Линклар

Шошилинч хабар
22 феврал 2025, Тошкент вақти: 08:45

7 йилдан 23 йилгача. Алламжоновга суиқасд юзасидан ҳукм—суиқасд мотивлари очиқланмади


Комил Алламжоновга суиқасд. Коллаж.
Комил Алламжоновга суиқасд. Коллаж.

12 февраль куни Ўзбекистон Ҳарбий суди ўтган йил 26 октябрь тунида Президент Администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасд юзасидан 10 кишини узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилди.

Олий суд матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, Шуҳрат Расуловга 23 йил, Шоҳруҳ Ахмедовга 23 йил, Жавлон Юнусовга 18 йил 6 ой, Исмоил Жаҳонгировга 23 йил ва Дониёр Ташходжаевга 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Судланувчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг одам ўлдиришга қасд қилиш, қийноқ, тергов ишига аралашиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик, ҳокимият ваколатидан четга чиқиш, хорижга кириш-чиқиш қоидаларини бузиш сингари бир қанча жиноятларда айбланган.

Олий суд матбуот хизмати "қолган 5 нафар судланувчига қилмишига мувофиқ равишда турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинлангани"ни айтиш билан чекланган, уларнинг шахсини очиқланмаган.

23 йилга маҳкум қилинган Шуҳрат Расулов Президент хавфсизлик хизматининг собиқ мулозими, Дониёр Ташходжаев эса ўтган йил ноябрига қадар Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари эди. У айни лавозимда блогер Абдуқодир Мўминов иши ҳамда "Долзарб 40 кунлик" номини олган уюушган жиноий гуруҳ аъзоларига қарши жиноят иши терговига раҳбарлик қилгани маълум. Инсон ҳуқуқлари фаоллари Ташходжаев Тошкент ИИББ сида содир этилган қийноқлар учун масъул эканини таъкидлашади.

Алламжоновга суиқасд: ДХХ раиси ишдан олинди, “терговга тўсқинликлар”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:19 0:00

Ташходжаев 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қошида тузилган тергов гуруҳи аъзоси сифатида жиноят изини яшириш, жиноятчилар ҳақида ёлғон маълумотларни тақдим этишда айбланган.

Озодлик суриштирувлари Алламжоновга суиқасднинг асосий фигурантлари бўлган ва Олий суд хабарида номлари тилга олинган 5 нафар шахс Тошкентдаги норасмий "Офис" билан яқиндан ҳамкорлик қилганини ўртага чиқарган.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳукумати ва ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалари маҳаллий тадбиркорлар ва мулозимларга босим ўтказиб келгани айтилган "Офис"ни президент Мирзиёевнинг кенжа куёви ва президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Отабек Умаровга боғлашган.

Отабек Умаров ва бошқа расмийлар "параллел ҳукумат" ва "давлат ичидаги давлат" деб таърифланган Тошкентдаги "Офис" га доир халқаро матбуотда эълон қилинган маълумотларни шарҳлашмаган.

Маҳаллий матбуот Алламжоновга суиқасд ҳақидаги хабарларда Отабек Умаров ва "Офис" номини тилга олмай келади.

Олий суднинг расмий хабарида жиноят мотивлари очиқланмаган.

Суиқасд халқаро можарога ҳам сабаб бўлди. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Озодлик суриштируви жараёнида ўртага чиққан "чечен изи"ни рад этиб, Комил Алламжонов ва президент администрациясининг яна бир мулозими Дмитрий Лига ўз усулида "жавоб бериш" билан таҳдид қилган.

Ўзбекистондаги охирги парламент сайловлари бошланишидан бир неча соат аввал содир этилган ва мамлакатнинг янги тарихидаги энг шов-шувли сиёсий қотиллик уриниши сифатида кўрилган Алламжоновга суиқасд юзасидан расмийлар ҳозиргача бирон баёнот бергани йўқ.

12 февраль куни эълон қилинган ҳукмга муносабат билдирган Комил Алламжонов биринчи марта суиқасд ҳақида гапириб "ўтган 5 ой ичида ўзимдан ўтгани фақат ўзимга, оиламга, энг яқинларимга аён" деб ёзди.

Ўзининг расмий телеграм-каналидаги баёнотида Алламжонов "ҳақиқат юзага чиқишига" умид билдирган.

Озодликнинг Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасидаги манбасига кўра, ЖПКнинг 19-моддасига мувофиқ ёпиқ тарзда кўрилган маҳкамада асосий жабрланувчи — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 40 яшар собиқ мулозими Алламжонов Комил Исмоиловичнинг кўрсатмалари ўқиб эшиттирилган.

Озодлик манбаларига кўра, мазкур жиноят ишида гувоҳ сифатида ўтган ДХХ Ўз хавфсизлиги бошқармаси собиқ бошлиғи Алижон Ашуров ва бошқаларга доир жиноят иши алоҳида иш юритувига олинган.

Ўзбекистондаги ҳокимият учун курашда огоҳлантирувчи ўқ отилдими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:33:45 0:00

Алламжоновга суиқасд Ўзбекистон ДХХ ва ИИВсидаги йирик тозалаш амалиётига сабаб бўлган. Ўтган йил ноябрь ойи охирида ДХХ раиси Абдусалом Азизов, унинг Ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Алижон Ашуров ва яна ўнга яқин ходим, ИИВ ва Тошкент шаҳар ИИББнинг қатор мулозимлари ишдан олинган.

Улардан айримлари жиноят ишига жалб қилингани айтилади. Бироқ расмий хабарларда бу ишдан олишларнинг Алламжоновга суиқасдга алоқадорлиги ҳақида лом-мим дейилмайди.

СУИҚАСД ХРОНОЛОГИЯСИ

26.10.2024

Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжонов ўтирган машина Қибрай туманида номаълум шахслар томонидан ўққа тутилди. Бош прокуратура ҳодисада ҳеч ким жабрланмаганини айтган ва уни "суиқасд" деб атаган.

27.10.2024

Қибрайдаги суиқасд саҳнасидан яширинишга муваффақ бўлган ва Озодлик суриштирувида Фарғона водийсига қочгани ўртага чиққан Шоҳруҳ Аҳмедов билан шериги ўтирган машина Наталя Фен оиласига қарашли Фарғонадаги “Сеул” кафеси ёнидан топилган.

Тармоқларда Шоҳруҳ Аҳмедов ва Исмоил Жаҳонгировнинг суиқасдни бўйнига олган видеоси тарқалди.

Ўққа тутилган “Range Rover” ҳайдовчиси ва Алламжоновнинг қўриқчилари 15 суткага қамалди.

31.10.2024

Озодлик суриштирувида суиқасднинг “План А” ва “План Б” режалари ўртага чиқди.

10.11.2024

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Алламжоновга суиқасдда унинг қўли йўқлигини иддао қилиб чиқди.

20.11.2024

Жавлон Юнусовнинг фуқаровий рафиқаси Наталя Фен ҳибсга олинди.

22.11.2024

Интерпол Жавлон Юнусовни ўта оғир жиноятни содир этиш айблови билан ҳалқаро қидирувга берди.

23.11.2024

Жавлон Юнусов Жанубий Кореяда ушланди

Отабек Умаров Жанубий Кореяга шошилинч учиб кетди.

Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал Абдусалом Азизов лавозимидан бўшатилди.

ДХХ Ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, полковник Ашуров Алижон Ғаниевич ишдан олинди.

Шу куни ҳукумат, ДХХ ва ИИВнинг қатор юқори мартабали мулозимлари лавозимидан четлатилди. Улар жиноят изини яшириш, терговга тўсқинлик қилишда гумонлангани айтилмоқда.

25.11.2024

Жанубий Корея Жавлон Юнусовни Ўзбекистонга топширди.

Отабек Умаров президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари лавозимидан бўшатилди.

Бош прокуратура Комил Алламжоновга суиқасд ишида жами 7 киши гумонланаётганини маълум қилди.

Жавлон Юнусовнинг фуқаровий рафиқаси Наталя Фен ҳибсдан озод этилди.

26.11.2024

Президент хавфсизлик хизмати Ўз хавфсизлиги бошқармасининг собиқ бошлиғи Шуҳрат Расулов Алламжоновга суиқасд буюртмачиси сифатида ҳибсга олинди.

3.12.2024

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари полковник Дониёр Ташходжаев ҳибсга олинди.

3.12.2024

ДХХда янги тозалашлар. ДХХ ходимлари Узақов Ганчар Уммат ўғли, Музаффар Нурбаев, Тимур Шорихсиев ва Акмал Косболдиевлар, Озодлик манбаларига кўра, “Офис” билан яқиндан ҳамкорлик қилганликда гумонланиб, ишдан олинди.

17.12.2024

Суиқасд ишида чечен изи. Ўзбекистон Россия ватандошлари Бислан Расаев ва Шамил Темирхановни Интерпол қидирувига берди.

27.12.2024

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистон президенти администрациясининг Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжонов ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги бошлиғи Дмитрий Лига “барча ҳийла-найранглари, бўҳтон ва уйдирмалари учун” жавоб беришларини айтиб таҳдид қилди.

10.01.2025

Комил Алламжоновга қарши суиқасд иши ҳарбий судда кўрила бошланди.

Форум

XS
SM
MD
LG