой-Черкесияга келган ўзбекистонлик ишчилар имзоланган шартномаларига амал қилишга мажбурлигини яна бир бор урғулади.

ОлдинроқРоссиянинг Қорачой-Черкес республикасидаги “Южный" Агрокомбинатида Полиз экинларини теришга деб Ўзбекистон Ташқи Меҳнат миграция агентлиги томонидан юборилган 63 нафар ўзбекистонлик ҳеч қандай шарт-шароитларсиз яшашга ва ишлашга мажбурланаётганини “Sizdan Telegram” орқали маълум қилган эди.

2020 йилга қадар Ўзбекистонда хорижда ишлашга меҳнат мигрантларини ёллаш хусусий бандлик агентликлари шуғулланган. Бироқ мамлакатда рўйхатга олинган 103та хусусий бандлик агентлигидан 50тасининг лицензияси бекор қилиниб, уларнинг қолганлари билан ишга ёлланганлар ўртасида катта можаролар келиб чиқди.

Бунинг ортидан хорижга ишга жўнатиш билан фақат Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги шуғулланиши белгилаб қўйилди.

XS
SM
MD
LG