Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:29

“Путин – ўғри!” Коррупция ва Навальний қамалишидан ғазаб Россия сиёсатини ўзгартириши мумкин - таҳлил


Путин режимига қарши ва Навальний ҳимоясига норозилик акцияси- Пермь, 23 январь, 2021
Путин режимига қарши ва Навальний ҳимоясига норозилик акцияси- Пермь, 23 январь, 2021

23 январь куни “Путин – ўғри!” шиори остида Россиянинг Узоқ Шарқидаги Владивостокдан тортиб то Болтиқ денгизидаги Калининградигача оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Норозилик акциялари мухолифат етакчиси Алексей Навальний ва Кремль ўртасидаги зиддият янги босқичга чиққанидан далолат бермоқда. Полиция бу намойишларни куч билан бостирди, 3 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинди.

Охирги норозилик чиқишлари 2017 йил мартида Навальний ўша пайт Бош вазир Дмитрий Медведевни порахўрликда айблаган ҳисоботидан кейинги норозилик чиқишларидан буён энг катта сиёсий акцияга айланган. Бу галги намойишларга шахсан президент Владимир Путиннинг бойликлари ҳақидаги ҳисобот сабаб бўлди.

Намойишлар ҳибсда сақланаётган Кремлнинг энг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний ташаббуси билан, уни озод қилиш талаби остида ўтган. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, “Путиннинг саройи” номли суриштирув Навальнийнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ норозиликка қўшилиб, келажакда Россиядаги сиёсий мувозанатни ўзгартириб юбориши мумкин.

Таҳлилчи Аббас Галямовнинг Озод Европа/Озодлик радосига айтишича, “намойишларга икки фарқли сабаб бор, лекин булар тобора уйғунлашиб кетмоқда. Навальний номи коррупцияга қарши кураш билан маънодош бўлиб қолмоқда”.

Россияликлар Навалнийни қўллаш учун TikTokдан фойдаланишмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:17 0:00

Халқ томонидан дастакланишига умид боғлаган Алексей Навальний 17 январь куни Германиядан Россияга учиб келганидан кейин ҳибсга олинганди. У шартли равишда қамоққа ҳукм қилинган шахс сифатида хориждалик пайти синов муддати шартларини бузганликда айбланмоқда. Адвокатларининг айтишича, у уч ярим йилга қамалиши мумкин. Германияга Навальний ўтган йил августида “Новичок” моддаси билан заҳарланиши ортидан олиб кетилган ва ўша ерда беш ой даволанганди. Навальний айнан Путин буйруғи заҳарланганини айтиб, тергов ҳибсхонасига олиб кетилишидан олдин россияликларни “кўчаларга чиқишга” чақирган.

Эртаси куни YouTubeга жойланган ва аллақачон 70 миллион мартадан кўп марта кўрилган видео суриштирувда Навальний «Путин ва унинг гумашталари бутун мамлакатни хонавайрон қилмагунча ўғирлашда давом этишини» айтган.

Қора денгиз соҳилидаги камида 1,36 миллиард долларга баҳоланган «Путин саройи» ошкор қилинган видеода “Россия улкан миқдорда нефть, газ, метал ва бошқа ресурсларни сотади, лекин халқнинг даромади тобора тушиб кетмоқда. Бунга сабаб эса Путиннинг мана шу саройидир”, дейди Навальний,

Россияликлар бу видеога жавобан қаттиқ совуққа қарамай камида 60 та шаҳарда, жумладан -52 градус совуқ бўлган Якутскда ҳам оммавий норозилик акциясига чиқди.

Полиция бу акцияларни куч билан бостирди, кўпгина фаолларни, жумладан Навальнийнинг рафиқаси Юлия Навальнаяни ҳам ҳибсга олган. ОВД-Инфо нашрига кўра, ўша куни ҳибсга олинганлар сони 3400 кишидан ошган.

Россия давлат телеканаллари намойишларни деярли ёритмаган, лекин ҳукуматпараст блогерлар Навальнийни вояга этмаганларнинг онгини чалғитиб, рухсат берилмаган оммавий йиғилишларда иштирок этишга ундаётганликда айблаган. Айнан шундай иддаоларни мухолифат ҳаракатини бадном қилмоқчи бўлган расмийлар ҳам бот-бот урғулайди.

“Улар ўз фарзандини кўчага олиб чиқмайди. Навальнийнинг фарзандлари айни дамда ҳатто Россияда ҳам эмас”, дейди РТ давлат телеканали олиб борган онлайн суҳбатнинг иштирокчиларидан бири.

Вояга етмаганлар оммавий равишда намойишларда қатнашгани деярли сезилмаган. Жумладан, Москванинг Пушкин майдонидаги намойишларда 40 минг одам қатнашган бўлса, улар орасида вояга этмаганлар деярли кузатилмаган. Мухбирларга “бир кўриш учун” келганини айтган 14 яшар болани кейинчалик полиция қўполлик билан олиб кетган.

Қаттиқ совуқ ва COVID-19 пандемиясига қарамай, Навальний норозилик намойишларига халқни чақириши ўзига хос таваккалчилик ва Путинга қарши норозилик кайфиятини бошқариш қобилиятини синаб кўриш деб баҳоланмоқда. Йигирма йилдан ошиқ Россияни бошқариб келаётган Путин 2024 ва 2030 йиллардаги навбатдаги президентлик сайловларида қайта сайланишига чекловларни ўтган йилги референдумда олиб ташлаган эди.

Кенг омма иштирок этган норозилик акциялари Навальний узоқ муддатли қамоқ жазосидан қутилишига олиб келиши ҳам ноаниқ. 2013 йилда Кремль ва Москванинг бошқа диққатга сазовор жойларида ўтказилган намойишлар Навальнийнинг беш йиллик қамоқ жазосининг ижроси тўхтатилишига олиб келганлиги айтилмоқда.

Навальнийнинг минтақавий штаблари раҳбари Леонид Волковнинг Озод Европа Радиоси/Озодлик ҳамда “Америка Овози”нинг қўшма нашри бўлмиш “Настояшчее время” каналига айтишича, “23 январдаги норозиликлар дарҳол натижа бермаса, яъни Алексей Навальний озод этилмаса, унда бундай акциялар яна ва яна қайтарилади.”

Рус мухолифат ҳаракатининг келажаги ҳам ноаниқлигича қоляпти, лекин хавфсизлик кучларининг намойишларни тўхтатиб қолишга қаратилган ҳафталаб давом этган ҳаракатларига қарамай, кўплаб одамлар кўчаларга чиқиши, салмоқли сондаги россияликлар тазйиқларга туриб бериш ниятида эканига ишора бўлиши мумкин.

Сиёсий таҳлилчи Татьяна Становаянинг фикрича, расмийлар “иккита катта - Навальнийни захарлаш ва уни қамаш каби - хатога йўл қўйган” бўлиб, бу хатолар Навальнийни четлаштирилиши ўрнига унинг таянч базаси янада кучайшига олиб келган.

Путин режимига қарши намойишлар бир вақтнинг ўзида кўпгина хориж давлатларида ҳам бўлиб ўтган. Чехия пойтахти Прагадаги намойиш - 23 январь, 2021
Путин режимига қарши намойишлар бир вақтнинг ўзида кўпгина хориж давлатларида ҳам бўлиб ўтган. Чехия пойтахти Прагадаги намойиш - 23 январь, 2021

“Ҳақиқий мухолифатни четлаштиришга қаратилган Кремлнинг йиллар давомидаги барча саъй-ҳаракатлари бир кунда чиппакка чиқди”, деб ёзади Становая ўзининг Telegram каналида.

Полициянинг кескин ҳаракати ҳамда ҳибсга олинганлар сони катталиги ҳафталаб чўзилиб кетиши мумкин бўлган шиддатли тўқнашувларга ишора қилмоқда.

Бу орада пандемия ва иқтисодий инқироз даврида ҳукуматнинг аҳолига етарли даражада ёрдам кўрсатмагани боис Путиннинг халқ орасидаги обрўйи тушиб кетган. Президент ўтган ойларда асосий вақтини Москва четидаги қароргоҳида ўтказди ва деярли кўриниш бермади

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков “ёлғон” деб баҳолаган «Путин саройи» ҳақидаги суриштирув ҳақида ҳам Путин ҳозирча сукут сақламоқда.

“Ташаббус Навальнийнинг қўлида, давлат ўзини ҳимоя қиляпти, холос”, дейди вазият ҳақида таҳлилчи Галямов.

XS
SM
MD
LG