Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:35

Коронавируснинг янги тури камида 33 мамлакатга тарқалди


Коронавируснинг илк маротаба Британияда аниқланган янги тури расман қайд этилган.
Коронавируснинг илк маротаба Британияда аниқланган янги тури расман қайд этилган.

Коронавируснинг илк маротаба Британияда аниқланган янги тури расман қайд этилган мамлакатлар сони 33 тага етди. Бу эса вируснинг янги штамми аллақачон кенг тарқалганидан далолат беради.

Британияда коронавирусга чалинганлар сони яна ўса бошлаганига вируснинг янги тури сабабчи бўлаётгани айтилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, коронавируснинг янги штамми янада тезроқ юқади.

Бу ҳолатга жавобан Буюк Британияда 1 январь кунидан бошлаб фавқулодда касалхоналар қайта ишга тушди, пойтахт Лондонда бошланғич мактаблар ёпилди.

Британия Соғлиқни сақлаш хизмати беморлар сони ошишига тайёргарлик кўрилаётганини билдирди.

1 январь куни АҚШда коронавирусга чалингани тасдиқланганларнинг умумий сони 20 миллиондан ошиб кетди. Мамлакатда вирусни юқтирганлар сони 19 миллионга етганига ҳали бир ҳафта бўлгани йўқ.

Ҳиндистон ва Бразилия, мос равишда, 10,2 миллион ва 7,6 миллиондан ортиқ вирусга чалиниш ҳолатлари билан АҚШ изидан бормоқда. 3,1 миллион ҳолат қайд этилган Россия эса тўртинчи ўринда бормоқда.

Бугунга қадар жаҳон бўйлаб коронавирус инфекциясидан нобуд бўлганлар сони 1,8 миллиондан ошди. Нобуд бўлганларнинг 346 мингдан зиёди АҚШга тўғри келади.

1 январь куни АҚШда бир суткада вирусдан 3,4 мингдан ортиқ одам нобуд бўлди. Соғлиқни сақлаш мутахассислари Рождество ва Янги йил байрамлари муносабати билан кўпчилик саёҳат қилаётгани ва бир дастурхон атрофда тўпланаётгани учун вирусга чалиниш ҳолатлари янада ўсишини кутиш мумкинлигини айтишмоқда.

АҚШнинг бир нечта штатидаги шифохоналар беморлар билан тўлиб кетган, сабаби мамлакатда коронавирусдан даволанаётганлар сони 125 мингдан ошиб кетган. Бу янги рекорд бўлиб, ўтган ойда қайд этилган кўрсаткичдан 25 фоизга юқоридир.

40 миллион аҳолиси бўлган Калифорния штатида ижтимоий йиғилишлар ва ишбилармонлик фаолиятига қўйилган қатъий чекловларига қарамай, вазият оғир бўлиб қолмоқда.

АҚШ ҳукумати 2020 йил якунигача 20 миллион америкаликни эмлашни режалаштирган эди. Аслида эса атиги 2,8 миллион одам икки дозали вакцинанинг биринчи дозасини олишга улгурди.

Флорида вируснинг янги штамми аниқланган навбатдаги АҚШ штати бўлди. Расмийларнинг таъкидлашича, вируснинг янги тури 31 декабрь куни яқин орада саёҳат қилмаган шахсда аниқланган.

Аввалроқ вируснинг янги штамми Колорадо ва Калифорния штатларида аниқланган эди.

Олимларнинг айтишича, вируснинг янги тури олдинги штаммларга қараганда янада юқумли, аммо унга чалинган беморлар орасида ўлим хавфи юқорироқ эмас. Қолаверса, янги штамм ишлаб чиқилган вакциналар таъсиридан холи эмас.

Ҳозирга қадар вируснинг янги тури 33 мамлакатда аниқлангани туфайли келгуси ойларда соғлиқни сақлаш тизимлари ва иқтисодиётга босим янада кучайиши ҳақида хавотирлар урчимоқда.

Жанубий Корея расмийлари Сеул ва унинг атрофидаги минтақаларда жорий қилинган чекловларни 17 январгача узайтиришни режаламоқда. Хусусан, пойтахтда тўрт кишидан кўп одам қатнашадиган йиғилишларга тақиқ қўйилади.

Япониянинг Nikkei газетасининг хабар беришича, Токио марказий ҳукуматдан коронавирус юқтириш ҳолатлари ўса бошлагани учун янгидан фавқулодда ҳолат жорий қилишни сўрайди.

Таиландда эса коронавирус юқтириш ҳолатлари давом этаётгани сабабли пойтахт Бангкокда мактаблар ва истироҳат боғлари ёпилмоқда.

XS
SM
MD
LG