Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:56

Ислом Каримов ва Тоҳир Йўлдошнинг тарихий видеоси экстремистик материал деб топилди


Наманганда ҳокимият биносини босиб олган "Ислом лашкарлари" раҳбари Тоҳир Йўлдош ва унинг ёнида чўккалаб ўтирган президент Ислом Каримов. Декабрь, 1991. Видео скриншоти
Наманганда ҳокимият биносини босиб олган "Ислом лашкарлари" раҳбари Тоҳир Йўлдош ва унинг ёнида чўккалаб ўтирган президент Ислом Каримов. Декабрь, 1991. Видео скриншоти

18 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар суди Ўзбекистон ЖКнинг 159-моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз қилиш) билан айбланаётган Севара Шайдуллаевага оид жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади.

Бу ҳақда Озодликка “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

Жиноят иши материалларига кўра, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида яшовчи фуқаро С. Шайдуллаева 2023 йилнинг сентябрь ойида отасининг телефон аппаратига 1991 йилда Наманганда президент Ислом Каримовнинг маҳаллий ҳокимият биносини босиб олган исломчилар раҳбари Тоҳир Йўлдош билан тарихий мулоқоти акс этган видео ҳаволасини юборган.

Бундан 10 йил аввал тармоққа жойлаштирилган “Легендарная съемка. Тахир Юлдаш и Ислам Каримов в Намангане в 1991 году” деб аталувчи мазкур видео ҳозир ҳам очиқ. Уни шу пайтга қадар қарийб 7 миллион томошобин кўрган.

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани прокурори А. Ғаниев томонидан тасдиқланган айблов хулосаси (нусхаси Озодликда мавжуд-таҳр.) да айтилишича, мазкур видео судга оид диншунослик экспертизаси хулосасига кўра, экстремистик, таъқиқланган ва конституциявий тузумга тажовуз қилишни ифодалайди.

Экспертлар фикрига кўра, Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарорига асосан экстремист деб тан олинганлар рўйхатида АҚШнинг Афғонистондаги аксилтеррор кучлари томонидан йўқ қилинган "Ўзбекистон исломий ҳаракати" етакчиси Тоҳир Йўлдош ҳам бор ва унинг ҳар қандай чиқиши ёки тасвирлари тузумга тажовуздир.

Ислом, Каримов ва Тоҳир Йўлдош. Наманган воқеаларига 30 йил тўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:25 0:00

Ижтимоий тармоқдаги мазкур очиқ видеода Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг норозилик намойиши ўтказаётган оломон ва уларнинг йўлбошчиси Тоҳир Йўлдош билан мулоқоти акс этган.

Митинг давомида Тоҳир Йўлдош ва унинг тарафдорлари мусулмонларнинг сиёсий ҳаётда иштирок этишига рухсат бериш, жума кунини дам олиш куни этиб белгилаш ва Ўзбекистонни исломий давлат деб эълон қилиш масаласини парламент муҳокамасига қўйиш сингари талабларни илгари суришади.

Президентликка номзод Ислом Каримов олдинроқ ҳокимият биносига йиғилган сайловчилар билан учрашмагани учун улардан кечирим сўрайди ва мусулмонларнинг талабларини тегишли равишда кўриб чиқиш, жумладан, Ўзбекистонни исломий давлат деб эълон қилиш масаласини депутатлар билан муҳокама қилишга ваъда беради.

Видеолавҳаларда ўша пайтдаги ҳукумат аъзолари, жумладан, Ислом Каримовнинг маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков ҳам акс этган.

Маҳкама жараёнини яқиндан кузатаётган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановга кўра, "муносиб хулқ-атворда бўлиш шарти билан" очиқда, суд мажлисларида иштирок этаётган чирчиқлик 31 яшар Севара Шайдуллаевага қўйилаётган конституциявий тузумга тажовуз қилиш айби "абсурддан бошқа нарса эмас".

“Модомики, мазкур видеони кўриш ва тарқатиш ўта оғир жиноят содир этишни келтириб чиқараркан, биринчидан, одамларни бу ҳақда огоҳлантириш керак. Иккинчидан, Олий суднинг тақиқланган экстремистлар рўйхатида Тоҳир Йўлдош бор, аммо унинг ҳар қандай сурати ёки тасвири экстремизм экани белгиланиши керак” дейди Ташанов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, қонуний таъқиблар амалиётидаги бундай ёндашув "жамиятнинг тоталитарлашуви ва ҳуқуқий нигилизмга олиб келади".

Форум

XS
SM
MD
LG