Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:55

Электри мунтазам узилаётган касалхонада бемор учун ўлгандан кейин дори сўралди (ВИДЕО)


ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН – “Отам сунъий нафас олиш қурилмасига уланган эди, аммо ҳар ярим соатда чироқ ўчиб турди”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:35 0:00

Қорақалпоғистонлик 59 яшар ўқитувчи электри ҳар куни узилиб турган касалхонада 14 кун комада ётиб вафот этди. Яқинларининг иддао қилишича, бемор ўлганидан кейин ҳам дўхтирлар унинг яқинларига дори ва егулик олиб келишни буюрган.

Тўрткўл туман Соғлиқни сақлаш бўлими расмийси касалхонада электр узилиб турганини тан олди ва касалхона движоги фақат жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган палатагагина мўлжалланганини айтди. Бу расмий марҳум учун дори сўралганига оид саволга жавоб беришга тайёр эмаслигини билдириш билан чекланди.

Туман Электр тармоқлари корхонаси ходими ҳам энергия таъминотида узилишлар бўлаётганини тан олди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:38 0:00
Бевосита линк

Тўрткўл туманидаги коллежлардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлаган 59 яшар Аминбой Ниёзимбетовнинг 9 ноябрь куни кундуз соат 2-3 ларда ўзининг Тикосида ишдан қайтаётиб Дўстлик қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида автоҳалокатга учрагани ва шундан кейинги воқеалар тафсилотини Озодликка унинг жияни, 30 яшар Аҳмад айтиб берди.

Ўнқир-чўнқир йўлда бошқарувни йўқотиб қўйиб, машинасини деворга урган Аминбой Ниёзимбетов автоҳалокат ортидан туман марказий касалхонасига ҳушсиз келтирилган ва 14 кун комада ётиб, 22 ноябрь куни вафот этган.

Марҳумнинг жияни Аҳмад ва укаси Рашид Озодликка касалхонада чироқ мунтазам равишда кунига 2-3 марта ўчиб турганини айтиб берди. Уларнинг айтишича, касалхонада электр узилганида фойдаланиш учун движок йўқ, беморни эса, сунъий нафас олдириш тизимига улаб қўйишган.

- Ўзимиз қўлимиз билан качать қилиб кислород бердик. Бошқа иложи йўқ. Свет йўқ. Амакимга ўхшаганлар кўп. Ҳеч кими йўқ одамлар, кислород берадиган одами йўқлар ўлиб кетаверади. Биз умид қилиб, отамизни 14 кун шундай сақладик, - деди Аҳмад. Бундай гапни марҳумнинг укаси Рашид ҳам айтди.

Марҳумнинг яқинлари Озодликка бу вазият акс этган видеони ҳам тақдим этди.

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН – “Отам сунъий нафас олиш қурилмасига уланган эди, аммо ҳар ярим соатда чироқ ўчиб турди”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:35 0:00

Аҳмаднинг айтишича, комада ётган амакиси 7 кун деганда қўлларини қимирлата бошлаган, 10- куни бироз кўзини ҳам очган.

- 14- куни бош врачнинг қабулига кирдик. Балки Тошкентдан врач чақиртириш керакдир, агар шундай бўлса, харажатини кўтарамиз, дедик. Бош врач бизни амаким ётган палатага бошлади. Борсак, амакимга қараётган дўхтир “ўлганига ярим соат бўлди”, деди, - деди Аҳмад.

Унинг айтишича, бош врачнинг қабулига киришдан 15, узоғи билан 20 дақиқа аввал улар (марҳумнинг яқинлари) даволовчи врач билан гаплашган, врач бемор учун дори ва ҳар кунгидай шўрва буюрган. (Аҳмад: “Шўрвани комада ётган амакимга оғзидан шприцда беришади деб тушунганман, лекин қандай беришганини кўрмаганман”.)

Аҳмад ва унинг амакиси Рашиднинг иддао қилишича, уларнинг “нега ўлганига ярим соат бўлган эса, сиз бизга 15 минут олдин, яъни ўлимдан кейин дори буюрдингиз?” деган саволига врач бундай жавоб берган:

“Беморнинг ўлганини ички ишлар ходимлари келганидан кейин айтишим керак, шунинг учун ўлганнинг ўлганини дарров айта олмайман, органдан одам келиши керак эди, шунинг учун айтмаётган эдим”.

Озодлик мухбири шу гапларни айтгани иддао қилинаётган врач билан боғлана олмади.

Аҳмад ва унинг амакиси Рашиднинг Озодлик билан алоҳида-алоҳида суҳбатларда айтишича, уларнинг комада ётган яқини Аминбой Ниёзимбетов учун врачнинг кўрсатмасига биноан, ҳар куни 600 минг сўмлик дори харид қилиб, касалхонага келтириб беришган.

Тўрткўл туман Соғлиқни сақлаш бўлими мудирининг Даволаш ишлари бўйича муовини Рашид Ражаббоев беморга унинг ўлимидан кейин дори буюрилганига оид саволга “менинг бу воқеадан хабарим йўқ”, деб жавоб берди.

Доктор Ражаббоев касалхона электр таъминотида узилишлар бўлаётганини тан олди. “Айрим вақтда бўлиб туради узилишлар, лекин движогимиз бор”, деди у. Движокнинг қувватига оид саволга жавобан, Ражаббоев унинг “операционний бўлим учун” эканлигини айтди.

Тўрткўл туман электр тармоқлари корхонасининг Озодлик қўнғироғига жавоб берган ходими электр узилишлари тўхтаганини айтди. Бироқ узилишлар қачондан тўхтатилди, деган саволга каловланиб, аниқ кунни айтиш учун махсус журнални очиши лозимлигини, журнал бош инженер хонасида эканлигини, хона эгаси эса, қанақадир мажлисга кетганини билдирди.

Ўзбекистонда электр энергияси таъминотидаги узилишлар йиллардан буён сурункали давом этмоқда. Ҳукумат бу муаммони ҳал қилиш учун АЭС ва қатор ГЭСлар қуриш режаларини эълон қилган.

XS
SM
MD
LG