Ҳаага округ суди Ҳаагадаги Доимий арбитраж судининг Россия ҳукуматидан собиқ ЮКОС нефть ширкати ҳақдорлари фойдасига 50 миллиард АҚШ доллари миқдорида товон пули унидириш тўғрисидаги қарорини бекор қилди, яъни Россия ҳукумати шикоят аризасини қондирди.
Бу ҳақда хабар қилган Россиядаги ахборот агентликларига кўра, Ҳаага округ суди ҳукми сўнгги қарор эмас. ЮКОСнинг собиқ акционерлари бугунги ҳукм устидан Ҳаага апелляция судига ва сўнгра Нидерландия Олий судига арз қилишлари мумкин.
2014 йилнинг 28 июлда эълон қилинган суд ҳукмида Россия 2004 йилда ЮКОС ширкатини тугатиб, унинг активларини кимошди савдосига қўйиш қарори билан 1991 йилги Халқаро Энергия Низомини бузган, деган хулоса берилган эди.
Ҳаага суди қарорида ЮКОСнинг катта қисмини сотиб олган давлатга қарашли Роснефть ширкати раҳбарияти Россия Президенти Владимир Путин билан биргаликда ширкатни йўқ қилишда иштирок этгани таъкидланган.
Маҳкамада шикоятчи сифатида иштирок этган Group Menatep Limited ширкати 114 миллиард АҚШ доллари миқдорида товон пули талаб қилган эди.
50 миллиард АҚШ доллари Ҳаага суди ундиришни қарор қилган энг катта товон миқдоридир.
Суд ҳукмига кўра, Россиядан Group Menatep Limited ширкатининг суд харажатларини қоплаш учун 65 миллион АҚШ доллари миқдорида ҳақ ундирилиши ҳам кўзда тутилган.
ЮКОС ширкати 10 йиллик қамоқдан кейин ўтган йили авф этилган Михаил Ходорковскийга қарашли бўлган. Ходорковский президент Владимир Путин ҳукумати тарафидан солиқдан бўйин товлаганлик ва маблағларни талон-тарож қилганликда айбланган.
2005 йилда Ходорковский ЮКОСдаги улушини Group Menatep Limited компаниясига сотган. Мазкур ширкат ЮКОСнинг собиқ раҳабарлари, жумладан Леонид Невзлинга қарашлидир. Душанба куни эълон қилинган суд қарори Ходорковскийга тааллуқли эмас.
Ҳаага арбитражи қарор қилиниши муносабати билан Роснефть эълон қилган баёнотда давлатга қарашли ширкат иштирок этган барча шартномалар Россия қонунчилигига асосан битилгани таъкидланган. Роснефть ўз ҳиссадорларига Ҳаага суди чирқаган қарор ширкатга тааллуқли эмаслиги ва унинг фаолияти ёки активларига таъсир қилмаслигини ишонч билан таъкидлади.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2014 йил 28 июль куни суд ҳукмига муносабат билдириб, Москва мазкур қарор устидан шикоят қилиш учун барча ҳуқуқий воситалардан фойдаланишини баён қилган эди.