Россияда вирусологлар COVID-19 нинг ҳиндий мутациясини аниқлаганларича йўқ. Мазкур штамм Ульяновск университетининг касалланган ҳинд талабаларида ҳам қайд этилмади. Шунга қарамай сўнгги ҳафтада Москва ҳамда Санкт-Петербургда “коронавирус” ташхиси билан ишфохонага ётқизилганлар сони ортиши кузатилмоқдаки, бу май таътилидан сўнг мамлакатда эпидемилогик вазият ёмонлашганини билдиради.
Ҳиндий мутация нафақат тез тарқалиши, балки асоратлари оғирлиги билан ҳам хавфлидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) кўра, B.1.617 мутацияси дунёнинг 49 мамлакатида аниқланган ва қолганларига ҳам ёйилиши мумкин.
ЖССТ ўтган ҳафтада, пандемия глобал кўламда тобора барқарорлашаётганини, яъни касалланишлар сони узоқ вақт давомида бир хилда сақланадиган паллага кирганини қайд этди. Одатда пандемия чекина бошлаши олдидан шундай бўлади. Янги касалланиш ва ўлим ҳолатлари статистикаси ҳам шундан дарак бермоқда. Бироқ пировардида шундай бўладими йўқми – мутахассислар ва вакциналар етишмаслиги, янги мутациялар ёйилиши хавфини назарда тутган ҳолда, ҳозирча аниқ айта олишмаяпти.
Бугунги кунда, COVID-19 билан касалланиш оқибатида 270 мингдан зиёд одам ўлиб, сўнгги бир ой давомида кунига 300 мингдан ортиқ янги ҳолат қайд этилаётган Ҳиндистондан ташқари икки минтақада – Европа ҳамда Америкада коронавирус эпидемияси забтига олмоқда.
Шу билан бирга, ЖССТ раҳбари Тедрос Гебреисусга кўра, бутун жаҳонда “юқори плато” – кунлик янги касалланиш ҳолатлари (ҳафтасига 5 миллиондан ортиқ) ҳамда ўлим ҳолатлари (ўтган ҳафтада – 90 минг нафар) барқарорлиги кузатилмоқда. Бироқ ушбу рақамлар, гарчи ўсиш бўлмаса-да, “йўл қўйиб бўлмас даражада катта”, дея таъкидлаган ЖССТ раҳбари.
COVID-19 беморларининг умумий адади май ойи ўрталарига келиб 160 миллион нафардан ошиб кетди, ўлимлар сони эса пандемия бошланганидан бери 3.5 миллион кишига етаёзган.
Янги мутация
Яқиндагина, қиш ўрталарида коронавируснинг британча ва Жанубий Африка штаммлари энг кўп хавф туғдирар эди.
Ҳиндий штамм ҳақида мутахассислар ҳали жуда оз нарса билади. Уларнинг аксарияти эмлаш инсонларни зарур даражада ҳимоялайди, деб ўйлаяпти, бироқ касалланганларда ўзгача ҳолат кўринмоқда. Ҳиндий мутация нафақат нафас олиш аъзоларини, балки меъда-ичак йўллари ва буйракни ҳам шикастлайди. Беморларда оғир интоксикация кузатилмоқда, айрим ҳолларда беморларнинг кўриш қобилиятидан айрилиши хавфи мавжуд.
ЖССТ маълумотига кўра, сўнгги ҳафтада дунёда рўйхатга олинган барча янги касалланиш ҳолатларининг қарийб ярмида, COVID-19 сабабли ўлимларнинг 30 фоизида айнан ҳиндий штамм айбдор.
Вируснинг янги турини касалликни бошидан кечирганлар ҳам, вакцина билан эмланганлар ҳам юқтириши мумкин. Иккинчи ҳолатда вакцина ҳарқалай асоратлардан сақлайди.
Ҳиндий штамм оқибатлари манзараси
Айни пайтда Ҳиндистон ўтган йилнинг баҳорида Италияда кузатилган вазиятни кечирмоқда: шифохоналар, ўликхоналар, крематорийлар бемор ва мурдаларга тўла. Дунё бўйича коронавирусдан ўлаётганларнинг ҳар учинчиси ҳиндистонликдир. Касаллик юқтириш авжига чиққан паллада кунига 400 мингдан ортиқ, сўнгги кунларда эса 300 мингдан зиёд янги ҳолат хатга олинган эди.
Вирус жўғрофиясининг кенгаяётгани хавотирларни орттиради: шу пайтга қадар янги ҳолатлар асосан беморларни даволаш учун яхшироқ шарт-шароитга эга катта шаҳарларга тўғри келган бўлса, ҳозирда вирус соғлиқни сақлаш тизими инқирозга ёмон тайёрланган ҳудудларга – қишлоқларга ҳам ёйилди.
Ҳиндистондаги расмий статистикага боқсангиз, бир қарашда ваҳимага сабаб йўқдек туюлиши мумкин. Чунки янги ҳолатлар сонининг минг нафар аҳолига нисбати Евроиттифоқ ҳудудида касалланиш даражаси энг юқори бўлган Чехияники билан деярли бир хил. Бироқ расмий рақамлар соғлиқни сақлаш тизимидаги чинакам аҳволни акс эттирмайди.
Ҳиндистонда ўлим кўплиги минг нафар аҳолига атиги 0.5 та касалхона койкаси тўғри келиши билан изоҳланади. Қиёслаш учун, Россияда бу рақам 13 карра юқори. Аммо COVID-19 туфайли юз бераётган ўлимлар сони Ҳиндистон билан Россияда тахминан бир хил: мос равишда 270 минг ва 250 мингдан ортиқ (апрель ойи охирларидаги маълумот).
ЖССТ Ҳиндистон касалхоналари учун тестлар, кислород аппаратлари ва бошқа зарур жиҳозлар сотиб олиш учун пул тўплаш кампанияси бошланганини эълон қилган.