Линклар

Шошилинч хабар
08 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:37

Киев: Россиянинг Азов денгизи тагидан чучук сув қазиб чиқариш режаси "аҳмоқона ғоя" (ВИДЕО)


Ишғол қилинган Қримда сув таъминоти билан боғлиқ вазият 2020 йилда жуда оғирлашди. Ҳаво қуруқ келиши ва қишда қор кам ёғиши қурғоқчиликка олиб келди, яриморолнинг асосий чучук сув манбаи бўлмиш Шимолий Қрим канали эса, мана етти йилдирки, тўсиб қўйилган.

Босиб олинган Қримдаги Россия маъмурияти Азов денгизи тагида чучук сув захиралари бўлиши мумкинлигини ва тез орада яриморолни сув билан таъминлаш мақсадида қазиб олинишини маълум қилди.

Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларни қайта интеграция қилиш масалалари бўйича вазир ўринбосари Игорь Яременко “Настояшчее Время” телеканалига берган интервьюсида Киевнинг мазкур ташаббусга муносабати ҳамда Украина қандай шартларда яриморолнинг чучук сув таъминотини тиклаши ҳақида сўзлаб берди.

Вазир ўринбосарининг фикрича, босиб олинган Қрим ҳукумати раҳбари Сергей Аксёновнинг Азов денгизи тагидан чучук сув қазиб чиқариш режаси “хаёлотдан бошқа нарса эмас” ва ишғол қилинган ҳудудлар аҳолисини овунтириш учун “шунақа чўпчакларни ўйлаб топишяпти”.

“2014 йилда ҳам ишғолчи ҳукумат қоп-қоп ваъдалар берган, жумладан, сув муаммосини ҳам яқин бир-икки йил ичида ҳал қилмоқчи эди – қани натижа? Аҳмоқона ғояларни жиддий юз билан муҳокама қилишяпти холос. Ҳа, мутлақо пуч ғоя бу”, дейди Яременко.

Унинг айтишича, айни вазиятда Украина томонининг Шимолий Қрим каналига сув ҳайдашни қайта бошлаши тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Яриморолнинг чучук сув таъминоти масаласи Украина Хавфсизлик кенгаши қарори ва президент фармони билан тасдиқланган Қримни ишғолдан озод қилиш стратегиясида ҳам аниқ-тиниқ кўрсатилган.

Чунончи, ҳужжатнинг 66-бандида канал орқали яриморолга сув юбориш Қрим ишғолдан озод бўлганидан кейингина тикланиши очиқ-ойдин кўрсатилган.

Яременкога кўра, Украинани Қримнинг сув таъминотига кўмаклашишга кўндиришнинг йўли бор, аммо буни Россия Федерацияси ҳукумати қабул қила оладими, йўқми, номаълум. Гап – Қримда гуманитар ҳалокат юзага келганини тан олиш ҳақида бормоқда.

“Агарда Россия яриморол аҳолисининг ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ гуманитар ҳалокатни тан олса ва бунга ишонч ҳосил қилиш учун халқаро ташкилотларнинг мониторинг ўтказишига рухсат берса, Украина Қримга чучук сув етказиб беришда халқаро гуманитар ташкилотларга кўмаклашиш имкониятини албатта кўриб чиқади”, дейди украиналик мулозим.

XS
SM
MD
LG